Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:59

"20 минггаям кўнишади". Мардикор аёллар бозорининг янги қиёфаси - отрядчилар


"Отрядчи опа"орқали ишга ёлланган аёллар фермернинг иссиқхонасида ишламоқда - Косон, март, 2021
"Отрядчи опа"орқали ишга ёлланган аёллар фермернинг иссиқхонасида ишламоқда - Косон, март, 2021

“Отрядчи” - Ўзбекистон қишлоқларида кейинги бир неча йил давомида пайдо бўлган янги касб. Отрядчилар иш берувчига ишчи, ишчига эса, иш топиб бериш билан шуғулланади.

Нисбатан янги бўлган бу ҳодисани Озодлик Қашқадарё вилоятининг Косон тумани мисолида ўрганди.

Озодлик гаплашган уч аёл: иш берувчи, отрядчи опа ва ишчи “ҳокимликдан гап тегиб қолишидан” қўрққани учун исмлари айтилишини истамади ва биз уларни қўшиқдаги исмлар билан номладик: Муҳайё, Сурайё ва Раъно...

Иш берувчи

Косонлик фермер Муҳайёнинг ёши 41 да. У 38 гектар ерда деҳқончилик қилади. Хўжалиги кўп тармоқли - пахтаси ҳам, буғдойи ҳам, полизи, боғи, чорваси ҳам бор.

Муҳайё отрядчи Сурайёнинг ишчиларини ишлатганига қарийб икки ҳафта бўлди.

“Эртаки тарвузга уруғ ташлатдим. Бир ҳафта давомида кунига 25-30 аёл ишлади. Ҳар бир аёлга кунига 25 минг сўмдан тўладим. Салафан қоғоздан стакан ясашди, унга тупроқ солишди. Тупроққа эса уруғ ташланади ва парникка ундириш учун қўйилади. Униб, чиққандан кейин далага кўчирамиз”,- деди фермер.

Целлофан қоғозлардан ясалган идишларга кунлик ишчи аёллар эккан турвуз уруғлари униб чиқди. Косон, 2021, март.
Целлофан қоғозлардан ясалган идишларга кунлик ишчи аёллар эккан турвуз уруғлари униб чиқди. Косон, 2021, март.

Муҳайёнинг айтишича, иш ҳақини оз тўлаганини ўзи ҳам тушуниб турибди:

“Бироз нокаслик қилдим. Шу кунда нарх 30-35 минг. Мен отрядчи аёлларга 25 мингданга ишлайдиганларни топинглар дегандим, улар топиб келишди-да, ахир. Аёллар уйида бекор ўтиришгани учун рози бўлишди. Бу бошланиши, вақти келади 50 мингдан ҳам берамиз дедим, хўп дейишди. Улар ичкарида, иссиқда ишлагани учун мен берган пулга кўнди. Ишга эрталаб соат 7-8 ларда келишади, 1 соат тушлик. Гўштли овқат, салатлар бердим. Соат 6 гача ишлашди”.

“Алло, ишчи керак!”

Фермер Муҳайёнинг айтишича, ҳар бир маҳаллада уч-тўрттадан отрядчи опалар бор. Ишчи керак бўлганда Муҳайё ўшалардан бирига қўнғироқ қилади, қанча ишчи кераклигини айтади, баҳони келишишади, эртасига эрталаб ишчи аёллар йиғиладиган жойга машина жўнатиб, уларни олиб келади.

Муҳайёнинг даласида “шу кунда аёллар йўқ, эркаклар бор. Тракторчиниям қўшиб ҳисоблаганда 8 киши ишлаяпти”.

“Шу кунда, - дейди фермер, - ҳамма кунлик қиз (ишчи демоқчи) қидириб юрибди. Отрядчиларнинг рўйхатидаги ишчи аёлларнинг ҳаммаси банд. 10 кун, 1-2 ойга улар учун тайинли иш бор”.

Отрядчилар орасида рақобат кучли

Айни пайтда, фермернинг айтишича, отрядчилар ҳам кўпайиб кетган:

“10 та ишсиз аёлнинг бошини бир қилиб, ўзини отрядчи деб эълон қилишяпти. Рақобат кучли. 25 мингдан ишчи олиб қўйганимдан кейин яна бир отрядчи “мен 20 мингдан олиб бораман, уларни қайтариб юбор, ҳозир пуллари йўқ, олдинда 8 март, Наврўз, 20 минггаям кўнишади”, - деди. Мен кўнмадим, бетим чидамади”.

Косонлик фермернинг иссиқхонасидан яна бир кўриниш. 2021, март.
Косонлик фермернинг иссиқхонасидан яна бир кўриниш. 2021, март.

Отрядчи ким?

Фермер Муҳайёнинг тушунтиришича, “Отрядчи” бир гуруҳ хотин- қизларни уюштириб, уларга иш топиб, ҳақини ундириб бера оладиган ташаббускор аёлдир.

Отрядчи сўзи 2010-йилларнинг бошида пайдо бўлган “терим отрядлари” иборасига бориб тақалади.

Иш берувчи, отрядчи ва ишчи бир-бирини қандай топади?

Фермер Муҳайёнинг айтишича, ҳар бир отрядчида ўз “ишчилари” рўйхати, фермерларда эса, отрядчилар рўйхати бор:

“Ҳар ҳолда, менда бор шундай рўйхат. У бўлмаган тақдирдаям, маҳаллада 7 яшардан 70 яшаргача ким отрядчи эканлигини билади. Ҳар бир отрядчининг ўз аёллари бор. Улар ўзларига маҳаллаларидаги хотин-қизларни териб-териб олиб, гуруҳларини тузиб олади. Ишчилар ҳам бошқа отрядчиларга ўтиб кетмайди”.

Озодлик хорижга ишлашга кетган аёллар кўпаяётгани ҳақида ўзбек мигрант-аёллари билан суҳбатлашди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:52 0:00

Отрядчининг манфаати нимада?

Фермернинг айтишича, отрядчи ҳар бир аёл учун иш берувчидан 2 минг сўмдан олади: “Масалан, мен 20 та қиз ишлатган куним 40 минг, 30 та ишлатган куним 60 минг бердим. Бу пулни тежаш учун мен ўзим маҳаллага бориб, ишчи ёллай олмайман. Ишчи ёллаш отрядчилар ихтиёрига ўтиб кетган”.

Пахта мавсумида отрядчилар ҳокимлар ихтиёрига ўтади

Пахта мавсуми бошланиши биланоқ отрядчи опалар фермерлар билан мулоқотни тўхтатади. Шахсан мени улар танимай қолади. 2- 3 сентябрь кунлари ҳокимлик туман марказидаги энг қиммат ресторанга отрядчиларни йиғиб, зиёфат қилиб беради, совға-салом улашади. 3 ойга пластик карта очиради. 2 миллиондан ойлик тўлаб беради. Бу мажбурий меҳнат деган айбловдан қочишнинг йўли”, - деди фермер Муҳайё.

Унинг айтишича, эркак отрядчилар деярли йўқ.”Негадир эркак отрядчиларнинг иши юришавермайди”, деди фермер.

Озодлик косонлик отрядчи аёллардан бири билан ҳам гаплашди.

Отрядчи аёл

Сурайё деб атаганимиз отрядчи аёл бу иш билан 5 йилдан бери шуғулланаётганини айтди. Унинг рўйхатида 160 нафар хотин-қиз бор.

“Бугун 8 март бўлгани учун ишга чиқаролмадим. Кеча ҳаммаси ишга чиққан. Бечоралар ҳаммаси ишга муҳтож. Фермерлар билан, парникчилар билан гаплашаман. Бировига 25, бошқасига 30 киши жўнатаман”, - деди Сурайё.

Унинг айтишича, дастлаб иш бошлаганида рўйхати анча қисқа эди: “Кейин қарашса, мен иш топиб бероляпман. Шундан кеqин ўзлари кела бошлади. 2020 йил оғир келди. Вируснинг таъсири бўлди. Ишларимиз анча тўхтаб қолди. Кўпчилик бир жойда тўпланиши мумкинмас, дейишдику ахир!”

Сурайёнинг айтишича, у иш берувчидан ҳар бир ишчи учун 2 минг сўмдан олади. Ишчидан олмайди.

- 160 кишини ишга жўнатсангиз, бир кунда 320 минг сўм бор эканда?

- Ҳа шундай. Бор. Лекин мениям шунга яраша ҳаражатларим бор. Телефонга тўлайман. Тинмайман. Иш берувчиларнинг олдига бораман. У билан гаплашаман, бу билан гаплашаман. Ишчилардан хабар олиб тураман. Обедини беряптими - текшираман. Эртагаликка иш қидираман. Тўғриси, ўзим эътибор бермаган эканман, “бир кунда 320 минг топасиз экан”, десангиз ўзим ҳам қўрқиб кетдим”. (кулади)

Суҳбатга зўрға кўндирганимиз отрядчи Сурайё билан алоқа шу жойда узилиб қолди. Бироқ бироздан кейин унинг ўзи алоқага чиқиб, “яна бир гапни айтмаса бўлмаслигини” билдириб, деди:

“Пахта терми даврида ҳокимнинг тассруфига ўтамиз. Ўша уч ой биз роса қийналамиз. Биринчи терим далалар ётади. Ишчиларим ўша даладан терсин десам ҳокиликдагилар рухсат беришмайди. Учинчи теримни беради. Олдин шуни терасан, дейди. Кўсаклар очилмаган бўлади. Уриб-уриб очасан дейди. Ишчилар жанжал қилади. Бошқа фермерларга борайлик, уларда пахта яхши дейишади. Ҳоким биринчи мени секторимни терасан, кейин прокурорникини терасан, деб туриб олади. Унгача пахтанинг вазни тушиб кетади. Кило бермай қолади. Тефал-мефал бериб оғзимизни ёпмоқчи бўлади”.

Сурайёнинг айтишича, ҳокимлик отрядчиларга пахта мавсумида уч ой икки миллион сўмдан маош тўлайди.

Ишчи

Раъно деб атаганимиз косонлик аёл отрядчи билан уч йилдан бери ишлайди:

“Отрядчи опага мениям қўшинг, деб ўзим борганман. Битта маҳаллада яшаймиз. Лекин ёшим 50 дан ўтиб қолгани учун ҳар доим ҳам иш бўлавермайди менга. Ёшроқ жувонларни олишади. Ҳафтасига 4- 5 кун иш бўлади. Баъзида 6 кун ҳам бўлиб қолиши мумкин. Декабрда бироз иш тортилиб қолади”.

Ёши 52 га тўлган Раънонинг эри, бир қизи ва икки ўғли бор. Бир ўғли Россияда. Фарзандлари 29, 28, 24 ёшда. Биронтасиниям уйлагани йўқ. Уларга уй-жой қилингани йўқ.

“Бугун байрам бўлгани учун ишлаганим йўқ. Кеча ишга чиқдим. 10 кишини парникчи олиб кетди. Тарвуз-қовун кўчатни чиқариш учун стаканга тупроқ солиб бердик. Эрталаб 7 яримдан 6 гача ишладик. 30 минг сўмдан беришди. Обедга суюқ овқат берди. Шароити яхши эмас экан, бироз совқотдик”, деди Раъно.

Унинг айтишича, шериклари билан қилмаган иши йўқ: “Сабзи ўтаймиз, сомон тўплаймиз, беда ўрамиз, парникларда бодринг узамиз, помидор терамиз, пахта терамиз. Кунлигимизни кунда оламиз. Лекин пахта пайтида ишимизга ҳокимлик аралашади, пулимизни вақтида бермай қийнайди”.

Раънонинг эри ва ўғли қурилиш усталари. Битта ўғли Россияда. Доим ҳам пул жўната олмайди. Иккинчи ўғли отаси билан одамларнинг уйида иш қилади. Уларга ҳам ҳар доим ҳам иш бўлавермайди.

Жорий йилнинг 11 январь куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Эркин Муҳиддинов пандемия даврида ишсизлар сони кескин ошганини айтган. Унинг АОКАдаги матбуот анжуманида айтишича, ўтган йил ярмида мамлакат аҳолиси орасида ишсизлик даражаси 9,3-9,4 дан 13 фоизга кўтарилган. Мулозимнинг айтишича, ўтган йил сентябрида бу кўрсаткич 11,1 фоизга тушнан ва ҳозирда 10 фоиз атрофида.

Вазир ўринбосари бу ишсизлардан қанчасини аёллар ташкил этишини айтмаган. 2019 йил июлида эълон қилинган рақамларга кўра, хотин-қизлар орасида ишсизлик даражаси 13,4 фоизни ташкил этган.

Ўзбек аёллари хорижий мамлакатларга ишлаш учун кетаётган меҳнат мигрантларининг ҳам салмоқли қисмини ташкил этади.

XS
SM
MD
LG