Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:15

Ижтимоий тармоқлар юзма-юз суҳбатларга салбий таъсир кўрсатмайди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Телеграмма ихтиро қилинганидан бери телевидение, смартфонлар ҳамда ижтимоий тармоқлар каби янги технологиялар юзма-юз муносабатларни озайтириши ва инсон руҳиятига салбий таъсир кўрсатиши ҳақида кўп хавотир билдириб келинади. Аммо Миссури ҳамда Канзас университетлари изланувчилари ижтимоий тармоқлар ижтимоий муносабатларга ёки ижтимоий соғлиққа салбий таъсир кўрсатмаслигини аниқлади.

Миссури университети Журналистика мактаби профессори Майкл Кирни:

- Ҳозирда Facebook ва Snapchat каби иловаларда кўп вақт ўтказиш юзма-юз ижтимоий муносабатлар озайишига олиб келади, деб ишонилади. Аммо натижаларимиз ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш кейинги ижтимоий муносабатларга кучли таъсир кўрсатмаслигини кўрсатди, - деди.

Тадқиқотчилар ушбу назарияни текшириш учун икки синов ўтказган. 2009 йилдан 2011 йилгача ўтказилган синов ижтимоий тармоқлардан фойдаланишдаги ўзгаришлар билан тўғридан-тўғри алоқалардаги ўзгаришлар ўртасида боғлиқлик йўқлигини кўрсатган. Аксинча, ижтимоий тармоқдан фойдаланган изланиш қатнашувчиларининг руҳий аҳволи яхшиланган.

Иккинчи тадқиқот давомида вояга етганлар ҳамда талабалар беш кун давомида SMS орқали сўров қилинган. Тадқиқот натижалари эрталаб ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш кун давомида одамлар билан бўлган алоқаларга ҳеч қандай таъсир қилмаслигини кўрсатган. Аммо, бир вақтнинг ўзида кун бошланганида ёлғиз бўлган одам пассив тарзда ижтимоий тармоқлардан фойдаланса, унинг руҳий аҳволи ёмонроқ бўлиши аниқланган.

Ижтимоий тармоқларни ўрганишда вақт муҳим унсур эканлиги аниқланган. Масалан, Кирнининг айтишича, Facebook каби ижтимоий тармоқларда вақт ўтказиш бошқа ижтимоий мулоқот қилишга халақит қилмаса-да, ҳар қандай тармоқдан фойдаланиш учун сарфланган вақтни юзма-юз мулоқот учун сарфлаш мумкиндир.

- Одамлар Интернет ва бошқа медиада борган сари кўпроқ вақт ўтказмоқда. Бунга сарфланган вақт юзма-юз гаплашишга бағишлаш мумкин бўлган вақт ўрнини олиши мумкин, аммо бу одамлар ушбу ҳолат туфайли ютқазмоқда, дегани эмас, - деди Кирни.

XS
SM
MD
LG