ЕИ Фаластинга ёрдам дастурини “музлатди”
Европа Иттифоқининг қўшничилик ва кенгайиш масалалари бўйича комиссари Оливер Вархели ЕИ Фаластинга ёрдам дастурини "музлатганини" маълум қилди.
“Фаластинликларнинг энг йирик донори бўлмиш Европа комиссияси жами 691 миллион евролик бутун тараққиёт лойиҳаларини муҳокамага қўяди. Барча тўловлар дарҳол тўхтатиб қўйилди. Барча лойиҳалар қайтадан кўриб чиқилади. Бюджет бўйича, жумладан 2023 йил бюджетига доир барча таклифлар қолдирилди. Бутун ривожланиш портфелини ҳар томонлама баҳолаш ишлари олиб борилмоқда”, деб ёзди “Твиттер”да Оливер Вархели.
Бир оз аввал Австрия ва Германия Фаластинга ёрдам беришни тўхтатгани маълум қилинган эди.
Саакашвили Исроилни қўллашини билдирди
Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили Исроил-ҲАМАС урушида Исроил томонини қўллашини билдирди.
Саакашвили масофавий ўтаётган суд йиғилишида камерага Исроил байроғини кўрсатиб, Исроил билан биргалигини айтди.
Бу ҳолат Грузиянинг Mtavari телеканали репортажи пайти намойиш қилинди.
2021 йил октябрида Саакашвили Грузия чегарасидан яширинча ўтганликда гумонланиб Тбилисида қўлга олинган эди. Шундан сўнг у президентлик даврида ваколатларини суиистеъмол қилганлик айблови билан олти йилга қамалди. Грузияда унга қарши яна бир нечта иш қўзғатилган. Улар орасида чегарадан ноқонуний ўтганлик айблови ҳам бор. Май ойида соғлиғи ёмонлашган собиқ президент клиникага кўчирилганди.
Исроил Ғазони сув таъминотидан узди
Исроил Энергетика вазири Исраэл Кац Ғазо бўлгаси сув таъминотидан узилганини эълон қилди.
“Мен Исроилдан Ғазо бўлгасига сув юборишни дарҳол тўхтатишга фармойиш бердим”, дейилади Кац баёнотида.
Мулозим Ғазо бўлгаси электр энергияси ва ёқилғи таъминотидан шанба куниёқ узиб қўйганини қўшимча қилди.
Аввалроқ Исроил Мудофаа вазири Йоав Галлант Ғазо бўлгасини батамом қамал қилишга буйруқ берган эди.
Исроил Мудофаа вазири Ғазо бўлгасини батамом қамал қилишни буюрди
Исроил Мудофаа вазири Йоав Галлант Ғазо бўлгасини батамом қамал қилишни буюрди:
“Мен Ғазо бўлгасини буткул қамал қилишга буйруқ бердим. Электр ҳам, озиқ-овқат ҳам, ёқилғи ҳам бўлмайди, бўлга батамом ёпилади. Биз ҳайвонсифат одамлар билан урушяпмиз, шунга яраша муомала қиламиз”.
Бугун Сальвадор президенти, асли фаластинлик Найиб Букеле ҳам ҲАМАС вакилларини “йиртқич ҳайвонлар” деб атаган эди.