Линклар

Шошилинч хабар
20 декабр 2025, Тошкент вақти: 07:20

ҲАМАС - Исроил уруши. Ғазо сектори жанубида жанглар бормоқда

7 октябрь куни эрта тонгда Фаластиннинг радикал ҲАМАС гуруҳи Исроил ҳудудига кутилмаганда кенг кўламли ҳужумни амалга оширди.

ҲАМАС қуролли отрядлари Исроил ҳудудига ўтиб, бир неча аҳоли пунктларини назорат остига олди.

Исроил ҳудуди ўнлаб оммавий ракета ҳужумлари амалга оширилди.

14:11 24.10.2023

ҲАМАС исроиллик икки нафар ёши катта аёлни гаровдан озод қилди

Исроил бош вазири девонхонаси 23 октябрь оқшоимида ҲАМАС жангарилари гаровда бўлган икки исроиллик аёл – 85 ёшли Йохевед Лифшиц ва 79 ёшли Нурит Куперни озод қилишганини тасдиқлади. Улар Рафаҳ чегара пункти орқали Ғазодан Мисрга олиб чиқиб кетилган ва исроиллик ҳарбийларга топширилган.

ҲАМАС гаровдаги аёллар “асосли гуманитар сабаблар”га кўра ҳамда Миср ва Қатар воситачилигида озод қилинганини билдирган.

Иккала аёл эрлари билан ҲАМАС 7 октябрь куни Исроилнинг жанубий ҳудудларига ҳужум қилган пайтда Ғазо чегараси яқинида жойлашган Нир-Оз қишлоғидаги уйларидан ўғирлаб кетилган. Уларнинг эрлари ҳалигача гаровда тутиб турилибди.

85 ёшли Йохевед Лифшицнинг невараси Даниэль Лифшиц Reuters агентлигига бувиси тинчлик ҳаракати фаоли бўлганини айтган. Даниэлга кўра, бувиси ва бобоси узоқ йиллардан бери Ғазодаги фаластинликларнинг Исроил касалхоналарида муолажа олишларида кўмаклашиб келишган.

Айни пайтда Йохевед Лифшиц ҳам, Нурит Купер ҳам Тель-Авивдаги Ихилов касалхонасида кўрикдан ўтишмоқда.

Исроил расмийлари 23 октябрь куни тарқатган маълумотга кўра, ҳозирда ҲАМАС жангарилари 222 нафар кишини гаровда тутиб туришибди. 21 октябрь куни ҲАМАС америкалик икки аёл - Жудит Раана ва унинг қизи Наталини озод қилган эди.

11:08 24.10.2023

Жон Кирби: “Ғазода АҚШ фуқароси бўлган бир неча юз нафар киши бор”

АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти тинч аҳоли вакиллари, айниқса АҚШ фуқароларининг Ғазодан хавфсиз чиқиб кетишини таъминлашга уринмоқда.

“Биз ҳали-ҳамон тинч аҳоли вакиллари, айниқса, бизга маълум бўлишича, Ғазода юрган ва уни тарк этмоқчи бўлган америкалик бир неча юз фуқаронинг сектордан хавфсиз чиқиб кетишини таъминлашни истаймиз”, деган Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик коммуникациялар бўйича мувофиқлаштирувчиси Жон Кирби. Бу ҳақда “Америка овози” хабар қилди.

Кирби йўлланишда давом этаётган гуманитар ёрдам ва унинг минтақага етказилишини “ўта муҳим” эканини таъкидлаган. Мулозимга кўра, ёрдам юки Ғазога “имкон қадар тезроқ, максимал ҳажмда ва Исроил қуруқликдаги амалиётини ўтказиш-ўтказмаслигига қарамай” етиб бориши лозим.

АҚШ маъмурияти гуманитар ёрдамнинг бир қисми ҲАМАС тузилмаларига йўналтирилиши мумкинлигига оид хавотирларга қўшилади. Бироқ, Кирбига кўра, ҲАМАС гуманитар ёрдамни бемалол олиш имкониятига эгалигига далил йўқ.

10:14 24.10.2023

Исроил Ғазода кутилаётган амалиётнинг бекор қилиниши шартларини очиқлади

Исроил армиясининг Ғазо секторида кутилаётган қуруқликдаги амалиёти фақат ҲАМАС жангарилари гаровдаги барча кишиларни озод қилиб, қуролларини ташлаганидагина бекор қилиниши мумкин. Бу ҳақда Исроил армияси расмийси Жонатан Конрикус Австралиянинг ABC корпорациясига берган интервьюсида билдирди.

