Разведка: Россия Исроилдаги воқеалар баҳонасида Украинани ёмонотлиқ қилмоқчи
Украина Мудофаа вазирлиги Разведка бош бошқармаси (РББ) телеграм -каналида эълон қилган баёнотида Россия Исроил-ҲАМАС уруши баҳонасида Украинани ёмонотлиқ қилиши мумкинлигидан хавотир билдирган:
“Россия Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар чоғида ўлжа қилиб олинган АҚШ ва ЕИ мамлакатларида ишлаб чиқарилган қуролларни ҲАМАС террорчиларига берган. Кейинги қадам – Украина ҳарбийларини мунтазам равишда Ғарб қуролларини террорчиларга сотишда айблаш бўлади. Ушбу фейклар Кремлнинг дезинформация кампанияси доирасида Ғарб ОАВларида чоп этилажак “фош қилувчи мақолалар” ва “суриштирувлар”га асос бўлиб хизмат қилади”.
Жангарилар Украина ва Ғарб қуролларидан фойдаланаётгани ҳақидаги хабарлар, чунончи, Кремлга оид Mash телеграм-канали томонидан тарқатилмоқда.
Куни кеча ушбу канал фаластинликлар асосан Украинада ишлаб чиқариладиган “Стрела-2” номли зенит қуроллари билан урушаётганини, ЦАХАЛ аскарлари бир жангари гуруҳ омборида Украина ҳарбий бўлинмаларидан бирида тамғаланган РПГ-7 снарядларини топишганини иддао қилди.
Исроил ҳукумати шаҳарлар назоратга олинганини билдирмоқда
Исроил мудофаа армияси вакили Даниэл Хагари Ғазо бўлгасига чегарадош ҳудудлардаги барча аҳоли масканлари устидан назорат ўрнатилганини маълум қилди. Мулозимга кўра, сўнгги соатларда Исроил қўшинлари билан жангарилар ўртасида “онда-сонда” тўқнашувлар бўлган, холос.
Айни пайтда Хагари жангарилар ҳануз Исроил ҳудудида бўлиши мумкинлигини билдирган.
Шунингдек, Хагари жанговар ҳаракатлар бошланган шанба тонггидан бери Исроил ҳудудига салкам 4400 та ракета отилганини, 48 соат ичида 300 минг чоғли захирадаги аскарлар сафарбар қилинганини билдирди.
Нью Йорк: Исроил ва ҲАМАС тарафдорлари намойиш ўтказди
АҚШнинг Нью Йорк шаҳрида 8 октябрь куни ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумини қоралаб, намойиш ўтказилди.
Жо исмли намойишчи “бу сафар раҳм-шафқат ҳам, маҳбуслар ҳам бўлмайди. Исроил уларга муносиб бўлган тарзда жавоб қайтаради”, дейди.
Худди шу куни Фаластин кучлари тарафдорлари ҳам намойишга чиқиб, “АҚШ ёрдамни тўхтатинг” ва “Қаршилик терроризм эмас” деган баннерларни кўтариб ҳайқиришди.
АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин АҚШ ҳарбий кемалар ва қирувчи самолётларни Исроил чегарасига яқин ҳудудларга кўчирилишини маълум қилган. Шунингдек, АҚШ президенти Жо Байден Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан қурол етказиб бериш масаласини муҳокама қилгани хабар қилинди.
"Ал Жазира" телеканалининг хабар беришича, ҲАМАС Вашингтонни бу ҳаракатлари оқибатидан огоҳлантирган.
Расмий Тошкент Исроил-ҲАМАС урушига муносабат билдирди
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроил-ҲАМАС уруши борасида муносабат билдириб, баёнот эълон қилди.
Вазирлик "Фаластин-Исроил можароси тинч аҳоли орасида кўплаб қурбонларга олиб келгани ва Яқин Шарқдаги вазиятни сезиларли даражада мураккаблаштирган ҳолат кескинлашганидан жиддий хавотир билдирган".
"Биз курашаётган томонларни қуролли қарама-қаршиликни тез фурсатларда тугатиш ва инқирозни сиёсий ҳамда дипломатик воситалар орқали ҳал қилиш учун барча чораларни кўришга чақирамиз", дейилади вазирлик баёнотида.
Ташқи ишлар вазирлиги уруш оқибатида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдириб, жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилайди.
Баёнотда уруш ҳудудида бўлган Ўзбекистон ватандошларига оид бирор маълумот берилмаган. Ҳозирча қурбонлар ва жароҳатланганлар орасида ўзбекистонликлар бор-йўқлиги номаълум.