Линклар

Шошилинч хабар
15 май 2024, Тошкент вақти: 18:04

"Ҳақиқат"лар сотилади: Ҳукумат мажбурий обуна қилиб келинган газеталарини хусусийлаштирмоқда


Ёши 102 га кирган “Ўзбекистон овози” газетаси адади 2 минг нусхага ҳам етмаётган, “Тошкент оқшоми” газетаси нашри тўхтаб қолган, бошқа газеталар ҳам зўрға кун кўраётган бир пайтда ҳукумат бир қатор газеталарни хусусий қўлларга ўтказиш жараёнини бошлади.

Ўзбекистон Республикаси президенти 27 октябрда имзолаган фармонга биноан давлатга қарашли 109 та газета, журнал ва нашриётлар хусусий секторга сотилиши лозим.

Фармон имзоланганидан буён қарийб бир ой ўтган бўлса ҳам, сотувга қўйиладиган газеталар рўйхати расман эълон қилинганига доир маълумот йўқ.

Озодликка маълум бўлишича, мамлакат бўйлаб 60 та газета хусусийлаштириладиган бўлиб, улар орасида бир қатор вилоят ва шаҳар ҳокимликларининг совет давридан қолган "ҳақиқат"лари - расмий нашрлари бор.

Президентнинг 27 октябрдаги фармонига биноан 274 та йирик корхона ва хўжалик бирлашмаларининг давлатга қарашли акция пакетлари хусусийлаштирилади. Фармонга бу корхоналар рўйхати илова қилинган.

Битмаётган рўйхат

Президент фармонига хусусийлаштириладиган газета, журнал ва нашриётлар рўйхати илова қилинмаган.

Фармонда сотувга қўйиладиган газета, журнал ва нашриётлар рўйхати Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссияси раиси томонидан тасдиқланиши айтилади.

Фармон имзоланганидан буён қарийб бир ой ўтган бўлса ҳам давлат комиссияси рўйхатни тасдиқлагани тўғрисида маълумот пайдо бўлмади. Давлат комиссиясининг ўзидан сўраш - имконсиз.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) матбуот хизматининг ўзини таништиришни истамаган ходими ҳам, шу идора Хорижий ОА воситалари билан ҳамкорлик қилиш бўлими мудири Мунира Маматказина ҳам газеталар хусусийлаштрилаётганидан бехабар эканликларини билдиришдан нарига ўта олмади. Бу икки ходим билан мулоқотдан уларнинг президент фармонидан ҳам хабарсиз эканлиги англашилди.

Газеталар хусусийлаштирилиши мавзуи маҳаллий матбуотда ҳам тилга олинмаяпти.

Жараён бошланди

“Давлат активлари агентлигидан келиб кадастримизни олишди, бухгалтериямиздан балансимизни, ҳамма ҳужжатларимизни олишди. Шу кунда газета мулкини қайта баҳолашаяпти. Эски стол стулу, эски машиналаргача баҳолашаяпти. Ҳокимимиз (вилоят ҳокими - таҳр.) шу кунда газетани ҳокимият тасарруфида олиб қолишга уриняпти”.

Бу гапни Озодликка 25 ноябрь куни вилоят газеталаридан бири бош муҳаррири исми ҳам, газетаси номи ҳам айтилмаслик шарти билан айтди. Бош муҳаррир ўзига ўхшаб хусусийлаштириш ташвишини бошидан кечираётган бошқа вилоятлардаги ҳамкасблари билан мулоқотда бўлиб турганини билдирди. Унинг айтишича, баъзи вилоятлар ҳокимлари газетани сақлаб қолиш йўлларини қидирмоқда.

“Масалан, фармон чиққанидан буён баъзи газеталар МЧЖга айлантирилди ва жамоага сотиб олиш таклиф қилинди. Лекин камбағал журналистлар битига сотиб оладими?!”, - деди бош муҳаррир.

"109" қаердан пайдо бўлди?

Президент фармонида 109 та газета, нашриёт ва журнал хусусийлаштирилиши айтилган. Бироқ рўйхат ҳанузгача йўқ. Бас, рўйхат ҳали тузилмаган экан, “109” деган рақам қаердан пайдо бўлди?

