Линклар

Шошилинч хабар
18 сентябр 2019, Тошкент вақти: 04:34

Экспертлар: Фарғона бош имом-хатиби китобини олиманинг китобидан кўчирган


Салим қори Қодировнинг “Аёлни эъзозлаган дин” китоби муқоваси.

Фарғоналик Экспертлар гуруҳи ўтказган суд-адабиётшунослик экспертизаси хулосасига кўра, Фарғона вилоят бош имом-хатиби Салим қори Қодировнинг “Аёлни эъзозлаган дин” китоби плагиатдир. Бу китоб юридик фанлар номзоди Нигора Юсупованинг “Исломда аёл ҳуқуқлари” монографиясидан кўчирилган.

Бу хулоса, айни пайтда, ЎзА ахборот агентлигида сўнгги бир ойдан бери чоп этилган бир неча мақолага ҳам ўзига хос хулосадир.

Бироқ плагиаторлик қилгани айтилаётган имомнинг ҳаракатига қандай юридик баҳо берилиши ҳозирча номаълум.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида муаллифлик ҳуқуқларини бузган шахс жиноий жавобгарликка тортилиши белгилаб қўйилган.

Экспертлар: Фарғона бош имом-хатиби китобини олиманинг китобидан кўчирган
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:54 0:00
Бевосита линк

Нусхаси Озодликка келиб тушган “Суд-адабиётшунослик экспертизаси хулосаси” деган икки варақли ҳужжатда икки китоб - Фарғона вилоят бош имом-хатиби Салим қори Қодировнинг “Аёлни эъзозлаган дин” китоби ҳамда юридик фанлар номзоди Нигора Юсупованинг “Исломда аёл ҳуқуқлари” монографияси – бир-бирига қиёслаб ўрганилгани, натижада экспертлар биринчи китоб иккинчисидан кўчирилган, деган хулоса келгани айтилган.

Ҳужжатдан экспертизани Фарғона вилоят матбуот бошқармаси бошлиғи Умид Жабборов ҳамда Фарғона давлат университетининг тўрт ўқитувчисидан иборат Экспертлар гуруҳи Фарғона вилоят прокуратурасининг 2019 йил, 18 апрелдаги сўровига биноан ўтказилгани англашилади.

​Экспертлар гуруҳи аъзоларидан бири Озодлик саволларига жавобан вилоят бош имом-хатиби Салим қори Қодировнинг “Аёлни эъзозлаган дин” китоби экспертизасида қатнашганини, экспертлар гуруҳи 5 кишидан иборат бўлганини, прокуратурага топширилган ҳужжат 2 варақдан иборат эканлигини ҳамда хулоса мазмунини тасдиқлади.

Озодлик саволларига жавоб берган Экспертлар гуруҳи аъзоси вилоят прокуратураси олдида хулосани ошкор қилмаслик мажбурияти борлигини айтиб, исмини ошкор қилмасликни сўради.

Муфтий таҳрир қилган китоб

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовнинг умумий таҳрири остида, шайх Абдулализ Мансурнинг масъул муҳаррирлигида унинг сўзбошиси билан 20 минг нусхада босилган “Аёлни эъзозлаган дин” китобининг кўчирмачилик маҳсули эканлиги иддао қилинган мақолани шу йилнинг 12 апрелида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) эълон қилган эди.

Мақола муаллифи (Сарвар Олим) мавзуни ўрганар экан, юридик фанлари номзоди, “Исломда аёл ҳуқуқларини ўрганишнинг назарий-татбиқий жиҳатлари” мавзуидаги диссертация ҳамда ушбу диссертация натижаси сифатида 2006 йилда нашр этилган “Исломда аёл ҳуқуқлари” монографияси муаллифи Нигора Жалолиддин қизи Юсупова билан гаплашган.

Нигора Юсупованинг айтишича, муаллифи Салим қори Қодиров бўлган 116 бетлик “Аёлни эъзозлаган дин” китобининг 87 бети унинг юқорида тилга олинган диссертацияси ва монографиясидан кўчирилган.

