Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2018, Тошкент вақти: 06:46

Атмосферадаги ўзгаришлар миллионлаб одамга очлик хавфини солмоқда


Nature Climate Change журналида чоп этилган мақолада ёзилишича, атмосферада карбонат ангидрид (CO2) гази миқдори кўпайиб бораётгани буғдой, гуруч ҳамда бошқа бошоқли экинлардаги озуқ моддалари озайишига олиб келиши мумкин. Бу эса, ўз навбатида, миллионлаб одам озуқа тақчиллигидан азият чекишига сабаб бўлади.

Мақола муаллифларига кўра, карбонат ангидрид гази миқдори ҳозирги суръатларда ўсишда давом этадиган бўлса, аср ўртасигача экинлардаги темир ва рух миқдори 17 фоизга озайиши мумкин.

Тадқиқот муаллифларидан бири Мэтью Смит AFP агентлигига берган интервьюсида:

- Асосан Африка, жануби-шарқий Осиё, Ҳиндистон ва Яқин Шарқда юз миллионлаб одам ушбу озуқа моддалар танқислигига дучор бўлиши мумкин, - деди.

Протеин ҳамда темир ва рух каби минераллар инсон танаси учун муҳим ризқли моддалар ҳисобланади.

Рух тақчиллиги иммун тизимига салбий таъсир кўрсатиб, малярия, ўпка инфекциялари ҳамда бошқа касалликларга чалиниш хавфини оширади.

Темир етишмовчилиги эса оналарнинг туғруқ пайтида ҳалок бўлиши хавфини оширади ва анемияга олиб келади.

Дунё бўйлаб буғдой, гуруч ва жўхори кишилар истеъмол қиладиган озиқ-овқатдаги протеин, рух ва темир миқдорининг тақрибан 40 фоизи манбасидир.

Атмосферадаги қўшимча CО2 2050 йилгача глобал миқёсда аҳоли соғлигига қандай таъсир кўрсатишини аниқлаш учун Смит ҳамкасблари билан 151 давлатда етиштириладиган 225 хил экин учун моделларни ҳисоблаб кўрган.

Бундан аввал ўтказилган изланишлар иқлим ўзгариши натижасида ҳарорат ошиши, қурғоқчилик ҳамда бошқа ҳолатлар глобал озиқ-овқат тизимига салбий таъсир қилишини кўрсатган. Хусусан, иқлим ўзгариши ҳосил озайишига, чорвани иссиқ уришига ҳамда океанлардаги балиқлар сони ўзгаришига олиб келади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозирги кунда бир миллиарддан ошиқ одам бир ёки ундан кўп озиқ-овқат етишмовчилигидан азият чекади.

XS
SM
MD
LG