ОАВ: Исроил Ғазодаги қуруқлик амалиётини бошлади
Хабарларга кўра, Исроил Мудофаа вазирлиги ва армияси - ЦАХАЛ Ғазо бўлгасидаги қуруқлик амалиётини бошлаган.
Айни пайтда ABC News Исроил армиясидаги расмий манбага таяниб, бу ҳали қуруқликдаги амалиёт эмаслиги балки “кенгайтирилган” ҳужум экани ҳақида ёзди.
БМТ Бош ассамблеяси Фаластин-Исроил можароси ҳудудида зудлик билан сулҳ тузишга чақирувчи резолюцияни қабул қилди. 120 давлат резолюцияни ёқлаб чиқди, 14 давлат қарши чиқди, 45 давлат бетараф қолди.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу телемурожаатида Исроил армияси қуруқликдаги ҳужумга тайёргарликни давом эттираётганини билдирган, бироқ амалиёт бошланишига оид аниқ санани айтган эмас.
Reuters агентлиги куни кеча Исроил қақшаткич жанговар ҳаракатларга ҳозир экани, бироқ мамлакат расмийлари ҲАМАС назорати остида бўлган Ғазо сектори билан нима қилиш ҳақида тасаввурга эга эмасларини ёзган эди.
Бундан ташқари, қуруқликдаги амалиёт ҲАМАС гаровда ушлаб турган кишиларни озод қилиш бўйича музокараларга вақт бериш учун АҚШ илтимосига кўра кечиктирилгани айтилган эди.
Исроил ТИВ вакили Amnesty International’ни "антисемит ташкилот" деб атади
Вазир Саидов Яқин Шарқ давлатлари элчилари билан Ғазо масаласини муҳокама қилди
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов 27 октябрь куни Тошкентдаги ТИВ биносида Бирлашган Араб Амирликлари, Жазоир, Иордания, Кувайт, Миср, Қатар, Фаластин, Саудия Арабистони ва Исроилнинг Ўзбекистондаги элчиларини қабул қилган. Бу ҳақда вазир Саидов ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.
Мулозимга кўра, у яқин шарқлик дипломатлар билан бошқа масалалар билан бир қаторда Ғазо секторидаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашган.
“Биз яна бир бор барча томонларни тинч аҳоли орасида минглаб инсонлар, жумладан, болалар қурбон бўлаётган қуролли можарони тўхтатишга, ечим топиш учун фақат дипломатик воситалар ва халқаро ҳуқуқ меъёрларидан фойдаланишга чақирамиз”, дейилган Бахтиёр Саидов хабарномасида.
Аввалроқ Озодлик Ўзбекистон ТИВ 18 октябрь куни Ғазо секторидаги “Ал-Аҳли” касалхонасига уюштирилган ҳужумни кескин қоралаб, баёнот тарқатгани ҳақида хабар қилган эди.
ҲАМАС гаровдагиларнинг 50 нафари ҳалок бўлганини маълум қилди
Фаластиндаги ҲАМАС радикал гуруҳи вакили Абу Ҳомид “Коммерсантъ” газетасига “Исроилнинг Ғазо секторидаги бомбардимонлари натижасида шу пайтгача 50 нафар асир ҳалок бўлган”ини маълум қилди.
Газета манбаси 26 октябрь куни ҲАМАС сиёсий бюроси аъзоси Абу Марзук бошчилигида Россия пойтахтига борган делегация таркибида бўлган.
Абу Ҳомид ҲАМАС урушнинг илк кунларидан “фуқаровий асирлар”ни озод қилиш ниятини билдиргани, аммо гуруҳга 7 октябрь куни Ғазога келиб қолганларни қидириб топиш учун вақт кераклигини урғулаган.
ҲАМАС вакили Россияни “Фаластин халқи учун дўст мамлакат” деб атаган. Унга кўра, Исроил томони ўт очишни тўхтатмас экан, гаровдагилар озод қилинмайди.
Исроил расмийлари 23 октябрь куни ҲАМАС жангарилари 222 нафар кишини гаровда тутиб туришгани ҳақида маълум қилган эди. Ўша баёнотдан кейин радикал гуруҳ исроиллик икки қари аёл – 85 ёшли Йохевед Лифшиц ва 79 ёшли Нурит Куперни озод қилгани билдирилган.