Ғазода ҳалок бўлганлар 1200, ярадорлар сони 5600 дан ошди
Ғазо аҳолиси 12 октабр, урушнинг олтинчи куни яна бомбардимон садолари билан уйғонди.
Хон Юнисда аҳоли вайрон бўлган бинолар остидан жасадларни қидирмоқда.
Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, бўлгада ҳалок бўлганлар сони 1200 нафарга етган, ярадорлар сони 5600 дан ошган.
Исроил 24 соат ичида Ғазодаги 450 та нишонга зарба берилганини айтмоқда.
Шанба куни Исроилга ёриб кирган Ҳамас жангарилари 1200 кишини ўлдирган, 2700 дан ортиқ кишини яралаган ва кўплаб одамларни гаровга олган.
Бу хунрезликка жавобан Исроил Ғазода қасос ҳужумларини амалга оширмоқда.
Исроилда тузилган қўшма ҳукумат Ҳамасни ер юзидан супуриб ташлашга ваъда берди.
Фаластин томонига кўра, Ғазода 535 га яқин турар-жой биноси вайрон бўлган, 250 мингга яқин киши бошпанасиз қолган.
Исроил Ғазони "тўлиқ қамал" остига олганини билдирди.
Қарийб 2 ярим миллион аҳолисига эга бўлгага озиқ-овқат ва ёқилғи келиши тўхтаган.
Чоршанба куни Ғазодаги ягона электр станцияси ишламай қолгандан кейин бўлга буткул зулматга чўмган.
Исроил мудофаа вазирлиги 12 октабр ХАМАСга тегишли экани айтилаётган нишонларнинг ракеталар билан урилган акс этган тасвирларини эълон қилди.
Тасвирлар қачон суратга олинганини тасдиқлаш имконсиз.
Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняху чоршанба куни Хамасга қарши урушни мувофиқлаштириш учун фавқулодда ҳукумат тузди. Унинг мудофаа вазири шанба кунги хунрезлик учун Фаластин жангари гуруҳини “ер юзидан” йўқ қилишга ваъда берди.
Эрдўғон: Бу уруш эмас, қирғиндир
Ғазонинг қамал қилинишини Туркия президенти Ражаб Таййиб Эрдўғон қоралади:
“Шаҳарнинг сув, электр таъминоти, кириш ва чиқиш йўлларини узиб қўйиш, инфратузилмасини бузиш, масжидлардан черковларгача бўлган барча ибодат марказларини, шунингдек, уларнинг мактабларини вайрон қилиш, одамларнинг энг асосий эҳтиёжларини қондиришига йўл қўймаслик, тинч аҳоли яшайдиган турар-жой биноларини бомбардимон қилиш, яшаш - бошқача қилиб айтганда, ҳар қандай шармандали усуллардан фойдаланган ҳолда можарони бошқариш - бу уруш эмас, бу қирғиндир", - деди Эрдўғон.
Исроил ҳаводан берилган ҳаво зарбалари акс этган видеони эълон қилди.
Видеолардан бирида Исроил армияси узоқ масофали “Ментатч” ракетасидан Ғазодаги Хамас нишонини ургани кўринади.
Бошқа тасвирларда Ғазо ислом университетига ҳаво зарбалари берилгани акс этган. Исроил уни “Ҳамаснинг муҳим операцион, сиёсий ва ҳарбий маркази” деб ҳисоблайди.
Денгиздан олинган видеода Исроил ҳарбийлари Ғазо қирғоқларидаги докларга зарбалар берилгани акс этган.
Исроил армиясининг маълум қилишича, ўнлаб қирувчи учоқлари бир кеча-кундузда Ғазо шаҳри маҳалласидаги 200 дан ортиқ нишонга зарба берган, улар Хамас томонидан ҳужумлар уюштириш учун ишлатилган.
Фаластин матбуоти Исроил ҳаво ҳужумлари Ғазо шаҳри, жанубдаги Хон Юнис шаҳри ва Ғазо марказидаги Бурейж қочқинлар лагеридаги уйларга зарба берганини айтди. Ижтимоий тармоқларда аҳолининг айтишича, кўплаб бинолар қулаб тушган, баъзида 50 га яқин одам қолиб кетган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг билдиришича, 180 000 дан ортиқ ғазолик бошпанасиз қолган.
Боррелл: Ғазонинг қамал қилиниши халқаро ҳуқуққа зид
Исроил ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга, аммо унинг баъзи қарорлари халқаро ҳуқуқни бузади, деди сешанба куни Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича вакили Жозе Боррел журналистларга.
Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант Фаластиннинг Ҳамас жангари гуруҳининг Исроилга ҳужумига жавобан душанба куни Ғазога электр, озиқ-овқат, сув ва ёқилғи бериш тўхтатилишини айтганди.
"Исроил (ўзини) ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга, аммо бу халқаро ҳуқуқ, гуманитар ҳуқуқ асосида амалга оширилиши керак ва баъзи қарорлар халқаро ҳуқуққа зиддир", деди Боррелл Уммон пойтахтида Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларининг йиғилишидан кейин.
Исроилда 1200, Ғазода 950 киши ўлди
ҲАМАС зарбалари ортидан Исроилда ҳалок бўлганлар сони 1200 кишига етди. Исроил армияси ҳужумлари оқибатида Ғазода 950 киши ўлди. Яраланганларнинг умумий сони ўн минг кишидан ошган. ҲАМАС юзлаб кишини гаровда сақлаб турибди.
Фаластинда 250 минг киши ўз уйини ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлган, уларнинг асосий қисми Ғазо аҳолиси экани айтилмоқда.
Аввалроқ Исроил ҳукумати Ғазор бўлгаси тўлиқ қамал қилинганини билдирган. Жумладан, Ғазога сув, озиқ-овқат ва электр энергияси етказиб бериш тўхтатилган.
БМТ Исроилнинг бу қадамини танқид қилди. Шунингдек, БМТ ҲАМАС исроилликларни гаровга олганини ва пайдар-пай зарбалар бераётганини қоралади.
NBC News хабарида айтилишича, АҚШ Ғазо бўлгасидан фаластинликларни ва америкаликларни Мисрга олиб чиқиб кетиш учун гуманитар йўлак ташкил қилиш устида ишламоқда.