Миср шимолида иккита дрон портлади. Исроил ҳутийларни айбламоқда
Миср армияси жума куни дронлар Мисрнинг Қизил денгиз бўйидаги иккита шаҳрини ларзага келтирган портлашларга сабаб бўлганини маълум қилди.
Портлашлар олти кишини жароҳатлади ва Исроил ва Ғазо сектори ўртасидаги можаро минтақада вазиятни янада таранглаштириши мумкинлигини кўрсатди.
Исроил Ташқи ишлар вазирлиги Эрон томонидан қўллаб-қувватланган ҳутийлар “Исроилга зарар етказиш мақсадида” учувчисиз мосламаларни ва ракеталарни учирганини айтди.
Миср ҳарбий воизи полковник Ғариб Абдел-Ҳофизнинг маълум қилишича, Қизил денгиз жанубидан шимол томон йўналтирилган иккита дрон учирилган. Яман денгизнинг жанубий қирғоғида, Исроил эса шимолда жойлашган.
Жума куни эрта тонгда битта дрон Мисрнинг Исроил билан чегарадош Таба шаҳридаги касалхонага туташган бинога қулаб тушди ва олти киши жароҳат олди, деб хабар қилди Миср ҳарбийлари.
Мисрнинг маълум қилишича, жума куни эрталаб Миср ҳаво ҳудуди ташқарисида иккинчи дрон уриб туширилган, унинг қолдиқлари Исроил чегарасидан 70 км узоқликда жойлашган Нувайба шаҳридаги чўл ҳудудига қулаб тушган.
Мисрнинг Синай ярим оролидаги машҳур сайёҳлик жойлари саналмиш Таба ва Нувайба шаҳарларидаги гувоҳларнинг айтишича, улар портлаш овозини эшитган ва кўтарилган тутун томон учаётган Миср ҳарбий учоқларини кўрган.
ABC News Исроил армияси вакилига таяниб: Ғазодаги кенгайтирилган операция қуруқликдан бостириб кириш эмас
Жума куни кечқурун қўшинлар Ғазо секторига қуруқликдан бостириб киришни бошладими, деган саволга Исроил мудофааси вакили Питер Лернер ABC News телеканалига шундай деди:
"Биз жойларда оптимал оператив шароитларни яратиш учун тозалаш амалиётларини ўтказмоқдамиз. Шу сабабли биз танкларга қарши пистирма, кузатув пунктларини йўқ қилмоқдамиз ва Ғазо секторининг олд чизиғида ёки чеккасида аниқланган террорчилар билан жангларга киришяпмиз," деди у ва қўшинлар "бу ҳаракатларни бир неча кундан бери амалга ошираётганини билдирди.
Ғарбий Соҳилда норозилик чиқишлари
Жума куни фаластинликлар Ғарбий Соҳил кўчаларига чиқиб, Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий амалиётларини кенгайтираётганига норозилик билдирди.
Исроил ҳаво ва қуруқлик кучлари Ғазо секторидаги операцияларни кучайтирмоқда, дея хабар берди Исроил бош ҳарбий воизи жума куни қамалдаги анклавни кучли бомбардимон қилишлари ҳақида хабарлар ортидан.
Маҳаллий телекоммуникатсия компанияси ва Қизил Ярим ой жамияти хабарига кўра, Фаластин бўйлаб интернет ва мобил алоқа узилган, ҳаво кучлари туннеллар ва бошқа инфратузилмаларга кенг кўламли ҳужумлар уюштирмоқда.
Исроилнинг асосий кучлари ҳозирча Ғазодан ташқарида қолмоқда.
БМТ зудлик билан гуманитар сулҳ тузишга чақирувчи резолюция қабул қилди
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 27 октябр, жума куни кўпчилик овоз билан Исроил ва Фаластиннинг ҲАМАС жангарилари ўртасида зудлик билан гуманитар сулҳ тузишга чақирди ва қамалдаги Ғазо секторига ёрдам олиш ва тинч аҳолини ҳимоя қилишни талаб қилди.
Араб давлатлари томонидан ишлаб чиқилган резолюция мажбурий эмас, лекин 7 октябр куни ҲАМАСнинг исроиллик тинч аҳолига ҳужумига жавобан Исроил Ғазо секторида қуруқликдаги операцияларни кучайтирар экан, сиёсий аҳамиятга эга.
Овоз бериш натижалари олқишлар билан кутиб олинди: 120 киши ёқлади, 45 киши бетараф, 14 киши, жумладан Исроил ва АҚШ қарши овоз берди. Хавфсизлик Кенгаши сўнгги икки ҳафта ичида тўрт марта чора кўрмаганидан кейин Бош Ассамблея овоз берди.
Канаданинг резолюцияга “ҲАМАС террор ҳужумлари... ва гаровга олиш”ни қоралашни ўз ичига олувчи ўзгартириш таклифи зарур бўлган овоз йиға олмади: 88 киши ёқлаб, 55 нафари қарши ва 23 нафари бетараф бўлди.
Бош Ассамблея Исроилни Ғазо фуқароларини анклав жанубига кўчириш ҳақидаги буйруқни бекор қилишга чақирди. 12 октябр куни Исроил тахминан 1,1 миллион ғазоликларга, яъни аҳолининг деярли ярмини жанубга кўчиришни буюрди.
Бош Ассамблея, шунингдек, “Фаластин тинч аҳолисини мажбуран ўтказиш бўйича ҳар қандай уринишларни қатъий рад этишини” билдирди.
Бош Ассамблея “қонуний асирга олинган барча тинч аҳолини зудлик билан ва шартсиз озод қилишга” чақирди. Матнда ХАМАС ҳақида сўз юритилмаган.
Араб давлатлари таклиф қилган дастлабки резолюция лойиҳасида зудлик билан ўт очишни тўхтатиш талаб қилинган.
Исроил ўт очишни тўхтатиш чақириқларини рад этди.