АҚШ: Яқин Шарққа АҚШдан F-16 қирувчи учоқлари эскадрильяси борди
АҚШ қамалдаги Ғазо сектори аҳолисини озиқ-овқат, сув, дори-дармон ва электр энергияси билан хавфсиз таъминлаш учун Исроил-Ҳамас урушида гуманитар пауза қилишга чақирди.
«Бошидан айтганимдек, биз тинч аҳолини ҳимоя қилишнинг барча чораларини кўришни хоҳлаймиз. Вақтинчалик пауза буни амалга оширишга имкн беради. Бу ўт очишни тўхтатиш дегани эмас. Ўт очишни тўхтатиш Ҳамас учун қўл келади деб ҳисоблаймиз”, деди Жон Кирби.
Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроил ҳаво ҳужумлари натижасида бир кечада 700 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлганини маълум қилганидан кейин, Ғазога ёрдам кўрсатиш бўйича халқаро босим кучайди.
"Ёнилғи Ғазодаги ҳаёт ва барқарорлик учун, у ердаги Фаластин халқи учун муҳим эканлигини бот-бот айтяпмиз. Биз Ғазога ёнилғи келишини давом эттириш учун ҳаракат қиламиз. Бироқ, кеча айтганимдек, Исроилнинг Ҳамас ёнилғини қўлга киритиб, ўз мақсадлари йўлида фойдаланилиши ҳақидаги хавотирларини ҳам албатта тушунамиз. Чучук сув олиш учун Ғазодаги сув тозалаш насосларини ишлаши керак. Буларнинг барчаси муҳим ва биз минтақадаги ҳамкорлар билан ёнилғини олиб кириш устида ишлаяпмиз”, деди Жон Кирби, Оқ уй матбуот котиби.
Исроилнинг БМТдаги доимий вакили БМТ бош котиби истеъфосини талаб қилди
24 октябрь куни Нью-Йоркда БМТ Хавфсизлик кенгашининг Яқин Шарқдаги можаро юзасидан йиғилиши бўлиб ўтган. Ташкилот бош котиби Антониу Гутерриш ҲАМАСнинг Исроил жанубига уюштирган ҳужумини “мудҳиш” деб атаган, бироқ шу билан бирга ҳужум “йўқ ердан келиб чиқмагани”ни қайд этган. БМТ бош котибига кўра, Ғазо секторидаги Фаластин аҳолиси бир неча ўн йилдан буён зўравонликка дучор бўлган, иқтисодиёт барбод қилинган, одамлар эса кўчирилган.
Бунга жавобан Исроилнинг БМТдаги доимий вакили Гутерришнинг истеъфосини талаб қилган. Исроил фуқароларига қарши амалга оширилган, устига устак террорчи деб эълон қилинган ташкилот томонидан амалга оширилган энг даҳшатли хатти-ҳаракатларни тушунишини айтаётганларни ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди ёки улар билан гаплашишнинг маъниси йўқ”, деб ёзган Гилад Эрдан X (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида.
Ўз навбатида, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен БМТ Хавфсизлик кенгашида қилган чиқиши чоғида мажлис иштирокчиларини ҲАМАС ва одамларга ҳужум қилаётган бошқа гуруҳларни қуроллантираётган ва дастаклаётган мамлакатларни қоралашга чақирган. Блинкен жиҳодчиларнинг 7 октябрдаги ҳужуми натижасида ҳалок бўлганлар орасида 30 дан зиёд мамлакат фуқаролари ва камида 33 нафар америкалик бўлганини эслатган.
Исроил маркази ва жануби Ғазо тарафидан шиддатли равишда ўққа тутилди
Исроил маркази Ғазо сектори томонидан ракета зарбасига тутилиши натижасида Тель-Авивда беш киши жароҳатланган. Бу ҳақда The Jerusalem Post нашри хабар қилди.
Исроил тез тиббий ёрдам хизматига кўра, 24 октябрь куни Тель-Авивнинг Ғазо тарафидан ўққа тутилиши 7 октябрдан буён энг шиддатлиси бўлган. Ўшанда Фаластиндаги ҲАМАС ва “Исломий жиҳод” радикал гуруҳларининг Исроил жанубига қилган ҳужумларига жавобан Исроил армияси “Темир қиличлар” деб номланган ҳарбий амалиётни бошлаган эди.
Кеча ҳаво тревогаси сигнали Исроил жанубида ҳам янграган. Маълумотларга кўра, “Темир қубба” аксилракета мудофаа тизими ишга туширилган. Тураржой биноларига ракета тушиши оқибатида бир неча киши яраланган, қурбонлар ҳақида маълумот берилмаган.
Исроил ўзининг шимолий ҳудудлари ҳам муҳтамалан Ливан ва Сурия томонидан ўққа тутилганини маълум қилган.
Ғазо секторини ўз назоратида ушлаб турган ҲАМАС гуруҳи Исроил шаҳарлари кучли ракета зарбасига тутилгани ҳақида маълумот тарқатган.
Макрон “Ислом давлати”га қарши кураш коалициясини кенгайтириб, уни ҲАМАСга қарши қўллашни таклиф қилмоқда
Франция президенти Эммануэль Макрон Ироқ ва Сурияда “Ислом давлати” террор гуруҳига қарши кураш олиб бораётган халқаро коалицияни кенгайтириб, уни Ғазо секторидаги ҲАМАС жангариларига қарши курашга йўналтиришни таклиф қилди.
Қуддус шаҳрида 24 октябрь куни Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху билан биргаликда чиқиш қилган Макрон Франция ва Исроил террорчиликни “умумий душман” деб билишларини урғулаган.
Макрон минтақадаги зиддият хатарларидан ҳам огоҳлантириб, ҲАМАСга қарши кураш “аёвсиз бўлиши лозим”лиги, бироқ “тартиб-қоидасиз бўлмаслиги керак”лигини таъкидлаган.
Айни пайтда Франция президенти ўнлаб мамлакатни ўз ичига олган АҚШ етакчилигидаги коалициядан ҲАМАС жангариларига қарши курашда қандай фойдаланиш мумкинлигига тўхталмаган.