Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:41

"Док-1 Макс" иши: Фармагентликнинг собиқ раҳбарлари ва ҳинд фуқароси узоқ йилга қамалди


23 нафар айбланувчига нисбатан суд ҳукми Тошкент шаҳар судида 26 февраль соат 15:00 да ўқилди.
23 нафар айбланувчига нисбатан суд ҳукми Тошкент шаҳар судида 26 февраль соат 15:00 да ўқилди.

Тошкент шаҳар судида "Док-1 Макс" иши бўйича 23 нафар айбланувчига нисбатан суд ҳукми эълон қилинди. Мазкур иш доирасида асосий айбланувчилар сифатида кўрилаётган Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги собиқ директори 18 йилга, Quramax Medikal директори Рагневдра Пратар эса 20 йилга қамалди.

Тошкент шаҳар судида "Док-1 Макс" иши бўйича 23 нафар айбланувчига нисбатан суд ҳукми 26 февраль куни маҳаллий вақт билан соат 15:00 да ўқилди.

Суд қарори билан Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги собиқ директори Сардор Кариев 2,5 йилга давлат идораларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, 18 йилга қамалди.

Фармагентлик собиқ директорининг ўринбосарлари Амирхон Азимов ва Нодирбек Мусаев 2 йил 6 ой муддатга давлат органларида раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 16 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Quramax Medikal директори бўлган Ҳиндистон фуқароси Рагневдра Пратап эса 20 йил муддатга кесилди. Жазони ўтаб бўлганидан кейин Сингҳ Рагвендра Пратапни Ўзбекистондан ташқарига чиқариб юборилади.

Тайинланган жазоларни умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Суд ҳукми билан Quramax Medikal МЧЖда турли лавозимларда ишлаган Б. Камбаралиев 3 йил 11 ой 18 кун озодликни чеклаш, Н. Мирзаахмедова шарли равишда 3 йил синов муддати билан 10 йиллик қамоқ, Э. Мирзаахмедов 4 йил муддатга озодликни чеклашга ҳукм қилинди.

“Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖнинг 12 нафар собиқ ходими ҳам турли муддатларга озодликдан чеклаш ва қамоқ жазоларига ҳукм этилди.

“Судланувчилар Сингх Равендра Пратап, Н. Мирзаахмедова, С. Кариев, А. Азимов, Н. Мусаев, Ш. Шодманов ва Ж. Эркинийдан солидар тартибда “Док-1 Макс” ва “Амбронол” дори воситаларидан заҳарланиб, вафот этган 68 нафар марҳум ва 4 нафар соғлиғи ўта оғир аҳволдаги боланинг қонуний вакилларининг ҳар бирига 1 000 000 000 сўмдан, соғлиғининг аҳволи қониқарли бўлган 4 нафар боланинг қонуний вакилларининг ҳар бирига 500 000 000 сўмдан ҳамда соғлиғи яхшиланган 8 нафар боланинг қонуний вакилларининг ҳар бирига 200 000 000 сўмдан маънавий зарар ундирилиши белгиланди”,- дейилади Олий суд билдирувида.

Ҳиндистоннинг Marion Biotech фармацевтика компанияси томонидан ишлаб чиқарилган “Док-1 Макс” бўйича жиноят иши судда ўтган йилнинг 11 августидан кўриб чиқила бошлаган. Мазкур иш бўйича 23 киши (18 нафар эркак ва 5 нафар аёл) судланди.

“Док-1 Макс” иши: Учта вазир кетди, ҳануз сиёсий жавобгар йўқ
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:23:37 0:00

Судланувчилар Жиноят кодексининг солиқ тўлашдан бўйин товлаш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, пора олиш ва бериш, сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни сотиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказишда айбдор деб топилди.

Суднинг 12 февралда ўтказилган мажлисида прокурор Кариев, унинг икки ўринбосарига 18 йиллик, Паратарга 20 йиллик қамоқ жазоси белгиланишини талаб қилган. Бундан ташқари прокурор 69 нафар қурбон, 16 нафар ногирон бола учун жабрланувчиларнинг вакилларига 100 миллион сўмдан товон пули тўлаб беришни талаб қилган.

