Д. Ҳагари: Исроил армияси шанбага ўтар кечаси Ғазонинг шимолий қисмига кирди
Исроил армияси расмийси Даниел Ҳагари Исроил мудофаа кучлари шанбага ўтар кечаси Ғазо секторида ҲАМАС ва уларнинг инфратузилмасини йўқ қилишга қаратилган қуруқликдаги операцияларни “сезиларли даражада кенгайтиришини” айтган эди.
Шанба кунги брифингида Ҳагари Исроил армияси шанбага ўтар кечаси Ғазонинг шимолий қисмига кирганини тасдиқлади.
“Ғазо секторини биз жанглар билан босқичма-босқич ўтмоқдамиз. Кеча кечқурун ЦАХАЛ кучлари Ғазо сектори шимолига кириб, дала амалиётларини кенгайтирди. Бу операцияда пиёдалар, зирҳли техника, муҳандислик ва артиллерия қўшинлари отишма билан бирга олиб борилмоқда. … Миллий хавфсизлик кучлари ва ЦАХАЛ яна ҲАМАС қўмондонлари ва террорчилар қўмондонларини ўлдиришга муваффақ бўлди. Улар орасида 7 октябр воқеаларини режалаштиришда иштирок этган ҳаво кучлари раҳбари ҳам бор. Бундан ташқари, биз Ғазо денгиз кучлари қўмондони ва бошқа қўмондонларни ўлдирдик", деди контрадмирал Даниэл Ҳагари.
Ҳагари Исроил жанубга кўчиб келган ғазоликлар учун инсонпарварлик ёрдамини кенгайтираётгани, озиқ-овқат, сув ва дори-дармонларни ташиш учун кўпроқ юк машиналарига рухсат беришини қўшимча қилди.
Икки америкалик мулозимнинг CBS News телеканалига айтишича, Исроилнинг Ғазодаги “кенгайтирилган” ҳарбий амалиётлари қуруқликдаги ҳужумнинг бошланиши бўлиб кўринади, бироқ операция кўлами ҳали аниқ эмас.
Аввалроқ The New York Times газетаси Исроил вазирлар маҳкамасидаги манбаларига таяниб, қуруқликдаги операция режаси тайёр бўлганини, бироқ бош вазир Бенямин Нетаняху агар ҳужум катта қурбонлар келтирса, рейтинги тушиб кетишидан қўрқиб, уни имзолашни кечиктираётгани ҳақида хабар берган эди.
Исроил кучлари Ғазо шимолида жанг қилмоқда
28 октябр, шанбага ўтар кечаси Исроил қуруқликдаги кучлари ва авиацияси ҲАМАС назорати остидаги Ғазо секторига ҳужумларини кучайтирди. Фаластин қуролли гуруҳлари Исроил аскарлари билан тўқнашувлар ҳақида гапирмоқда.
Исроил мудофаа кучлари Ғазодаги жангарилар жойлашган 150 нишонга ҳужум қилганини маълум қилди. Уч ҳафта олдин Исроил жанубида параплан ҳужумига масъул бўлган ҲАМАС қўмондонларидан бири ўлдирилди.
Исроил армияси Ғазо секторидаги қуруқликдаги операцияларни кенгайтириш тўғрисидаги эълонидан сўнг, фаластинликлар хабарича, Исроилнинг қуруқликдаги кучлари ва танклар анклавга бостириб кирган.
Бу ҳақда The Times of Israel ва New York Times нашрлари хабар берди.
Исроил армияси воизи Нир Динорнинг маълум қилишича, Ғазо секторида Исроил қўшинларининг бир қисми жанг қилмоқда.
Туркияда Исроилга қарши оммавий норозилик намойишлари
Шунингдек, Истанбул, Анқара, Адана ва Диярбакирда турклар Исроилга қарши намойишларга чиқди.
Тармоқларда Туркияда намойишчилар гўё Исроил молиялаштираётган Американинг Starbucks қаҳвахоналарини вайрон қилишаётгани кадлар тарқалмоқда.
Исроилнинг Истанбулдаги дипломатик ваколатхонасига катта оломон келиб, бинога салют отишни бошлади.
Бундан ташқари, айни пайтда Иордания пойтахти Уммон шаҳрида, мамлакат консуллиги олдида Исроилга қарши намойишга минглаб одам йиғилди.
Ғазо сектори билан алоқа узилди
Ғазо секторидаги энг йирик телекоммуникация хизматлари провайдери Paltel га кўра, давом этаётган кучли бомбардимон туфайли Ғазо секторида барча телекоммуникация хизматлари, жумладан, стационар, мобил алоқа ва интернет йўқолган.
“Ғазо сектори ҳозирда электр таъминотисиз”, — дейилади хабарда.
Қизил Ярим Ой Жамияти Ғазодаги оператив штаб-квартираси ва у ерда ишлаётган гуруҳлар билан алоқани бутунлай йўқотганини маълум қилди. ҲАМАСга алоқадор оммавий ахборот воситалари ҲАМАС томонидан бошқариладиган Ғазо ҳукуматининг қутқарув гуруҳлари фавқулодда қўнғироқларга жавоб бера олмаётгани ҳақида баёнот тарқатди.
"Medecins Sans Frontieres" ("Чегара билмас шифокорлар") Х ижтимоий медиа платформасида баъзи фаластинлик ҳамкасблари билан боғлана олмаганини айтмоқда.
"Биз айниқса, Ал-Шифа касалхонаси ва бошқа соғлиқни сақлаш муассасаларида бошпана олаётган беморлар, тиббиёт ходимлари ва минглаб оилалар учун хавотирдамиз", дея баёнот берди ташкилот.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) раҳбари Кетрин Расселнинг айтишича, унинг агентлиги ҳам Ғазо секторидаги ходимлар билан алоқа қила олмаяпти.
Исроил ўз амалиётларини кучайтираётганини эълон қилар экан, Оқ Уй сўзчиси Кирби АҚШ Исроилнинг Ғазо секторидаги тинч аҳолига гуманитар ёрдам, ёқилғи ва электр энергияси етказиб бериш учун ҳарбий ҳаракатларни тўхтатилишини қўллаб-қувватлашини айтди.