ЦАХАЛнинг Ғазо бўлгасидаги ерусти амалиёти об-ҳаво туфайли кечиктирилиши мумкин
Исроилда тўққиз кундан бери уруш давом этмоқда. У еттинчи октябр тонггида Ғазо бўлгасидан террорчиларнинг ялпи ракета зарбалари, ҲАМАС ва “Ислом жиҳоди” гуруҳлари жангариларининг Исроил ҳудудига кириб, камида 120 кишини гаровга олиши билан бошланган эди.
Сўнгги қайдларга кўра, ҳужум натижасида 1300 дан зиёд исроиллик ҳалок бўлган, 3400 нафарга яқин киши яраланган. Исроил жавобан Ғазо бўлгасига бир неча кундан буён кетма-кет авиазарбалар бермоқда.
Бироқ ЦАХАЛнинг шу дам олиш кунлари бошланиши режаланган ерусти амалиёти айрим сабаблар, жумладан об-ҳаво шароити туфайли бир неча кунга кечиктирилди.
Бу ҳақда, Исроил мудофаа армиясидаги юқори мартабали манбаларига таяниб The New York Times газетаси хабар қилмоқда.
Манбаларга кўра, ерусти амалиёти қолдирилишига Исроил учувчилари ҳамда дронлар операторлари имкониятларини чеклаб қўйиши мумкин бўлган булутли об-ҳаво “қисман сабаб бўлган”.
Мазкур амалиётга қуруқлик қўшинларининг ўн минглаб аскари, шунингдек танклар, сапёрлар ва махсус кучлар, авиация ва артиллерия жалб қилиниши кутиляпти.
14 октябр оқшомида ЦАХАЛ матбуот хизмати Исроил армияси ерусти амалиётига шайлигини маълум қилган эди. Бундан олдин ҳарбийлар Ғазо тинч аҳолисини бўлгадан жанубга кўчиб кетишга чақиришган эди, ҲАМАС эса одамларни Исроилнинг чақириғига қулоқ солмасликка даъват қилмоқда.
Исроил армияси 15 октябрга ўтар кечаси Ғазо бўлгасига йўлланган авиазарбалар натижасида ҲАМАСнинг “Нуҳба” жангарилар ротаси командири Билол Ал-Кедра ўлдирилганини билдирди.
Исроил ҳарбийлари чегара яқинидаги Нирим Кибуцида юз берган хунрезликлар “Нуҳба” командири буйруғига кўра амалга оширилган, деб ҳисоблашади. Тунги авиазарбаларда ҲАМАС ва “Ислом жиҳоди”нинг бошқа жангарилари ҳам йўқ қилинди, дейилади ЦАХАЛ хабарномасида.
Кеча оқшом чоғи ва кечаси ЦАХАЛ Ғазо бўлгасидаги юздан ортиқ ҳарбий объектларга зарбалар берди.
Хусусан, ҲАМАС қўмондонлик марказлари, ҳарбий комплекслар, ракета отиш қурилмалари ва кузатув масканлари нишонга олинди.
Шунингдек, “Ислом жиҳоди”нинг қўмондонлик марказлари ҳам ўққа тутилди, дея маълум қилди Исроил Мудофаа армияси.
Аввалроқ New York Times Исроил ҳарбийларига ҳавола берган ҳолда, мамлакат Ғазо шаҳрини босиб олиш ва бўлга раҳбариятини “йўқ қилиш” учун 10 минг аскар жўнатишни режалаётгани ҳақида хабар қилган эди.
Ҳисоботларда бу 2006 йилги Иккинчи Ливан урушидан бери энг йирик ҳужум бўлиши, ЦАХАЛ Ғазо бўлгасининг бир қисмини лоақал вақтинча ўз қўлида тутиб туришга ҳаракат қилиши айтилади.
Бироқ кейинроқ хабар қилинишича, Исроил об-ҳаво туфайли ерусти амалиётини кечиктириши мумкин.
Ғазога қилинган ҳужумлар натижасида 2, 2 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди, 8, 7 минг киши яраланди - Фаластин ҳукумати
Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, Исроилнинг Ғазо секторига уюштирган зарбалари оқибатида камида 2215 киши ҳалок бўлган ва 8714 киши жароҳатланган.
Вазирликнинг қўшимча қилишича, Ғарбий Соҳилдаги тўқнашувлар ортидан 54 киши ҳалок бўлган, 1100 киши яраланган.
Исроил ҳарбийлари: Исроил жанубига ҳужумни бошқарган ҲАМАС қўмондони Ғазода ўлдирилди
Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг хабар беришича, Ҳамаснинг Нухба бўлинмаларидан бирининг қўмондони Али Қодий жанговар дрон зарбаси натижасида ҳалок бўлган.
Исроил ҳарбийларига кўра, у ўтган шанба куни Исроил жанубига бостириб кирган кучларга қўмондонлик қилган.
Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг билдиришича, зарба мамлакат разведка хизматлари Қодининг қаерда эканлиги ҳақида маълумот олганидан кейин берилган.
Миср АҚШ фуқаролигига эга фаластинликлар учун йўлак очди
Қоҳира ва Вашингтон ўртасидаги келишув натижасида Ғазо сектори ва Миср ўртасидаги Рафаҳ назорат-ўтказиш пункти шанба куни АҚШ фуқаролари ва АҚШ фуқаролигига эга бўлган фаластинликлар учун маҳаллий вақт билан соат 17: 00 гача очиқ бўлади.
Ғазо секторида Исроил мудофаа кучларининг қуруқликдаги операцияси муносабати билан аҳолини ҳудуднинг шимолий ҳудудларидан жанубга фавқулодда эвакуация қилиш ишлари олиб борилмоқда.
Wашингтон Пост газетасига кўра, Ғазо секторида Америка паспортига эга 600 га яқин фаластинлик истиқомат қилади. Уларнинг барчаси, нашрнинг таъкидлашича, АҚШ расмийлари билан алоқада.
Қайд этилишича, Мисрга йўлак бўйича келишув Қоҳира ва Вашингтон вакиллари ўртасида Исроил ва Қатар кузатувчилари иштирокидаги тўғридан-тўғри музокаралар чоғида эришилган.
Йўлак Миср вақти билан 12: 00 да очилди ва беш соат давомида очиқ қолади.