Ўзбекистондаги ўтиш даври ва сўнгги йилларда юз берган ўзгаришлар тадқиқ қилинган “Ипак сароб: Ўзбекистонга ойна ортидан назар” китоби шу кунларда Лондонда тақдим қилинди.
Китоб Каримов давридаги Ўзбекистон билан Мирзиёевнинг “янги" деб аталаётган даврини тадқиқ қилади, асосий трендларни кўрсатиб беради. Китобда ўзбекистонлик ва ғарблик таҳлилчилар фикрларига ўрин берилган.
Жоанна Лиллис - Назарбоев Қозоғистонига оид китоб муаллифи, у Олмаотадан туриб фаолият олиб боради. Жоанна Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач, Ўзбекистон ўз эшикларини очган ғарблик илк журналистлардан бири бўлган.
Марказий Осиёда 20 йилдан ортиқ яшаб, ишлаган ғарблик иқтисодий таҳлилчи ва журналист Жонна Лиллис, Ўзбекистонни “аёвсиз диктатура” билан бошқарган Ислом Каримов даврини “чуқур таҳлил қилиш” орқалигина бугунги президент Шавкат Мирзиёев даврига баҳо бериш мумкин, деб ҳисоблайди.
Буни таъкидларкан муаллиф, Шавкат Мирзиёевнинг - Каримов даврида 13 йил Бош вазир - қаттиққўл раҳбар сифатида танилганини хотирлатади.
“Каримов ўрнини эгаллаган Шавкат Мирзиёев тизим ичида шаклланган одам эди: ўттиз йилдан бери ҳукуматда ишлаб келаётган, қаттиқ гапирадиган 50 яшар аппаратчи; 13 йил давомида бош вазир бўлган қаттиққўл раҳбар обрўсига эга эди”, деб ёзади Лиллис.
Китобда муаллиф, Ўзбекистонни тоталитар давлат сифатида танитган Каримов даври муаммолари - сиёсий ва диний қатағонлар, коррупция, непотизм, шу жумладан Ислом Каримовнинг катта қизи Гулнора Каримова билан боғлиқ можароларни таҳлил қилади.
Лиллис, 330 саҳифалик китобида бугунги Ўзбекистон - Каримов давридан анча ўзгаргани, ҳатто айрим соҳалар бугун таниб бўлмас даражага келганини ҳам эътироф этади:
«Ўзгаришлар кўп ва аксари яхши ўзгаришлар, албатта. Сўз ва дин эркинлигида назорат сусайганини кўрдик, иқтисодий ислоҳотларни ва одамлар бизнес қилиш, ривожланиш имконига эга бўлганини кўрдик. Ҳатто, айрим соҳалар таниб бўлмас даражада ўзгарди, деган бўлардим. Аммо, бошқа тарафдан, ҳануз эски Ўзбекистонга оид ҳолатларни кўраяпмиз – махсус хизматлар ҳануз давлат бошқарувидаги қудратли таъсирини сақлаб турибди. Сўз ва фикр эркинлигига қўйилган қизил чизиқлардан ўтганлар жазоланаётгани, баъзан қамоққа ташланганини кўраяпмиз. Яъни, эски Ўзбекистонда қўлланган чекловлар ва хавотирли амалиётлар ҳануз сақланаётганини кўряпмиз».
Жоанна Лиллис фикрича, Ўзбекистонда ҳануз сақланиб қолаётган муаммолар сирасида - Каримовнинг қизи Гулнора билан бўлгани каби - бугунги президент оиласи ва атрофидагиларни қамраб олган непотизм ҳамда коррупция ҳам айнан давом этмоқда:
“Мирзиёевнинг ўзи Ўзбекистон ҳокимиятидаги эски элитадан чиққан бўлса-да, оила-аъзолари айнан унинг бошқаруви остида бойлик йиғишни бошлади. Айни пайтда, бугунги бош вазир Абдулла Арипов – эски элитанинг вакили. У марҳум президент Ислом Каримов даврида телеком соҳасида миллиардлаб доллар пора олишда айбланган – президент қизи Гулнора Каримова бизнес фаолияти пайтида телекоммуникация соҳасига масъул бўлган. Ҳозир у бош вазир, Мирзиёевнинг ишонган кадрларидан бири. Бошқа тарафдан, Мирзиёев маъмурияти бугунги элитага янги қиёфаларни олиб келди, кўплаб технократларни кўряпмиз. Хориждан чақирилган иқтидорли кишиларни ҳам кўряпмиз ва улар мамлакатга сармоя жалб қилишга уриняпти. Яъни, манзара жуда қоришиқ”.
Ўзбекистонни чорак асрдан кўпроқ бошқарган авторитар раҳбар Ислом Каримов вафотидан сўнг 2016 йилда ҳокимиятга келган Шавкат Мирзиеёв сиёсий айбловлар билан қамалган 50 дан ортиқ инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, журналист ва мухолифат вакилларини озодликка чиқарди.
Каримов даврида қамалган 2 мингдан ортиқ диний маҳкум озод қилинди, тақиқланган диний ташкилот ва ҳаракатларга аъзоликда гумон қилинган шахслар “қора рўйхат”и тугатилгани эълон қилинди.
Бундан ташқари, Мирзиёев Марказий Осиёдаги қўшни давлатлар билан чегараларни очди, охирги қарийб икки ўн йилликда узилиб қолган борди-келдини тиклади. Аммо, чегараларнинг очилиши оддий ўзбекистонликлар гарданидаги бож тўловини енгиллатмади, чекловлардан қутқармади. Худди шунингдек, қамоқхона ва “қора рўйхат”дан чиқарилган диндорлар ҳануз оқланмади.
Мирзиёев ҳокимиятга келгач, нисбатан эркинлашган норасмий ва мустақил матбуот эса, аксар таҳлилчилар фикрича, бугунга келиб яна бўғилмоқда.
“Шахсан мен, хорижликлар мамлакатга киришига рухсат берилмаган 10 йиллардан кейин киритилган илк хориж журналистларидан бири эдим. Менга аккредитация берилган, 2018 йилдан 2023 йилгача Ўзбекистондан хабар узатиш имкони бор эди. Аммо, 2023 йилда муддати тугагач, ҳукумат менга янги аккредитация бермади. Мен хориж журналисти сифатида Ўзбекистондан хабар қилиш имконидан маҳрум қилиндим. Назаримда, ўзбек ҳукумати барча – ўзбек ва хориж журналистлари учун бирдек ишлаш имконини таъминлаши лозим”, дейди журналист Озодлик билан суҳбатда.
Жоанна Лиллисга кўра, мана шу каби ҳолатлар сабаб, 2016 йилда Мирзиёев берган ваъдаларига ҳозирга келиб ишонч бир қадар сўнган.
У ўз китобида бунга далил қилиб, ўзбекистонлик журналист, блогер, тадбиркор, ўқитувчи, давлат мулозими каби ўнлаб зиёли фикрларидан иқтибослар ҳам келтиради.
“Бир гапни айтишдан аввал ўн марта ўйлаб кўришингиз керак: бу ўзингиз учун ёмон оқибатларга олиб келмайдими, шантажга сабаб бўлмайдими, онлайн зўравонликка сабаб бўлмайдими?”, дея журналист Анорa Содиқовадан иқтибос келтиради муаллиф.
"Ҳамма тушунадики, юқоридан бизни рўйхатдан ўтказмаслик ҳақида буйруқ бор", — дейди рўйхатдан ўтиш учун аризаси 14 марта рад этилган инсон ҳуқуқлари фаоли ва собиқ сиёсий маҳкум Аъзам Турғунов.
"Ҳатто ҳозир ҳам, аксар бюрократлар Нодавлат Нотижорат ташкилотларни (ННТ) мухолифат сифатида кўради.“Нодавлат” сўзи уларни ҳали ҳам қўрқитади. Уларда, ННТ — бу мухолифат деган стериотип бор”, — дейди ногиронлар ҳуқуқларини тарғиб қилувчи гуруҳга раҳбарлик қилган Ойбек Исаков.
“Ўзбекистон халқи айрим соҳалар, айниқса иқтисодиётда ислоҳот мевасини ҳис қиляпти ва ижтимоий соҳаларда, Каримов даврига нисбатан бироз бўлса-да фикрини эркин ифода қилиш имкони бўляпти. Айни пайтда одамлар реал трансформацияни кутмоқда. Албатта, Мирзиёев бошида қанақадир катта ўзгаришлар бошлагандек бўлди, аммо ҳозир ортга кетиш бўляпти, назаримда. Менимча, асл ўзгариш бўлмаган соҳа – сиёсат. Ҳануз жиддий сиёсий ислоҳотлар бўлмади. Сайловлар эса, аксар халқаро институтлар назарида, ҳануз эркин ва шаффоф эмас. Мухолиф партиялар йўқ, чунки улар рўйхатга олинмаётир. Назаримда, келгуси қисқа муддатда бундай ўзгаришлар бўлмайди ҳам. Чунки, Мириёев ҳукумати бунга хоҳиш кўрсатгани йўқ, аксинча 2037 йигача ҳокимиятни ўз назоратига олди”, дейди Лиллис.
Айни дамда Жоанна Лиллис Қозоғистонда фаолият олиб боради. У 2005 йилдан бери Қозоғистонда доимий яшайди.
Унинг мақолалари The Economist, The Guardian, The Independent, Eurasianet веб-сайти, Foreign Policy ва POLITICO журналларида чоп этилган.
2001 йилга қадар у Россияда яшаган ва BBC World Service глобал медиа мониторинг хизмати — BBC Monitoring’да ишлаган.
2019 йилда унинг “Қоронғу соялар: Қозоғистоннинг махфий дунёсида” номли китоби нашр этилган.
Форум