“Агар ҲАМАС фуқаролар орқасига беркиниб ўтирган ерларидан чиқиб, гаровда бўлган фуқароларимизни қайтариб, ҳеч қандай шарт қўймасдан таслим бўлса, ўшанда уруш тугайди”, деган Конрикус.

Унга кўра, бу урушдан мақсад бошқа ҳеч қачон исроилликларга таҳдид қила олмаслиги ва 7 октябрдаги каби босқинни такрорламаслиги учун ҲАМАСни йўқ қилишдир.

Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант ҲАМАСга қарши ҳарбий кампания “бир, икки, уч ой”га чўзилиб, радикал гуруҳни тўлалигича йўқ қилиш билан якунланишини билдирган.

“Бу бизнинг Ғазодаги сўнгги маневр амалиётимиз бўлиши керак, сабаби ундан кейин ҳеч қанақа ҲАМАС бўлмайди”, дея қўшимча қилган у. Галлант Исроил ҳарбий-ҳаво кучларига ташаккур изҳор этиб, кейинги босқич, яъни қуруқликдаги амалиёт “яқинда бошланиши”ни қайд этган.

Амалиётнинг қачон бошланиши ҳали аниқ эмас. Аввалроқ қуруқликдаги амалиёт ҲАМАС томонидан тутиб турилган гаровдагиларни озод қилиш ҳақида музокара олиб боришга вақт бериш учун АҚШ илтимосига кўра кечиктирилгани маълум қилинган эди.

The New York Times нашрининг ўз манбаси сўзларига таянган ҳолда ёзишича, ҲАМАС томонидан икки нафар америкаликнинг озод қилиниши АҚШни Ғазо секторидаги қуруқликдаги амалиёт бошланишини ортга суришни қаттиқроқ талаб қилишга мажбур қилган. Нашрнинг музокаралар жараёнидан хабардор манбаси ҲАМАС амалиёт бошланиши гаровдагиларнинг озод қилиниши эҳтимолини камайтириши ҳақида огоҳлантирганини айтган.

10:12 24.10.2023
Америкалик Жудит Раана ва унинг қизи Натали гаровдан озод қилинганидан кейин Исроил хавфсизлик кучлари билан, 2023 йил 21 октябри
Америкалик Жудит Раана ва унинг қизи Натали гаровдан озод қилинганидан кейин Исроил хавфсизлик кучлари билан, 2023 йил 21 октябри

ЦАХАЛ Ғазо секторида 212 киши гаровда ушлаб турилганини айтмоқда

Қатор мамлакатларда террорчи ташкилот деб топилган ҲАМАС гуруҳи жангарилари Ғазо секторида 7 октябрь кунги ҳужум чоғида қўлга олинган камида 212 кишини гаровда ушлаб туришибди. Бу ҳақда Исроил армияси расмий вакили Даниэль Хагари маълум қилди. Бу рўйхатга аввалроқ озод қилган асли исроиллик икки америкалик аёл Жудит Раана ва унинг қизи Натали кирмайди.

Хагарига кўра, 212 киши деган хулоса якуний эмас. Ҳарбийлар бедарак йўқолганлар ҳақида янги маълумотларни олишда давом этишмоқда.

Аввалроқ ЦАХАЛ Ғазода 210 нафар асир ушлаб турилганини маълум қилган эди.

Гаровдагилар сони доимий равишда ортиб бормоқда. Бундан ташқари, Ғазо секторида ҳаракатланаётган бошқа қуролли гуруҳлар ҳам одамларни гаровда тутиб турган бўлиши мумкин. 14 октябрь куни ЦАХАЛ матбуот хизмати ҲАМАС жангарилари 120 дан зиёд тинч аҳоли вакилини гаровда ушлаб тургани ҳақида маълумот тарқатган эди. Орадан икки кун ўтгач, вазирлик гаровдагилар сони камида 199 нафар эканини қайд этган. 19 октябрь куни улар сони 203 нафаргача ошган. ЦАХАЛ маълумотига кўра, улардан қарийб 30 нафарини болалар, 10-20 нафарини эса қариялар ташкил этади.

Гаровда тутиб турилганлар орасида икки фуқароликка эга кишилар, шу жумладан россияликлар ҳам бор.

Ўтган ҳафта Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси Исроил Ташқи ишлар вазирлиги ва полицияси маълумотига таянган ҳолда, ҲАМАС ҳужумлари оқибатида “Ўзбекистонда туғилган ва 90-йилларда репатриация дастурига мувофиқ Исроилга кўчиб келган беш нафар киши ҳалок бўлган”и ҳақида маълум қилган эди. Элчихона ўз мурожаатида ҳалок бўлган бу одамлар “амалдаги Ўзбекистон фукаролик паспортларига эга эмас”лигини урғулаган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG