Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:05

"Эски Ўзбекистон" - Kun.uz АОКА раҳбарини газ-свет муаммосини ёзгани учун босим ўтказишда айблади


АОКА раҳбари Асаджон Ходжаевнинг номи Тошкент Ахборот Технологиялари Университети (ТАТУ)даги “троллар фабрикаси” билан боғлиқ можаро марказида бўлган
АОКА раҳбари Асаджон Ходжаевнинг номи Тошкент Ахборот Технологиялари Университети (ТАТУ)даги “троллар фабрикаси” билан боғлиқ можаро марказида бўлган

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бош директори Асаджон Ходжаев Kun.uz нашрини аҳолининг газ-свет муаммоси ёритилган мақоласи учун "нохолислик"да айблаган ва "жиддий ҳуқуқий оқибатлар"дан огоҳлантирган.

Kun.uz нашри бу ҳақда чоршанба куни таҳририят номидан эълон қилинган мақоласига АОКА раҳбарининг 23 ноябрь куни йўлланган расмий Огоҳлантириш хатини илова қилди.

Хатда Асаджон Ходжаев Kun.uz ни электр энергия ҳамда табиий газни аҳолига етказиб бериш билан боғлиқ жойлардаги муаммоларни "бир томонлама" ҳамда "ҳиссиётга берилган" ҳолда ёритишда айблайди.

AOKA раҳбари Асаджон Ходжаев 23 ноябрь куни Kun.uz таҳририятига юборган хат
AOKA раҳбари Асаджон Ходжаев 23 ноябрь куни Kun.uz таҳририятига юборган хат

Ходжаев шунингдек, нашрни "ҳукумат томонидан аҳолига электр ҳамда табиий газ ва суюлтирилган газ етказиб бериш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, хусусан, ёқилғи энергетика комплексини модернизация қилиш ҳамда истеъмол қилиш соҳасидаги қатор ислоҳотларга атрофлича тўхталмагани" учун танқид қилган.

"Эски Ўзбекистоннинг иси келмоқда"

Kun.uz сайти 22 ноябрь куни «Халққа свет-газ беринг!» – ижтимоий тармоқларда азалий ва оғриқли мавзу» сарлавҳаси остида ижтимоий тармоқларда билдирилган фикрлар жамланган материални эълон қилди.

АОКА раҳбари материалдаги иқтибослар, жумладан, ёзувчи Улуғбек Ҳамдамнинг Фэйсбук тармоғида 22 нобрь куни эълон қилинган ва кўпчилик фойдаланувчилар томонидан бўлишилган "Газсиз ва чироқсиз" сарлавҳали постига эътироз билдирган.

Хусусан, постдаги "ХХI асрда миллатни газсиз ва чироқсиз қолдириш – жиноят, кечириб бўлмас жиноят!" деган сўзларини Президент Администрацияси мулозими «Ўзбекистон ҳукуматини аҳолига нисбатан жиноят содир этишда айблаш" дея талқин қилади.

Ходжаев Kun.uz таҳририятини "келгуси фаолиятда бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик" ка чақириб, "унинг давом этиши жиддий ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқариши"дан огоҳлантирган.

Kun.uz таҳририяти АОКА бош директорининг хатини "журналистик фаолият эркинлигига босим ўтказиш" деб баҳолашини айтмоқда.

"Бу хатти-ҳаракатдан Эски Ўзбекистоннинг иси келмоқда, десак янглишмаган бўламиз", дейилади таҳририят мақоласида.

Бу АОКАнинг оммавий ахборот воситасини биринчи марта огоҳлантириши эмас.

Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситаларига 90 та огоҳлантириш хати берилган. Бу ҳақда АОКАнинг 11 ноябрь куни ёйинланган баёнотида айтилган.

Баёнотда агентлик бугунги шароитда эндигина оёққа тураётган “мустақил ОАВни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида” улар йўл қўйган қонунбузарлик ҳолатлари юзасидан расмий огоҳлантириш билан чекланаётгани ва ўз ваколатидаги бошқа чораларни ҳозирча қўлламай келаётгани қайд этилади.

Маҳаллий журналистлар АОКАни мамлакатда 2002 йилда расман бекор қилинган цензурани қайта тиклаш уринишларида айблашади.

“Троллар фабрикаси”дан АОКАга

Асаджон Ходжаев АОКА раҳбарлигига жорий йилнинг 29 июлида тайинланганди. Бундан аввал бир муддат Президент матбуот хизматига раҳбарлик қилган Ходжаевнинг номи Тошкент Ахборот технологиялари университети (ТАТУ)даги “троллар фабрикаси” билан боғлиқ можаро марказида бўлган.

Ўтган йил сентябрида маҳаллий нашрлар Телеграмдаги махсус гуруҳ аъзоларига Президент Мирзиёевнинг собиқ матбуот котиби бўлган Ходжаев топшириқ бериб тургани ҳақида ёзган.

Telegram гуруҳ скриншотида A.Khodjaev томонидан Facebook'даги мухолиф кайфиятдаги саҳифаларга ҳаволалар ва бу саҳифалардаги "ғаламис фикрлар"га қарши курашиш ҳақида кўрсатмалар берилганини кўриш мумкин.

ТАТУ раҳбарияти Телеграм гуруҳдаги ёзишмалар ҳаққонийлигини тасдиқлаган, аммо “троллар фабрикаси” мавжудлигини рад этганди.

Айни можаро билан боғлиқ маҳаллий нашрларда номи энг кўп тилга олинган Асаджон Ходжаевнинг ўзи расман раддия бермаган.

XS
SM
MD
LG