Линклар

Шошилинч хабар
05 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:39

Мардикор бозори Ортиқхўжаевдан кўпроқ иш ҳақи таклиф қиляпти


Тошкент шаҳри яқинидаги мардикор бозорларидан бири.
Тошкент шаҳри яқинидаги мардикор бозорларидан бири.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг “1,5 миллион сўмлик ойликка ҳеч ким ишлагиси келмаётгани” тўғрисидаги сўзлари ўзбекистонликларга тўланаётган иш ҳақи ва унинг қурби масаласини яна кун тартибига чиқарди.

Жойлардан олинган маълумотларга қараганда, шу кунда кунлик ишга чиқувчи муайян ҳунари йўқ эркакларнинг бир кунлик иш ҳақи 80 минг сўмдан, усталарники эса, 120 минг сўмдан бошланяпти.

Марказий банк яқинда ўтказган сўров натижаларидан аҳолининг 70 фоизи асосан, ойлик маошга кун кўраётгани маълум бўлган.

Пойтахтбошининг "ҳиммати"

Президент Шавкат Мирзиёев 23 ноябрь куни Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманига ташриф чоғида аҳолини иш билан таъминлаш масаласига тўхталиб, пойтахтда вакант иш жойлари кўплиги, бироқ у жойларда ишлаш учун кўпчиликда малака етарли эмаслиги, ишсизларни ўқитиш лозимлиги ҳақида гапирди.

Бу гапга жавобан, Президентга ҳамроҳлик қилган Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев иш изловчилар 1,5 млн сўм маошга рози бўлмаётганидан нолиди:

“Чиндан ҳам вакант ўринларимиз анча кўп. Лекин айрим ишсизларга “Мана шу ишда ишлаб тур, 1,5 млн сўм маоши бор, секин-секин ошириб борасан” десак “1,5 млн сўм етмайди” дейишади. Лекин 6 ойлаб уйда ўтираверади”.

Иш ҳақи арифметикаси

Тошкент шаҳар ҳокими ишсизларга таклиф қилаётган 1,5 млн сўмлик ойликни олиш учун ходим кунига 8 соатдан ҳафтасига 5 кун ишлайдиган бўлса, унинг ҳар бир иш куни учун 62 500 сўмдан тўғри келади.

Бу пулга иш излаб ҳар куни “мардикор бозор”га чиқувчиларнинг энг малакасизини ҳам ёллаб бўлмаслиги Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан олинган маълумотлардан аён бўлди.

Қора иш қилувчилар 80 мингдан озига кўнмайди. Бундан оз пулга аёллар бориши мумкин, қўлида ҳунари борлар бир кунга камида 100 минг олади. 150 минг сўм оладиган усталар ҳам бор”, деди Фарғонанинг Риштонида яшовчи 35 яшар йигит.

Қарши шаҳридаги нархлар тўғрисида Озодлик мана бу маълумотни олди:

“Кунлик иш қиладиган мардикор эркакларнинг бир кунлик меҳнати бир хил: кунига 100 минг сўм. Қўлидан иш келадиган усталар мардикор бозорда ўтирмайди. Усталарнинг кўпчилиги Россияда бўлгани учун улар оз, шунинг учун уста меҳнати қиммат. Масалан, яқинда мен том ёптирдим. Усталар иш ҳақини материал нархига қараб белгилайдиган бўлиб олишган. Иш ҳақидан ташқари мардикорнинг ҳам, устанинг ҳам қорнини боқиш ишга ёлловчининг зиммасида эканлигини унутманг”, деди қаршилик.

Демак, Риштон ёки Қаршида малакасиз ишчи ҳафтасига 5 кун ишлайдиган бўлса, бир ойда Жаҳонгир Ортиқхўжаев айтган 1,5 миллион (кунига 62 500) эмас, балки 1 920 000 сўмдан 2 400 000 сўмгача олади. Бундан ташқари, иш жойида бепул овқат билан ҳам таъминланади.

Ўртача иш ҳақи (расмий)

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига қараганда, юридик шахс мақомига эга бўлган корхона ва ташкилотлар ишчи-хизматчиларининг ўртача ойлик номинал иш ҳақи 2,87 млн сўмни ташкил қилган.

Ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқориси молиявий ва суғурта иқтисодий фаолиятида (6,46 млн сўм), ахборот ва алоқа (4,83 млн сўм) соҳасида, энг ками – таълим (2,24 млн сўм) ва соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизмат кўрсатиш соҳасида (2,04 млн сўм) қайд этилган.

МБ эълон қилган "кайфият" ёки Ҳар икки ўзбекистонликнинг пули фақат бугунга етади

Марказий банк яқинда ўзбекистонликларнинг 2021 йил III чорагидаги “Истеъмол кайфияти шарҳи”ни эълон қилди.

