Линклар

Шошилинч хабар
24 июн 2019, Тошкент вақти: 18:41

Мусулмонлар идораси имомнинг кўчирмачилик қилганини тан олди


Фарғона вилоят бош имом-хатиби Салим қори Қодиров (ўнгдан биринчи) китобхонлар билан.

Ўзбекистон Mусулмонлари идораси Фарғона вилоят бош имом-хатиби ёзган китобнинг учдан бир қисми бировнинг китобидан кўчирилганини тан олди.

Имом-хатиб ёзган китоб матнининг учдан иккидан кўпроқ қисми китобларидан кўчирилганини айтаётган олима муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоялаш учун ҳаракатини давом эттиришини билдирди.

Бош прокуратура матбуот хизматига кўра, плагиат ҳолати бўйича вилоят прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фарғона вилоят бош имом-хатиби Салим қори Қодировнинг “Аёлни эъзозлаган дин” китоби плагиат, бу китоб юридик фанлар номзоди Нигора Юсупованинг “Исломда аёл ҳуқуқлари” монографиясидан кўчирилган. Бундай хулосага тилга олинган икки китобни қиёслаб ўрганган Экспертлар гуруҳи келгани тўғрисида Озодлик хабар қилган эди.

Салим қори Қодировнинг китоби
Салим қори Қодировнинг китоби

7 майда эълон қилинган мақолани тайёрлаш жараёнида Озодлик Нигора Юсупованинг онаси Мунаввар опа билан гаплашган, у 7 май куни Мусулмонлар идорасидан хат олгани айтар экан, "Хатда Салим қори Қодиров кўчирмачилик қилгани, лекин кўчирма ҳажми 31 фоизгина экани айтилган", деган эди.

Мақола эълон қилинган куннинг эртасига Озодликка бошқа манбадан Мунаввар опа айтган хатнинг нусхаси етиб келди.

Нигора Юсупованинг вакили Камолиддин Юсупов номига ёзилиб, идорадан 11 апрелда чиққан, Мусулмонлар идораси раис ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур имзолаган хатда бундай дейилган:

“Сизнинг даъвоингиз бўйича Салим қори [Қодиров] Н. Юсупованинг асаридан 70% кўчирган. Аммо солиштириб кўрилганда 32% фойдалангани маълум бўлмоқда”.

Мусулмонлар идораси ўзининг қисқагина хати давомида даъвогар томонга вазиятнинг ечимини ҳам таклиф қилган:

“...мурожаатда кўтарган масалангиз бўйича Салим Қодиров билан келишиб, ўзаро муроса қилишингиз, мақсадга мувофиқдир”.

Мусулмонлар идораси хати
Мусулмонлар идораси хати

Мусулмонлар идораси “келишиб” деганда нимани назарда тутгани мактуб мазмунидан англашилмайди. Пайдо бўлган саволни бериш учун Мусулмонлари идораси хатини имзолаган, Салим қори Қодировнинг китобига масъул муҳаррирлик қилган, китобга сўзбоши ёзган шайх Абдулазиз Мансур билан Озодлик мухбири яна боғлана олмади.

9 май куни “Исломда аёл ҳуқуқлари” монографияси муаллифи, юридик фанлар номзоди Нигора Юсупова Озодликка Мусулмонлар идораси хати куни кеча келганини тасдиқлар экан, Салим қори Қодиров билан нимани “келишиши” кераклигини тушунмаганини, у фақат “ўз муаллифлик ҳуқуқлари ҳимояланишини истаётганини” билдирди.

Бош прокуратура матбуот хизмати Озодликнинг мавзу юзасидан сўровига 8 май куни жавоб берди.

Нигора Юсупованинг монографияси
Нигора Юсупованинг монографияси

Прокуратура жавобидан маълум бўлишича, Фарғона шаҳрида яшайдиган Камолиддин Юсупов опаси, Тошкент Ислом университети доценти Нигора Юсупованинг муаллифлик ҳуқуқларини бузди деб, вилоят бош имом-хатиби Салим Қодировнинг устидан Фарғона вилоят ҳокимлигига арз қилган. Ҳокимлик аризани вилоят прокуратурасига юборган.

“Салим Қодиров “Аёлни эъзозлаган дин” китобини ёзишда Нигора Юсупованинг “Исломда аёл ҳуқуқлари” китобидан муаллифлик ҳуқуқини ўзлаштириб олиш ҳолатлари ҳамда муаллифлик ҳуқуқлари бузилганлиги мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлаш мақсадида 2019 йилнинг 30 апрелида вилоят прокуратурасининг жиноят ҳақидаги ариза ва хабарларни қайд этиш китобига рўйхатга олиниб, шу куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси суд-адабиётшунослик экспертизаси тайинланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилган Бош прокуратура матбуот хизматининг Озодлик сўровига жавобида.

Жавобда суд-адабиётшунослик экспертизаси 30 апрелда тайинлангани айтилган.

Бироқ нусхаси Озодликда мавжуд Экспертлар хулосасида суд-адабиётшунослик экспертизаси вилоят прокуратураси 10.1- бўлим бошлиғи К. Алихўжаевнинг 2019 йил, 18 апрелдаги 10.01-980-19 сонли хатига асосан ўтказилгани айтилган.

Экспертлар хулосаси муқаддимаси
Экспертлар хулосаси муқаддимаси

Хўш, суд-адабиётшунослик экспертизаси 30 апрелда тайинланганми ёки 18 апрелдами?

Бу саволга жавоб ҳозирча йўқ. Лекин яқин вақт ичида пайдо бўлиб қолиши мумкин. Чунки Бош прокуратура матбуот хизматининг 8 майдаги жавобида плиагиат масаласи юзасидан бошланган терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилаётгани хабар қилинар экан, “натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади”, дейилган.

P.S.: Мақола эълон қилингач, 10 май куни Бош прокуратура матбуот хизмати плагиат масаласи юзасидан тайинланган суд-адабиётшунослик экспертизалари юзасидан пайдо бўлган ва мақолада акс этган саволга жавоб берди.

Маълум қилинишича, 18 апрелда тайинланган суд-адабиётшунослик экспертизасини Фарғона давлат университети ўқитувчиларидан иборат Экспертлар гуруҳи ўтказган.

30 апрелда эса, иккинчи экспертиза тайинланган бўлиб, уни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси ўтказади.

XS
SM
MD
LG