Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2019, Тошкент вақти: 10:19

Навоий эркин иқтисодий зонасининг янги раҳбари қисқа вақт ичида ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи


51 яшар Ҳабиб Абдуллаев

Москва шаҳар Ўзбеклар миллий-маданий автономияси раҳбари, 1956-1962 йилларда Ўзбекистон Фанлар Aкадемиясига президентлик қилан таниқли геолог ва минеролог​ олим¸ академик Ҳабиб Абдуллаевнинг набираси Ҳабиб Абдуллаев (бобоси билан исми-шарифи айни - таҳр.) “Навоий” эркин иқтисодий зона директори этиб тайинланди.

Озодлик билан телефон орқали гаплашган 51 яшар Ҳабиб Абдуллаев бу лавозимга "Буюк келажак" халқаро экспертлар орасидан танлаб олингани ва иш фаолиятини бошлаганини тасдиқлади.

- Бош вазир билан келишилган ҳолда қарор қабул қилинди, тайинланганим тўғрисида ҳужжат имзоланган. Шанба куни ишни бошладим. Бунгача ҳам мен Россиядаги эркин иқтисодий зоналарда ишлаб келганман. Мен у ерда ҳам инвесторлар ва резидентларни бу зоналарга жалб қилишга жавобгар эдим. Бу иш мен учун янгилик эмас - 2010 йилдан буён шу соҳадаман.

Содда қилиб айтсам, янги вазифам бу ҳудудда ишлаб чиқаришни ривожлантиришга эришишдир. Бу маҳсулотларнинг экспорт ёки импорт қилинадиган товарлар ўрнини босувчи бўлиши мақсадга мувофиқдир¸ дейди Ҳабиб Абдуллаев.

Ҳабиб Абдуллаев шунингдек¸ ҳукумат ташаббуси билан тузилган “Буюк келажак” ватандош мутахассислар уюшмасининг бир нечта аъзоси аллақачон Ўзбекистонда юқори лавозимларда иш бошлаганини қўшиб ўтди.

Ҳабиб Абдуллаев ота-онаси билан
Ҳабиб Абдуллаев ота-онаси билан

600 гектарлик “Навоий” ЭИЗ республика саноат салоҳиятини, ишлаб чиқариш, транспорт-транзит ва ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида 2017 йилнинг март ойида ташкил топган.

Ҳабиб Абдуллаевга кўра¸ ҳозирда бу зонада газ баллонлари, фармацевтика товарлари, мобил телефонлар ва планшетлар ҳамда автомобил эҳтиёт қисмлари каби маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи 18 корхона фаолият юритмоқда.

- Тафсилотларга тўхталиб ўтирмайман, аммо менга катта ваколатлар берилди. Ҳозирча эркин ҳудуд фаолиятини бошқарувчи норматив ҳужжатлар охиригача қабул қилинганича йўқ, аммо мен олдин яратилганни бузиш истагида эмасман, аксинча борини ривожлантириш ва янги замонавий имкониятларни ишга солмоқчиман, бирқанча синовдан ўтган моделларни жорий этмоқчимиз. Қисқа вақт ичида натижа кўрсатишимиз керак, дейди суҳбатдош.

Ҳабиб Абдуллаев “Навоий” эркин иқтисодий зона директори этиб тайинланишидан олдин Москвадаги “Рикор” технопарки бош директори лавозимида ишлаган. У Москвадаги Ўзбек миллий-маданий автономияси раиси, «Ўзбегим» газетаси ношири ҳамдир.

Шарҳларни кўринг (7)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG