Исроил тарихида биринчи марта бутун бошли шаҳар эвакуация қилинмоқда
Исроил тарихида биринчи марта уруш оқибатида бутун бир бошли шаҳар эвакуация қилинмоқда. The Times of Israel газетасининг ёзишича, Исроил жанубидаги 30 минг аҳоли яшайдиган Сдерот шаҳри кўчирилмоқда.
Шаҳар мэри Элад Калим ҳозиргача аҳолининг учдан икки қисми эвакуация қилинганини билдирди. Яна бир неча минг киши яқин кунларда шаҳардан олиб чиқиб кетилиши лозим.
Сдеротликлар Тель-Авив, Қуддус ва Эйлатга кўчирилмоқда. Мэр шаҳарликларнинг 10 фоизи турли сабаблар туфайли эвакуациядан бош тортиши мумкинлигини айтди.
Сдерот шаҳрига 1950 йилда Негев саҳросини ўзлаштириш лойиҳаси доирасида асос солинган. Мазкур шаҳар Ғазо бўлгаси чегарасидан бир неча километр узоқлида жойлашган.
7 октябрда Сдерот ҲАМАС ва “Ислом жиҳоди” жангарилари томонидан босиб олинган эди. Бироқ шаҳар бир неча соат ичида жангарилардан озод қилинган.
Байден: ҲАМАС йўқ қилиниши шарт
АҚШ президенти Жо Байден CBS телеканалига берган интервьюсида “ҲАМАС тўлиқ йўқ қилиниши шарт”, деб билдирди. Шу билан бир қаторда, Байден Исроил томонидан Ғазонинг оккупация қилиниши катта хато бўлишини таъкидлади. Унга кўра, Фаластин давлатини ташкил этиш йўлларини излаш лозим. Шунингдек, АҚШ президенти Эрон ва Ҳизбуллоҳ радикал гуруҳини конфликтга аралашиш оқибатлари ёмон бўлишидан огоҳлантирди.
Аввалроқ Эрон ҳукумати Ғазони бомбардимон қилиш тўхтатилмаса, Исроил ва ҲАМАС уришига аралашиши мумкинлиги тўғрисида баёнот берган эди.
Исроил бу орада Ғазода ҲАМАСни йўқ қилиш бўйича тўлақонли ҳарбий амалиётга тайёргарлик кўрмоқда. Исроил Ғазо аҳолисини бўлга жанубига - Миср чегарасига яқин ҳудудларга чиқиб кетишга чақирмоқда.
Исроил армиясининг маълум қилишича, шу кунгача жанглар бораётган Ғазо шимолини ярим миллионга яқин киши тарк этган.
Якшанба куни Исроил Ғазо бўлгаси жанубига сув таъминотини қайта тиклагани хабар қилинди.
Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроил бомбардимонлари оқибатида ҳозиргача 2450 киши ҳалок бўлганини билдирди.
Исроил ҳукумати эса 1400 киши ўлганини маълум қилди. Расман билдирилишича, ҲАМАС 155 кишини гаровда сақламоқда.
Исроилда ўқиётган ўзбекистонлик талабалар Ўзбекистонга қайтарилди
Исроилдаги Холон технология институтида (ХТИ) таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар 15 октябр куни Тошкентга учиб келди.
Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси ўзининг Телеграм канлида хабар берди.
Хабарда ёзилишича, талабаларнинг ўқишини онлайн форматда давом эттириш бўйича институт билан келишувга эришилган. Бу талабалар математика, юқори технологиялар, сунъий интеллект каби соҳаларда таҳсил олишган.
Элчихона, ХТИ, Мирзо Улуғбек номидаги Миллий университетга, Бухоро ва Самарқанд давлат университетлари, шунингдек, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” АКга талабаларни Ўзбекистонга жўнатишда ёрдам берганлиги учун миннатдорчилик билдирган..
Эрон Исроил-ҲАМАС урушига аралашишга тайёрлигини билдирди
Эрон ҳукумати, агар Ғазо бўлгасини ўққа тутиш тўхтатилмаса, Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги урушга аралашишга тайёрлигини билдирди.
The Jerusalem Post хабарига кўра, Теҳрон Исроилни БМТ орқали хусусий тарзда огоҳлантирган. Исроил қўмондонлиги Эроннинг аралашуви Ливан жануби ва Суриядаги “Ҳизбуллоҳ” радикал гуруҳи томонидан “иккинчи фронт” очиш бўлади, дея тахмин қилмоқда.
Шанба куни Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амирабдуллоҳиён Байрутда БМТнинг Яқин Шарқда тинчлик масалалари бўйича координатори Тор Веннесланд билан учрашди.
Шундан сўнг у ҲАМАС етакчиларидан бири Исмоил Хония билан кўришган. Вазир ҲАМАС ҳужумларини “Фаластин ерларини озод этиш йўлидаги тарихий ғалаба” деб атаб, гуруҳ билан ҳамкорлик давом эттирилишига ваъда берган.
“Исроил ҳарбий жиноятлар ва геноцидни дарҳол тўхтатмаса, вазият назоратдан чиқиши ва оғир асоратларга олиб келиши мумкинки, бунинг жавобгарлиги БМТ ва унинг Хавфсизлик кенгаши зиммасига тушади”, деб ёзди Х ижтимоий тармоғида Эроннинг БМТдаги вакили.
Исроилнинг БМТдаги вакили Гилад Эрдан, Амирабдуллоҳиён билан учрашгани ва Эроннинг радикал исломчиларга дастак бераётганини қораламагани учун Виннесландни қаттиқ танқид қилди.
“У билан қўл сиқишган экансиз, қўлингизда қолган исроиллик гўдаклар қони доғларини ювиб ташлашни унутманг”, деб ёзди у.
Бу орада Исроил Ғазо бўлгасида ҲАМАС жангариларини қириб ташлаш учун кенг кўламли ерусти амалиёти ўтказишга ҳозирланмоқда.
Бўлга тинч аҳолисига жанубга, Миср чегараси яқинига кўчиб кетиш тавсия қилинган. Ўн минглаб одамлар аллақачон уйларини тарк этишган.
Миср томондан Ғазо бўлгаси билан чегарада гуманитар ёрдам ортилган юк машиналари карвони турибди, бироқ Миср ўзининг ягона назорат-ўтказиш масканини очгани йўқ.
АҚШ Исроил соҳилларига иккинчи авиаташувчи гуруҳни жўнатди.