Бундан ташқари, у суддан 2 нафар енгил жароҳат олган болалар учун 20 миллион сўмдан товон пули ундирилишини сўраган. Давлат айбловчиси қайдича, 8 миллиард 440 миллион сўмлик товон пули 8 нафар судланувчи ҳисобидан ундирилиши лозим.

Ёш болаларнинг “Док-1 Макс”дан ойлар давомида заҳарланиб, ойлар давомида вафот этиши - Ўзбекистонда охирги йилларда фармацевтика ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги энг йирик инқирозга сабаб бўлган.

Ўзбекистонда “Док-1 Макс” сиропидан болаларнинг оммавий заҳарланиши 2022 йилнинг октябрида бошланган. Ўшанда 65 бола ўлгани айтилганди.

Тошкентда 5 январда ўтган судда, шу кунгача “Док-1 Макс” сиропидан ўлган болалар сони камида 69 нафарга етгани, яна камида 18 нафар бола ногирон бўлиб қолгани очиқланди.

Бу доридан заҳарланиш, Ўзбекистондан ташқари Гамбия, Индонезия ва Ҳиндистоннинг ўзида ҳам қайд этилган.

Ҳиндистон сиропидан болалар ўлими илк бор 2022 йилнинг сентябрь ойида Гамбияда қайд этилган.

Гамбиялик Эбирма Саидийнинг 3 ёшли қизи йўтал сиропини ичганидан 2 сутка ўтар-ўтмас ҳушини йўқотган, 9 суткада оламдан ўтган.

2022 йилнинг сентябрида Гамбияда жами 70 бола ўлди ва ўлим сабаби Ҳиндистонда ишлаб чиқилган йўтал сиропи эканини расман қайд этилди.

Сироп таркибида хавфли дозада этиленгликоль ва диэтиленгликоль моддалари борлиги аниқланди. Бу моддаларни хавфли дозада истеъмол қилган тақдирда, одам 3 кун ичида комага тушиб, кейинчалик вафот этиши мумкин.

Ўшандаёқ бу хабарлар жаҳон матбуоти тилига тушди. Аммо Ўзбекистонда бу ҳақда ўша кезда бирорта расмий баёнот ёки огоҳлантирув бўлмади.

Ўзбекистонга четдан келган “Док-1 Макс” препаратининг ўлимчил таъсирини биринчилардан бўлиб англаган шифокор Маматқул Азизовдир.

Азизов судда берган кўрсатмасида самарқандлик шифокорларда илк шубҳа 2022 йилнинг сентябрида пайдо бўлганини айтган.

Азизов раҳбарлигидаги самарқандлик шифокорларнинг Соғлиқни сақлаш вазирлигига йўллаган мурожаати ижтимоий тармоқларда тарқалганидан сўнг Ўзбекистонда жамоатчилик ўлим сиропи”дан хабар топганди.

“Док-1 Макс” таркибида этиленгликоль ва диэтиленгликоль борлиги аниқлангач, 2023 йил 27 декабрда ДХХ Жиноят Кодексининг 186-3 моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят ишини очганди.

Ўзбекистон ҳукумати маҳаллий нашрлар ва ижтимоий тармоқларда “Док-1 Макс” туфайли болалар ўлими юзасидан миллий мотам эълон қилиш ҳақидаги чақириқларни эътиборсиз қолдирган.

Аксар мутахассислар муаммо илдизи дори-дармон савдоси тиббиётга алоқаси йўқ бўлган шахслар қўлига ўтиб қолганига ва ўта коррупциялашган ёпиқ соҳага айлантириб олинганига эътибор қаратмоқда.

2023 йилнинг 20 сентябрида Ўзбекистонда болаларга таркибида йод моддаси бўлган “Антиструмин” йод препарати берила бошланган эди.

21 сентябрда Наманганнинг Чуст туманида “Антиструмин” истеъмол қилган камида 71 нафар бола заҳарланишда гумон қилиниб касалхонага ётқизилди.

Ижтимоий тармоқларда бундай ҳолат бошқа вилоятларда ҳам қайд этилгани айтила бошлади.

Бунда ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлиги, худди “Док-1 Макс” фожиасида кузатилгани каби орадан икки ой ўтгачгина болалар препаратдан заҳарланганини тан олди.

Форум

XS
SM
MD
LG