“Истеъмол кайфияти шарҳи”ни тайёрлаш учун, Марказий банкка кўра, аҳолининг турли гуруҳлари орасида сўровлар ўтказилган. Сўровномага “респондентларнинг даромадлари ва харажатлари таркиби, мавжуд пул маблағларини жамғаришга бўлган мойиллиги, шунингдек, уларнинг келгусида кредитга бўлган эҳтиёжларини аниқлаш ва таҳлил қилиш бўйича саволлар киритилган”.

МБ ўзи ўтказган сўров натижаларига таяниб, мана бу маълумотни берган:

“Сўров иштирокчиларнинг қарийб 70 фоизи даромадларининг асосий манбаи ойлик иш хақи, 15 фоизга яқини эса тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган даромадларга тўғри келишини таъкидлашган. Хориждан пул ўтказмаларни қайд этган респондентлар улуши эса 3,4 фоизга тенг”.

Марказий банк яна бир маълумотни очиқлаган: Таҳлилларга кўра, аксарият респондентлар (45 фоизи) ўз жамғармаларининг 3 ойгача етиши мумкинлигини таъкидлашган. Жумладан, жамғармалари 1 ойгача етадиган респондентлар улуши 28 фоизни ташкил этган бўлса, 1-3 ойгача бўлган давр учун ушбу кўрсаткич 16 фоизга тенг. Бироқ, жамғармалари мавжуд бўлмаган респондентлар улуши (42 фоиз) юқорилигича қолмоқда.

Мутахассис шарҳи

Иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Хидирназар Аллақулов Марказий банкнинг 2021 йил III чорагидаги “Истеъмол кайфияти шарҳи” ишсизлик ва ишсизларнинг аҳволини акс эттирмаслигини айтади:

“Биринчидан, МБ ўтказган сўровни тўлақонли ижтимоий сўров деб қабул қилмайман. Шарҳда “иштирокчиларнинг қарийб 70 фоизи даромадларининг асосий манбаи ойлик иш хақи” деди, дейилишининг ўзиёқ сўров асосан ишлилар орасида ўтказилганини кўрсатиб турибди. Иккинчидан халқ чўнтагида хориждан келаётган пул ўтказмалари ҳажми жуда катта. МБ эса, 3,4 фоизга тенг, деяпти”.

Жаҳон банки куни кеча эълон қилган маълумотларга қараганда, жорий йилнинг охиригача ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Россиядан жўнатаётган пул миқдори 7 миллиард 600 миллион долларга етади. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан 26 фоизга кўпдир. 2020 йилда Россиядан пул жўнатмалари ҳажми 6,03 миллиард доллар бўлган эди.

Профессор Аллақуловнинг фикрича, Марказий банк шарҳида келтирилган баъзи маълумотлар реалликдан йироқ эмас, бироқ бу ташвишли реалликдир.

“Марказий банк ўз шарҳида келгуси 12 ойда респондентлар янги кредитга бўлган талабнинг ортиб боришини кутаётганини, уларнинг микрокредитлар, микроқарзлар, шунингдек автокредит ва ипотека кредитларига талаби ошиб бориши, жами респондентларнинг 60 фоизи келгуси ойларда янги кредит олишга эҳтиёжлари мавжудлиги таъкидлаган. Бу ўта ташвишли хабардир. Чунки микрокредитлар, микроқарзлар ишлаб чиқаришга ётқизиладиган сармоя эмас, истеъмол кредитларидир. Одамлар бу пулни олади, ейди, ичади ва... кейин янгисини олишга уринади. Бу қашшоқликка етакловчи йўлдир”.

Деярли тўлалигича қоринга кетаётган ойлик

Профессор Аллақулов МБ шарҳида даромадлар ҳақида гапирилгани, бироқ харажатлар ҳақида сўз йўқлигига ҳам эътибор қаратди.

Марказий банк ўтган йилги ҳисоботида ойига 2 миллион сўмгача топадиган оилалар бу пулнинг 69 фоизини, 4 миллион сўмгача топадиганлар 58 фоизини, 6 миллионгача топадиганлар 51 фоизини, 6 миллиондан кўп топадиганлар 43 фоизини озиқ-овқатга сарфлашини хабар қилган эди.

Қўшни Қозоғистонда бу нисбат ўтган йили 47,6%, Россияда эса 30,2% ни ташкил этган.

Европа мамлакатларида ушбу кўрсаткич 10-15 атрофида. Бу соҳада энг илғор давлат – Люксембургда аҳоли ойлик даромадининг 8,4 фоизинигина озиқ-овқатга сарфлайди.

XS
SM
MD
LG