Сарвар Олимнинг ёзишича, Салим қори Қодиров Нигора Юсупованинг китобидан ташқари бошқа олимларнинг, масалан, Бурҳониддин Марғинонийнинг ҳам сўзларини ўзлаштириб олган.

"Плагиатни текшириш бизнинг ишимиз эмас"

Мавзуни ўрганиш жараёнида Озодлик плагиат можароси ЎзАда эълон қилинган мақолагача бошланганини аниқлади.

Жорий йилнинг 3 апрелида Дин ишлари бўйича қўмита раис ўринбосари Н. Абулҳасан Нигора Юсупованинг вакили Камолиддин Юсуповнинг мурожаатига жавобан “плагиатга қўл урилгани масаласи Қўмита ваколатлари доирасига кирмаслигини” маълум қилган ва Интеллектуал мулк агентлигига мурожаат қилишни тавсия қилган.

Дин ишлари бўйича қўмита бу масалага орадан 21 кун ўтиб, 24 апрель куни ЎзА сайтида қайтади. Бу галги янги гап будир:

“Қўмита мутахассиси монография муаллифи Н.Юсупова ва фуқаро К.Юсуповлар билан телефон орқали боғланиб, вазиятнинг қонуний ҳал этиш йўллари бўйича ўз таклифларини берган ҳамда ушбу масала бўйича вазият тўлиқ ойдинлашгунга қадар С.Қодиров муаллифлигидаги “Аёлни эъзозлаган дин” китобининг қайта нашрлари тўхтатиб қўйилганини маълум қилган”.

Дин ишлари бўйича қўмитанинг бу жавоби эълон қилинишидан 3 кун муқаддам - 18 апрелда эса, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раис ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур Нигора Юсупованинг вакили мурожаатига жавобан ҳар иккала муаллифнинг китоби синчковлик билан ўрганиб чиқилганини хабар қилар экан, бундай деган:

“... “Аёлни эъзозлаган дин” китоби плагиатлик эмас, деб топилди. Зеро, бу мавзуда ўнлаб-юзлаб муаллифлар ҳам қалам тебратиши мумкин”.

Бу жавобни ёзган шайх Абдулазиз Мансур “Аёлни эъзозлаган дин” китобига масъул муҳаррирлик қилган, унга сўзбоши ёзган.

Мавзуни ўрганиш жараёнида Озодлик олима Нигора Юсупова билан боғлана олмади. Унинг онаси Мунаввар опанинг Озодликка айтишича, 7 май куни у Мусулмонлар идорасидан хат олган. "Хатда Салим қори Қодиров кўчирмачилик қилгани, лекин кўчирма ҳажми 31 фоизгина экани айтилган", деди Нигора Юсупованинг онаси.

Фарғона вилоят имом-хатиби Салим қори Қодировники дейилган телефонни унинг ҳайдовчиси кўтарди. Раҳбарининг президент ўтказаётган мажлисда эканлигини (Президент Мирзиёев 7 май куни Фарғонада эди), унинг телефон тутмаслигини, мажлис тугагач саволимизни етказажагини айтди. Бироқ шундан сўнг телефонини очмади.

Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқлари 2006 йилнинг 20 июлида имзоланган “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонун билан ҳимоя қилинади.

Муаллифлик ҳуқуқларини бузганлар эса, Жиноят кодексининг 149-моддасига (“Муаллифлик ёки ихтирочилик ҳуқуқларини бузиш”) биноан жиноий жавобгарликка тортилади.

149-моддада бундай дейилган:

Тафаккур мулки объектига нисбатан муаллифлик ҳуқуқини ўзлаштириб олиш, ҳаммуаллифликка мажбурлаш, шунингдек, тафаккур мулк объектлари тўғрисидаги маълумотларни улар расман рўйхатдан ўтказилгунга ёки эълон қилингунга қадар муаллифнинг розилигисиз ошкор қилиш —

энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваридан етмиш беш бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

XS
SM
MD
LG