Блинкен: Саудия валиаҳд шаҳзодаси билан учрашув «жуда самарали» ўтди
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон билан Ар-Риёдда «жуда самарали» учрашув ўтказганини билдирди.
Исроил ҲАМАС назоратидаги Ғазо секторига қуруқликдан ҳужум қилшга тайёрланар экан, Вашингтон можарони бостиришга ҳаракат қилмоқда.
АҚШ расмийнинг Рейтерсга айтишича, бир соатга яқин давом этган учрашув валиаҳд шаҳзоданинг шахсий қароргоҳида бўлиб ўтган.
«Давлат котиби Қўшма Штатларнинг ҲАМАС террорчилик ҳужумларини тўхтатиш, барча гаровга олинганларни озод қилиш ва можаро ёйилишини олдини олишга қатъий эътибор қаратишини таъкидлади», АҚШ давлат департаменти матбуот котиби Мэттю Миллер
АҚШ давлат котиби Саудия валиаҳд шаҳзодаси билан Исроил Ғазога қуруқликдан ҳужумга ўтишга тайёрланаётган кескинлик фонида учрашди.
Ғазо касалхоналари ярадорлар билан тўлиб тошди
Исроил ва Ҳамас ўртасидаги тўқнашувда яраланган фаластинликларнинг Ғазодаги шифохоналарга оқими давом этмоқда.
Ярадорлар сони ортиб бораётгани сабабли, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Ғазо секторига зудлик билан инсонпарварлик ёрдамини етказишга чақириб, Ғазо соғлиқни сақлаш тизими издан чиқиш ёқасида эканидан огоҳлантирди.
Тинимсиз бомбардимонлар Дайр ал-Балаҳдаги ал-Ақсо шаҳидлари касалхонаси сингари шифохоналарни оғир аҳволга солиб, тинч аҳоли ва тиббиёт ходимларининг ҳаётига хавф солмоқда.
Ғазодаги касалхонада аянчли манзара. Баъзилар замбилда ётган ҳолда олиб келинган. Яна бошқалар эса қўлларида қонга беланган гўдакларини кўтариб турибди. Йўлакларда ярадор болалар йиғлайди.
"Касалхонага олиб келинган ярадорлар қирғин қилинди. Ўнлаб оилалар қирғин қилинди. Олиб келинган ярадорлар касалхона сиғимидан ортиб кетди. Бу бизнинг имкониятларимиздан ташқари. Беморларни коридор ва қаватларда даволашни бошладик. Бу жуда хавфли", дейди шифокор Халил Алдагран.
Ғазо шимолидаги Камол Эдван шифохонаси шифокорларига эвакуация қилиш буюрилган, бироқ янги туғилган чақалоқларнинг ҳаётини сақлаб қолишга ҳаракат қилаётган шифокорлар бундан бош тортмоқда.
Шифокор Ҳуссам Абу Сафиянинг айтишича, болаларни эвакуация қилиш "уларга ўлим жазосини бериш" дегани, кўп бола турли касалликларни даволовчи вентилятор ва инкубаторларга уланган:
“Ушбу палатада олтита каравот бор ва кўриб турганингиздек, барча тўшаклар тўла. Изоляция хонасидан ташқари, бандлик даражаси 100 фоиз атрофида. Кўриб турганингиздек, барча ҳолатлар фарқ қилади. Исроил буни хоҳлайдими? Бу болалар қаерга олиб кетилади? Бу уларнинг айби эмас. Болалар шифохонасида муҳим палаталар, жумладан, Ғазо шимолидаги ягона реанимация бўлими мавжуд. Кўриб турганингиздек, бу палатада сунъий нафас аппаратига уланган болалар бор, энди биздан касалхонани эвакуация қилишни сўрашди, бу болаларни қаерга эвакуация қилишимиз керак. Бу болалар аппаратга уланган ва уларни кўчириш мумкин эмас. Бу болаларни кўчириш улар учун катта хавф туғдиради”.
Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги кечаги ҳисоботида бир кун ичида Исроил ҳаво ҳужумларида камида 400 киши ҳалок бўлгани ва 1500 дан ортиқ одам жароҳатланганини маълум қилди.
Расмий статистик маълумотларга кўра, можарода 28 нафар фаластинлик тиббиёт ходими қурбон бўлган.
Вазирлик маълумотларига кўра, Ғазода ҳозирга қадар 2215 киши ҳалок бўлган, 8714 киши жароҳатланган.
Ғазо секторидаги уйга бомба тушиб портлаши оқибатида 20 киши ҳалок бўлди
Шанба куни маҳаллий вақт билан 16:00 атрофида) Ғазо сектори марказидаги Дайр ал-Балаҳ шаҳрида уй бомбардимон қилинди.
Бу уйда Ал-Ажрамийлар оиласи ва уларнинг Ғазо шаҳридаги уйларидан кўчирилган қариндошларининг яна 10 оиласи яшаб турган эди.
Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги, портлаш оқибатида ўнлаб жароҳатлардан ташқари, аксарияти болалар дохил 20 киши ҳалок бўлганини эълон қилди.
Портлашдан омон қолганларнинг сўзларига кўра, нишонга олиш ҳеч қандай огоҳлантиришсиз амалга оширилган.
Тўрт ёшли Фулла Ал-Лаҳам Хон Юнис касалхонасида ёлғиз уйғонди. Исроил ҳаво ҳужуми натижасида вайрон бўлган уйдан биргина ал Лаҳам омон олиб чиқилди. Оиланинг қолган 14 аъзоси ҳалок бўлди.
Ғазо соғлиқни сақлаш расмийлари Исроил ҳужумларида 2300 дан ортиқ одам ўлгани, 10 мингга яқин инсон эса яралангани, уларнинг тўртдан бири болалар эканини билдирди.
Ал Лаҳамнинг бувиси Ум Муҳаммад набираси тирик қолганини кўриб бироз бўлсада кўнгли ёришди.
«Ўғилларим, набираларим ва ўғлимнинг қайнонаси уйда ўтиришган бўлган. Тўсатдан уйни бомбардимон қилишган. 14 киши ҳалок бўлди. Фақат шу қиз, набирам Фулла омон қолди. Умид қиламанки, у тузалиб кетади. Ўлганларнинг руҳлари ором топсин. Худо одамларга сабр-тоқат бергувчи зот», дейди Ал Лаҳамнинг бувиси.
Исроил Ғазога денгиздан ҳужум қилди
Кеча Исроил Ғазога ҳам ҳаводан, ҳам денгиздан ҳужумга ўтганини маълум қилди. Исроил кучлари кутилаётган қуруқликдаги ҳужум олдидан Ғазо билан чегарага танкларни ҳам жойлаштирган.
Исроил Мудофаа Кучлари «Ҳамас ҳарбий объектини биринчи марта "Саар 6" типидаги ракетадан нишонга олгани ва Ўртаер денгизидан Ғазодаги нишонларга зарба берилгани акс этган видеони эълон қилди.
Ҳамаснинг Исроилга 7 октабрдаги қонли ҳужумидан сўнг, Исроил Ғазони реактив самолётлар ва артиллериядан бомбардимон қилмоқда. Исроилнинг тинимсиз ҳужумлари 2,3 миллион фаластинлик яшайдиган анклав ҳудудни қамал ичида қолдирди.