Линклар

Шошилинч хабар
08 июл 2020, Тошкент вақти: 15:57

Дунёда COVID-19 дан ўлганлар сони 30 мингдан ошди, АҚШ инфекция ўчоғига айланди


Муваққат ўликхона, 25 март, 2020, Нью Йорк, АҚШ

Жаҳон бўйлаб COVID-19 инфекциясидан вафот этганлар сони 30 минг нафардан ошди.

Ўлимларнинг учдан икки қисми Европада қайд этилди.

Ҳозир АҚШ коронавирусга чалинганлар сони бўйича дунёда биринчи ўринга чиқди.

Сўнгги маълумотларга кўра, бугунга қадар АҚШда 124 мингдан ошиқ одам вирусга чалинган.

Нью-Йорк штатида вирусга чалинганлар сони ўсиб бораётган бўлишига қарамасдан, президент Дональд Трамп маҳаллий сиёсий етакчилар қаршилиги туфайли штатни карантинга олиш фикридан воз кечди. Трамп бундай қарорга Оқ уй коронавирус ишчи гуруҳи тавсияси билан келганини айтди.

28 март куни Трамп карантин жорий қилиш ўрнига АҚШнинг Касалликлар назорати ва уларнинг олдин олиш марказлари (CDC) Нью-Йорк, Нью-Жерси ҳамда Коннектикут штатларига саёҳат қилиш хавфи ҳақида огоҳлантириш эълон қилишини айтди.

Аввалроқ президент Нью-Йорк штатида карантин жорий қилиши мумкинлигини айтган эди. Аммо Нью-Йорк губернатори Эндрю Куомо ва Нью-Жерси губернатори Нед Ламонт бундай чора ваҳима келтириб чиқариши ҳамда молиявий бозорларга катта зиён келтиришини айтиб, унга кескин қарши чиқишди.

Янги коронавирус штамми келтириб чиқарадиган COVID-19 касаллиги пандемияси бошқа мамлакатлар каби АҚШ иқтисодини қийин аҳволга солиб қўйди. 27 март куни Трамп иқтисодни дастаклашни кўзловчи 2 триллион доллар қийматга эга ёрдам режасини имзолаган.

Шунингдек, президент автобомиль ишлаб чиқарувчи ширкатларга вентилятор, яъни сунъий нафас олдириш мосламаларини ишлаб чиқаришни буюрди. Бундан ташқари, президент Пентагонга собиқ қўшинлар ҳамда Миллий гвардия аъзоларини сафарбар қилиш имконини берувчи қонунни имзолади.

Хитойнинг Ухан шаҳрида 2019 йил декабрь ойи охирида аниқланган коронавирусини юқтириб олганлар сони бугунга қадар жаҳон бўйлаб 665 минг нафардан, вафот этганлар сони эса 30 минг нафардан ошди.

Пандемиядан энг кўп азият чекаётган Европа давлатлари - Италия ва Испанияда 28 март куни 1600 дан ошиқ бемор вафот этди.

Шу пайтгача Италияда касаллик туфайли 10 мингдан ошиқ одам ҳалок бўлди. 6 мингдан ошиқ фуқароси ёстиғи қуриган Испания эса ҳалок бўлганлар танасини сўнгги манзилга элтиш учун ҳарбийлар сафарбар қилинишини эълон қилди.

Россия эса коронавирусга қарши кураш доирасида 30 март куни ўз чегараларини ёпмоқчи. Аммо дипломатлар ҳамда юк машиналари ҳайдовчилар ҳаракати чекланмайди. Россия расмийларининг маълум қилишича, бугунга қадар мамлакатда 1264 нафар одам коронавирусни юқтирди, уларнинг 7 нафари вафот этди.

Ўзбекистонда бугунга қадар 133 нафар одам вирусга чалинди. Уларнинг 2 нафари вафот этди, 7 бемор эса соғайиб, шифохонадан чиқди.

Бу орада икки ой карантинда бўлган Ухан шаҳрида чекловлар бекор қилиниб, ҳаёт қайта изга туша бошлади. 28 март куни шаҳар чегаралари очилиб, айрим транспорт хизматлари қайта йўлга қўйилди.

Халқаро валюта жамғармаси пандемия туфайли глобал иқтисод аллақачон бўҳронга юз тутганини айтмоқда. 27 март куни болгариялик иқтисодчи Кристалина Георгиева ривожланаётган давлатлар COVID-19 келтириб чиқарган кризисдан чиқиши учун камида 2,5 триллион доллар молиявий ресурсга муҳтож бўлишини таъкидлади.

COVID-19 пандемияси билан боғлиқ бошқа маълумотлар Озодлик жонли блогида:

XS
SM
MD
LG