Эрон судьялари ҳижоб ўрамагани учун ҳукм қилинган уч нафар таниқли актрисага оила ва жамиятга қарши руҳий касал, деб ташхис қўйди. Бунинг ортидан мамлакатнинг етакчи психологлари “суд тизимида психиатрия ва психология суиистеъмол қилинаётгани”ни қоралади.
Яқинда Теҳрон Жиноят суди актрисалар Озода Самадий, Лайло Болукат ва Афсона Байеганга ҳукм ўқиб, уларга руҳий хасталик ташхисини қўйганидан сўнг, мамлакатнинг тўртта етакчи психиатрия кенгаши раҳбарлари ҳукмни танқид қилиб чиқди.
“Руҳий бузилишларни ташхислаш судьянинг эмас, психиатрнинг иши. Худди шундай, бошқа касалликларни ташхислаш ҳам судьялар эмас, балки шифокорлар зиммасидадир”, деган психиатрлар олий судья Ғуломҳусайн Моҳсени Эжей номига ёзган очиқ хатида. Мактуб Эрон матбуотида 20 июль куни чоп қилинган.
Охирги ойларда мамлакатда ҳижоб ўраш бўйича қатъий талабни бузиб, уч актриса омма олдига ҳижобсиз чиққан. Бу талаб сўнгги ойларда бутун мамлакат бўйлаб норозилик намойишларига сабаб бўлган эди.
Кўплаб таниқли аёллар 22 ёшли Маҳса Аминий ўтган йил сентябрь ойида ҳижоб ўрамаганликда айбланиб ҳибсга олинганидан кейин вафот этгани ортидан кўтарилган намойишларга хайрихоҳлик билдирди.
Ҳижоб талабини бузганлар икки йилгача қамоқ жазосига ҳукм этилиши мумкин, бироқ таклиф қилинаётган қонунга кўра, такрор жиноят содир этганлар учун жазо муддати уч йилгача оширилади.
Байеган кино тадбирига рўмол ўрнига шляпа кийиб келгани учун икки йиллик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Унинг ижтимоий тармоққа жойлаган тадбирдаги сурати суд жараёнида далил сифатида тақдим этилгани хабар қилинган.
61 ёшли кино ва телевидение актрисаси учун қўшимча жазолар сифатида яна икки йилга саёҳат қилиш, интернет, ижтимоий тармоқлар ва мобил хизматлардан фойдаланиш тақиқланди ҳамда икки ой ичида номи айтилмаган бир китобни ўқиб, конспект ёзиш талаб қилинди.
Шу ҳафта ҳукм чиқарилишидан олдин, Байеган 12 июль куни судга чақирувдан сўнг ўз ишидан кетишини эълон қилди.
Аввалроқ 42 ёшли Болукат ҳижобсиз тушган суратларини ижтимоий тармоқларга жойлаштириб, “жамоат ахлоқи ва иффатига путур етказганлик” айби билан икки йиллик касбий фаолият билан шуғулланишдан четлаштириш билан бирга олти ойга қамалган эди. Шунингдек, Болукатга мамлакатдан чиқиб кетиш тақиқланган ва унга ҳам бир ой ичида номи айтилмаган китобни ўқиб чиқиш ва қисқача мазмунини ёзиш буюрилган.
Дафн маросимида ҳижоб ўрнига шляпа кийгани учун ҳибсга олинган 44 ёшли Самадийга шу ой бошида ҳеч қандай қамоқ жазоси тайинланмаган, бироқ олти ой давомида мобил телефонидан фойдаланиш тақиқланган ва барча ижтимоий тармоқ аккаунтларини деактивлаштириш буюрилган.
Аёлларга жазо тайинлаш билан бирга уларга "аксил-ижтимоий ва оилага қарши" характерни намоён қилувчи руҳий хасталик ташхисини қўйиш, улардан мунтазам психологик даволанишни талаб қилиш ва руҳий саломатлигини тасдиқловчи маълумотнома олиб келишни талаб қилиш судларнинг иши эмаслигини таъкидлаган етакчи психиатрлар.
"Қарор матнида аксил-ижтимоий касалликни ташхислаш учун далил сифатида кўрсатилган белгилар мувофиқ, мантиқий ва ишонарли эмас", деган Психосоматик тиббиёт илмий уюшмаси, Психиатрлар илмий ассоциацияси ва Психосоматик тиббиёт илмий ассоциацияси, Психотерапия илмий уюшмаси ва Эрон Психология Ассоциацияси раҳбарлари.
Қўшма мактубда таъкидланишича, "руҳий касаллик ва оилага қарши шахс" ташхиси "ғайриилмий ва ғалати", психиатрлар учун тушунарсиздир.
Мактубда психиатрлар уч актрисага нисбатан ҳукмларни ўзгартиришга чақиради.
Теҳронлик адвокат Муҳаммад Ҳусайн Ағосий 21 июль куни Озод Европа/Фарда радиосига берган интервьюсида, “судьялар ҳуқуқий тамойилларни тўлиқ тушунмаганликлари ёки жуда асабийлашиб, айбланувчилардан хафа бўлган бўлса керакки, айбланувчилар қадр-қимматини бунчалик ерга уришган”, деди.
Аминий ўлимидан сўнг Ислом Республикаси бўйлаб ҳижобга қарши намойишлар бошланганидан кейин бошқа актрисалар ҳам ҳибсга олинган ва таъқиб қилинган.
Ўтган ҳафта Ислом маданияти ва тарбияси вазири ўринбосари Муҳаммад Ҳошимий ҳукумат кинокомпанияси ҳижоб ўрашдан бош тортган актрисани ишга олишига йўл қўймаслик чораларини кўрганини маълум қилган эди. Ҳошимий исм-шарифини айтмаган бўлса ҳам, ОАВда айтилишича, у июнь ойида ижтимоий тармоқларда ҳижобсиз тушган суратини жойлаштирганликда айбланган 44 ёшли Шағоя Деҳғонни назарда тутган.
"Ғазабнок жамият" босимига ишора қилиб, қатор мукофотлар соҳибаси бўлган актриса Ҳангома Ғазиани яқинда рўмол ўрамагани учун ҳибсга олинганидан кейин 53 ёшида ишидан кетажагини билдирган. 39 ёшли актриса Тарона Алидўсти ва 61 ёшли Катаюн Риаҳи ҳам ҳибсга олинган.
Актёрлар ва кино ҳамжамиятлари актрисалар атрофида бирлашди ва Эрон Кинорежиссёрлари Уюшмаси ва Кино продюсерлари уюшмаси шу ҳафта қўшма хат эълон қилиб, Болукат ва Самадийга нисбатан чиқарилган ҳукмларни "барча кино аҳлига нисбатан ҳақорат" деб атади.
“Биз бундай ҳукмлар туфайли қаттиқ ҳўрланган барча эронлик кино актрисалари ва режиссёрларини тўла қўллаб-қувватлаймиз”, дейилади мактубда.
Форум