Линклар

Шошилинч хабар
14 июн 2024, Тошкент вақти: 08:21

Тошкентда 8 киши "терроризмни молиялаш"да айбланмоқда. Улар орасида тармоқ фаоллари ҳам бор


Тошкентдаги маҳкама зали. Иллюстратив сурат
Тошкентдаги маҳкама зали. Иллюстратив сурат

Тошкентнинг жиноят ишлари бўйича Миробод тумани суди 8 нафар шахсни "террорчилик ҳаракати ҳақида хабар бермаслик" ва "террорни молиялаштириш"да айблаб қамоққа олган.

3 июнь куни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 155 ва 155-моддалари билан айблов эълон қилинган шахслар, Тошкент шаҳар ИИББ вакилининг Озодликка тасдиқлашича, дастлабки тергов учун 10 кун муддатга қамоққа олинган ва ҳозирда Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси изоляторида сақланмоқда.

Озодлик ихтиёридаги маълумотларга кўра, гумонланувчилар ижтимоий тармоқдаги Mahdiy Mirzayev, Otabek Hijama Hajjam, Баҳодир Ҳижомачи, Брамер Мэн номли профиллар эгалари ҳамда яна 4 нафар андижонлик шахслардир.

Гумонланувчиларнинг аксарияти суриштирув органи томонидан қўйилаётган айбларни рад этган.

Озодликнинг терговдан хабардор манбасига кўра, гумондорлардан фақат бир киши қисман иқрорлик билдирган. Унинг тергов билан ҳамкорлик қилаётгани айтилади.

Гумондорларнинг қариндошларига кўра, улар шу йилнинг 20-21 май кунлари майда безорилик айби билан 15 суткалик қамоққа олинган.

Жамшид (Маҳдий) Мирзаевнинг яқинлари тергов органлари ўзларига босим ўтказганини иддао қилмоқда. (Мирзаевнинг Facebook саҳифасидан олинган сурат)
Жамшид (Маҳдий) Мирзаевнинг яқинлари тергов органлари ўзларига босим ўтказганини иддао қилмоқда. (Мирзаевнинг Facebook саҳифасидан олинган сурат)

“Ёпиқ маҳкама”

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туман суди 8 нафар гумондорга нисбатан эҳтиёт чорасини қўллаш чоғидаги суд мажлисининг ёпиқ ўтказилишини гумондорларнинг “ҳали терговга маълум бўлмаган шериклари бўлиши мумкинлиги” важи билан изоҳлаган.

“Агар суд мажлиси очиқ бўлса ва бу шахсларнинг қилмишидан уларнинг эҳтимолий шериклари хабардор бўлишса, улар жиноят изини йўқотишга ҳаракат қилиши мумкин.

Бу борада жамоат хавфсизлиги ва тергов органининг самарали иш олиб бориши учун суд ёпиқ бўлди. ЖПКда бундай ҳолат кўзда тутилади” дейди Миробод судининг исми сир қолишини истаган ходими Озодликка.

Айблов мотиви — ижтимоий тармоқдаги ёзишмалар

Гумонланувчиларнинг яқинларига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари дастлабки суриштирувлар даврида терговга жалб қилинган шахсларнинг “Телеграмм ижтимоий тармоғи орқали гуруҳ тузишгани, ўзаро ёзишмаларида терроризмни қўллаб-қувватлаш мақсадида маблағ тўплашгани”ни иддао қилган.

Гумондорларнинг Озодлик билан гаплашган айрим қариндошларига кўра эса, тергов органи гумондорларнинг хайрия учун йиққан маблағларини терроризмни молиялаш деб талқин қилишаётган бўлиши мумкинлигини айтишди.

Қариндошларга кўра, Телеграм гуруҳининг Андижондаги вакилларидан бирининг “эҳтиётсизлиги туфайли” ёзишмалар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қўлига тушган.

"Бўйнимга катта нарсаларни қўйишмоқда"

Жиноят иши фигурантлари орасида ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида диний мазмундаги постлари билан танилган Жамшид Мирзаев (Маҳдий Мирзаев) ҳам бор.

Мирзаевнинг онаси Озодлик билан суҳбатда сўнгги марта ўғли билан шу йилнинг 31 май куни Тошкент шаҳар ИИББда телефон орқали гаплашгани, ўғли унга: “Менинг бўйнимга катта нарсаларни қўйишмоқда, ҳаммага хабар беринг!” деганини айтди.

Мирзаевнинг онаси Зулфия Мирзаевага кўра, ўғли дастлаб қамоққа олинган 21 май куни у ва турмуш ўртоғини ҳам Юнусобод тумани ИИБга олиб бориб сўроқ қилинган. У сўроқ жараёнида ўзларига “босим ўтказилгани”ни иддао қилди.

Охирги ҳибсга олишлар тармоқларда исломий нашида тарқатгани учун қамаш ва айрим диний блогерларнинг ички ишлар идораларига чақирилиб огоҳлантирилиши ҳамда жаримага тортилиши манзарасида юз бермоқда.

23 май куни Тошкентнинг Шайхонтоҳур туман суди собиқ имом ва диний блогер Шавкат Ҳасанни “диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш ва тарқатиш” (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-2 моддаси) билан айбдор, деб топиб 6,6 миллион сўм жаримага тортган.

Шавкат Ҳасаннинг Kun.uz нашрига билдиришича, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Шавкат Ҳасан контентларида терроризм ва диний адоватга чақирувчи ғоялар йўқ, деб топган. Шунга қарамай унинг материаллари “тегишли тартибда рухсат олмай тарқатилгани” айтилади.

Тармоқлардаги видеомурожаатида Шавкат Ҳасан “шунча йиллик расмий диний фаолиятида бундай экспертиза олиниши кераклигини билмаганини ҳам” таъкидлаган.

Сўнгги ҳибсга олиш ва маҳкама жараёнлари тармоқларда Ўзбекистондаги диний эркинликлар доираси тораётиб бораётгани ҳақидаги хавотирларга сабаб бўлган.

Халқаро экспертларга кўра, Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунида кўпгина чеклов ва мавҳумликлар сақланиб қолмоқда.

Шу йил мартида Ўзбекистонга ташриф буюрган БМТнинг диний эркинликлар бўйича собиқ махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид қонунда, жумладан, диний ташкилотларни рўйхатга олиш, диний таълим бериш, диний адабиётлар чоп этилиши жараёнини эркинлаштиришга оид нормаларда "қолоқлик" сақланиб қолаётганини айтган эди.

27 март куни Тошкентдаги АҚШ элчихонасида ўтган брифингда у Ўзбекистон ҳукумати БМТ махсус маърузачисининг диний эркинлик билан боғлиқ жиноий, маъмурий қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш, “экстремизм” тушунчасини қайта кўриб чиқиш, шахсларга “диний экстремизм”, “конституцияга хилоф фаолият” тушунчаларини аниқлаштириш тавсиясини бажармаганини танқид қилган.

Форум

XS
SM
MD
LG