Бу савол жавоби бош муҳаррирнинг мана бу гапидан сизиб чиқади:

“Аввало, нима учун бу қадар кенг қамровли хусусийлаштириш бошланди, деган саволга ўзим ҳукумат мулозимларидан эшитган изоҳни айтай: биринчи мақсад, давлат активларини хусусийлаштириш билан бюджетни тўлдириш, иккинчидан, халқаро молия ташкилотлари шуни талаб қилаётгани айтилди. 2017 йили АОКАнинг ўша пайтдаги раҳбари таклифи билан кўплаб газеталар, шу жумладан, бизнинг газета ҳам ДУК (Давлат унитар корхонаси - таҳр.) мақомига ўтказилган. Яъни биз “давлат активимиз”. Демак, хусусийлаштирилишимиз керак”.

Бош муҳаррирнинг айтишича, ДУК мақомида бўлган газеталар ҳаммаси бўлиб 60 та.

Озодликка ўша 60 та газетадан камида 6 таси номи маълум. Бироқ баъзилари билан боғлана олмаганимиз, боғланганларимиз эса, ҳокимидан гап тегиб қолишидан қўрқиб, номини аташга рухсат бермагани учун газеталар номи очиқланмаяпти.

Зўрға кун кўраётган газеталар

“XXI аср” газетаси бош муҳаррири Норқобил Жалиловнинг айтишича, шу кунда ўзбек босма матбуоти оғир кунларни бошдан кечирмоқда.

“Адади 100 талик газеталар бор. Ҳатто 21 нусхагина босиладиган газета бор битта туманда. Вилоят миқёсида 500 донадан ошмайдиган газеталар бор”.

“XXI аср” газетаси, бош муҳаррири Норқобил Жалиловнинг айтишича, ҳафтада бир марта, қарийб 3000 нусхада босилмоқда.

ЎзМТРК журналисти, матбуот шарҳловчиси (исми айтилмаслигини сўради) баъзи “катта газета”ларнинг тиражига оид маълумотлар билан ўртоқлашди.

"Янги Ўзбекистон" - 42 минг 35та; "Халқ сўзи" 30 минг 509та; (Бу икки газета ҳафтада 5 кун чиқади)

Ҳафтада уч марта чиқадиган "Ишонч" газетасининг бир сони адади 27 минг774та.

Ҳафтада битта сони дунё юзини кўрадиган "Ҳуррият" газетасининг тиражи 4 минг 4та, "Миллий тикланиш"ники 2 минг 844та, "Ўзбекистон овози" 1 минг 748тагина.

Айни пайтда тўхтаб қолган газеталар ҳам бор: “Тошкент оқшоми” газетасининг сўнгги сони чиққанига 7 ойдан ошди.Газета сайтида қоғоз вариантнинг тўхтатилиши COVID-19 карантини билан изоҳланган.

Айни пайтда Озодликка ҳозирча давлат тасарруфида қолаётган расмий, идоравий нашрларга мажбурий обуна давом этаётгани ҳақида хабарлар келмоқда.

Жумладан, фарғоналик ўқитувчи Халқ таълими вазирининг мажбурий обунани тақиқловчи қатъий буйруғига қарамасдан, мактаб директори ўқитувчиларни мажбурий обунага ундаётганини ёзган.

Шу йилнинг 30 сентябрь куни Тошкентда Ўқитувчилар ва мураббийлар куни муносабати билан ўтган йиғилишда президент Мирзиёев «мажбурий обуна» баҳонасида "ихтиёрий обуна ҳам йўқ қилингани"ни айтган эди.

"Афсуски, биз кейинги йилларда «мажбурий обуна» баҳонасида ихтиёрий обунани ҳам йўқ қилдик. Бунинг натижасида мактаб ва олийгоҳларнинг ўқитувчи ва домлалари ўзлари учун зарур бўлган газета ва журналлардан ажралиб қолди. Шундай аянчли ҳолга келдикки, ҳатто айрим раҳбарлар газета ўқимаслиги билан мақтанадиган бўлдилар", деб айтган Мирзиёев.

Айни чиқишида президент босма матбуот нашрлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга ваъда берган эди.

XS
SM
MD
LG