Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2018, Тошкент вақти: 11:55

Фарғонадан Қорақалпоғистонга юз нафар чорвадор фермер "десанти" ташланди


Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев вилоятдаги чорвачилик фермер хўжаликларидан 100 таси раҳбарини чорвадорлик қилиш учун Қорақалпоғистонга мажбуран юборяпти.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган чорвадор фермерларнинг айтишича, фермерларнинг бир қисми 5 январь куни Қорақалпоғистонга учиб кетган.

Фермерларга, Қорақалпоғистонда чорвачилик фермер хўжаликларини қандай ташкил қилиш ҳақида, ўша ерга етиб боргандан сўнг батафсил айтилиши билдирилган.

Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманидаги чорвачилик фермер хўжалигининг исми сир қолишини сўраган раисининг айтишича, бу ҳақда 4 декабрь куни вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев аниқ топшириқ берган:

“Бу гап дастлаб 31 декабрда, 150 нафар чорвачилик фермерлари қатнашган йиғилишда очилган эди. Ўшанда вилоят ҳокими "Қорақалпоғистонга бориб чорвачилик билан шуғулланасизлар", деган эди. Кеча барча тумандаги чорвачилик фермерларини ўз ҳокимиятига йиғиб, селекторда айтди. Ҳоким “ҳар бир фермер Қорақалпоғистонда 100 гектардан ер оласан, ўша ерда чорвачилик, деҳқончилик қиласан, бу ердаги фермер хўжаликларингнинг иши ҳам кетаверади”, деди. Ҳокимнинг айтишича, Фарғона вилоятига 10 минг гектар, Андижон вилоятига 5 минг гектар ер ажратилган экан”, деди фермер.

Олтиариқ тумани ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими, ҳақиқатан ҳам фермерлар Қорқалпоғистонга юборилаётганини тасдиқлади:

“Вилоят ҳокими Қорақалпоғистонда чорвачиликни ривожлантириш имконияти кенглиги ҳақида гапирди. Лекин, ҳали бу қандай ривожлантирилади, чорванинг озуқа базаси қандай яратилади, чорва қаердан олинади, бу ҳақда ҳеч гап йўқ. Вазиятни жойига бориб ўрганишар экан”, деди ҳокимлик мулозими.

Фарғона вилоят ҳокимлигининг исми сир қолишини сўраган мулозимига кўра, Қорақалпоғистонга бориб чорвачилик қиладиган фермерларга паст фоизли кредит ваъда қилинган:

“Рости гап, биз ҳам бундан мақсад нима эканлигини билмаймиз. Ҳамма нарса ўша ерга бориб тушунтирилади экан. Ҳоким ўша ерда ишлайдиган фермерларга 6 фоизли кредит ваъда қилган. 50 гектардан 100 гектаргача ер ажратиб берилади экан. Бугун фермерларнинг бир қисми Тошкентдан самолётда учиб кетди. Ҳоким ўзим ҳам сизлар билан бирга бораман, деган”, деди ҳокимлик мулозими.

Фурқат туманида фермерлик қилаётган Очил Бегматовнинг чорвадор фермер таниши гапига таяниб айтишича, чорвадорлар Қорақалпоғистондаги вазият билан таништириш учун олиб кетилмоқда:

- Мен ўша ёққа кетаётган бир фермер билан гаплашдим. Уларга самолётга ҳокимиятнинг ҳисобидан билет олиб беришибди. Бориб кўринглар, маъқул бўлса истаганингча ер олиб, ишлагин дебди. Ҳозирча унинг ҳам билгани шу экан. Айни пайтда уларни самолётда олиб кетишяпти, экан, деди Очил Бегматов.

Очил Бегматов фикрича, уйидан минг километр узоқда бўлган жойда чорвачилик қилиш фермер учун оғир бўлади:

- Қорақалпоғистон чўл ҳудуд, президент айтмоқчи у ерда қизилмия яхши бўлади экан. Лекин қизилмия билан мол семирмайди. Аммо, уруғини қўй ейди, эчки ейди, семиради. Чорвачиликни йўлга қўйиш учун камида ўн йил керак. Менинг фикрим, бу нотўғри иш. Масалан, бизда шундай ерлар бор, гектари бир тонна пахта бермайди. Ана шундай ерларни яхшилаб, ўт экиб, мелиоратив ҳолатини яхшилаб молни кўпайтириш керак. Кунжара, шелухани арзонроқ қилиб берсин. Шу ерда ҳам молни кўпайтириш мумкин, дейди Очил Бегматов.

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг 20 январида Қорақалпоғистонга қилган ташрифи чоғида, пахта майдонларини босқичма-босқич қисқартириб, чорвачиликни ривожлантириш тўғрисида кўрсатмалар берган эди.

Лекин, фарғоналик чорвадор фермерларни Қорақалпоғистонга "десант" қилиб ташлаш ҳақида ҳукуматнинг қарори чиққани борасида Озодликда маълумот йўқ.

Ўтган йилнинг сентябрь ойида Бош прокуратура мамлакат чорвачилик тизимини текшириб, статистик ҳисоботларда қўшиб ёзиш ҳолатларини аниқлаган эди. Масалан, Навоий вилоятида 144,6 минг ва Қорақалпоғистон Республикасида 19,3 минг чорва бош сони қўшиб ёзилган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG