Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:57

Қашқадарёда беш суткага қамалган журналист ҳамда икки блогер фаолиятини тугатганини эълон қилди


Қашқадарёда Nasaf News сайти раҳбари Умид Каримов, блогерлар Мақсуд Музаффаров ва Отабек Ортиқов ўз фаолиятларини тугатганларини эълон қилишди.

Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз шаҳар суди томонидан майда безориликда айбланган журналист У. Каримов, блогерлар М. Музаффаров ва А. Абдуллаев ўтган ҳафта 5 суткага қамалгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Умид Каримов Nasafnews.uz нашри билан биргаликда ўзи муаллифлик қилаётган “Капитан Каримов” блоги ҳам бундан буён ишламаслигини очиқлаган ва Газета.uz нашрига берган интервьюсида бунга суд пайтида кузатилган адолатсизликлар сабаб бўлганини айтган.

Бекорга 5 сутка бериб, чиқариб юборди. Фаолиятимни шунинг учун тугатмоқчиман”, деган У. Каримов.

Унинг ортидан блогерлар Отабек Ортиқов (Отабек Артиков) ҳамда AvtoblogUz канали муаллифи Мақсуд Музаффаров ҳам фаолиятларини якунлашларини билдиришган.

М. Музаффаров ҳам фаолиятини тугатишга блогерларнинг ҳимоясизлиги сабаб бўлганини қайд этган.

Ҳақиқат йўқлигини кўзим билан кўрдим. Фаолиятни давом эттиришим учун ҳимоя йўқ эканини кўрдим. Шу ишлар кўзимни очди”, деган автоблогер.

Отабек Ортиқов 5 суткага қамалган блогерлар орасида йўқ эди, бироқ ҳамкасблари мисолида қилаётган иши хавфсиз эмаслигига амин бўлган блогер фаолиятини тўхтатишга қарор қилган.

Буёғига оддий одамлар қаторида яшамоқчиман. Ҳозирча дам олмоқчиман эркин ва ҳадикларсиз ҳаётдан тўйиб-тўйиб нафас олмоқчиман”, деган О. Ортиқов.

Озодлик ўтган ҳафтада Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида майда безорилик ҳамда ҳокимият вакилининг қонуний талабларини бажармаслик ёки хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик айблови билан блогер Элмурод Одил 15 суткага қамалгани ҳақида хабар қилган.

Ундан бир неча кун олдин эса диний блогер Шавкат Ҳасан оилавий тотувлик мавзусидаги видеоматериалларини ижтимоий тармоқларда Дин ишлари бўйича қўмита рухсатисиз эълон қилгани учун 6,6 миллион сўмлик жаримага тортилгани маълум бўлган.

Референдум арафасида: Танқидий пост қўйганлар “суҳбат”га чақиртирилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:07 0:00

Аввалроқ Озодлик президент Шавкат Мирзиёевнинг танқидчиси сифатида танилган 33 яшар Мўминов “фирибгарлик" ва "товламачилик"да гумон қилиниб, ҳибсга олингани ҳақида бир неча материал тайёрлаган.

Шунингдек, таҳририят йил бошида “Kompromatuzb иши” доирасида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Мавжуда Мирзаева, Human.uz сайти директори Хуршид Далиев ва яна олти журналист Kompromat.uzb Телеграм-канали администраторлари сифатида ҳибсга олингани, ДХХ уларни товламачиликда гумонлаётгани ҳақида хабар қилганди.

Март ойи бошида қирқдан зиёд фаоллар президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилиб, Ўзбекистонда “матбуотнинг том маънодаги мустақиллигини таъминлашда” ёрдам сўрашган эди.

Журналист, блогер ва жамият фаоллари имзолаган ушбу очиқ мурожаатда кучли цензура, жиддий тўсиқлар, босимлар ва қўрқитишлардан шикоят қилинган.

Ўзбекистонда журналист ва блогерларга босимлар кучайиб бораётгани “Чегара билмас мухбирлар” (RSF) халқаро ташкилотининг ўтган ойда эълон қилинган йиллик ҳисоботида ҳам қайд этилган.

Ҳисоботга мувофиқ, Ўзбекистонда сўз эркинлиги ўтган йилгига қараганда тўртта позицияга ёмонлашиб, 133-ўриндан 137-ўринга тушган. Мамлакат сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий-маданий ва хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича мавжуд 100 баллдан 45,73 балл жамғаролган, холос.

Ҳисоботнинг Ўзбекистонга оид қисмида мамлакатда хусусий телевизион тармоқ йўқлиги, давлат радиоси фақат расмий пропаганда билан шуғулланаётгани, ёпилиб кетишдан қўрққан хусусий радиостанциялар ҳар қанақа танқиддан тийилиши, матбуот эса давлат манфаатларига хизмат қилиши айтилган.

“15 га яқин интернет нашригина сифатли контент чоп қилади, улардан айримларининг таҳририятлари хорижда жойлашган. Улар орасида мамлакатда тўсиб қўйилган “Озодлик радиоси” ҳам бор”, дейилган RSF ҳисоботида.

"Ҳамма менга қарши" - Отабек Сатторий судида гувоҳлар ва қўшимча гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:39 0:00

“Чегара билмас мухбирлар” қайдича, Ўзбекистонда расмийлар оммавий ахборот воситаларининг катта қисмини ва ҳукумат билан тиғиз алоқада бўлган блогерларни назорат қилади. Ҳақиқий мухолифат қувғин қилинган ва фаолияти тақиқланган.

Ҳисобот муаллифлари мамлакатда ОАВга оид репрессив қонунларни бекор қилиш учун ўзбек расмийлари ислоҳотлар ўтказиши лозимлигини, мамлакатда таъқиб, цензура ва ўз-ўзини цензура қилиш ҳали ҳам кенг ёйилганини урғулашган.

Шунингдек, Ўзбекистонда мулозимлар ҳеч иккиланмай журналистларга иқтисодий босим ўтказаётгани ёки уларни сотиб олишга уринаётганига, мустақил ОАВ ривожланишига феълан қонун билан тўсиқлар қўйилаётганига эътибор қаратилган.

36 миллион киши истиқомат қилувчи мамлакатда аҳолининг 60 фоизини 30 ёшдан кичик бўлган ёшлар ташкил қилиши урғуланган ҳисоботда бу гуруҳ вакиллари коррупция дохил расмий ОАВда қарийб ёритилмайдиган мавзулар бўйича Facebook, Telegram ва Одноклассники сингари ижтимоий тармоқларда ахборот алмашаётгани таъкидланган.

Бундан ташқари, RSF ҳисоботида 20 йиллаб қамоқда ўтирган журналистлар сўнгги йилларда озод этилган бўлса-да, улар реабилитация қилинмагани қайд этилган.

"Ҳамма хавотирда". Мавжуда Мирзаева ва “Kompromatuzb иши”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:18 0:00

“Блогерга аввалгидек таҳдид қилинмоқда ёки улар ҳибсга олинмоқда” дейилган ҳисоботда блогер Отабек Сатторий билан боғлиқ воқеа бунга мисол ўлароқ келтирилган. YouTube порталидаги “Халқ фикри” видеоблогида танқидий чиқишлари билан танилган Отабек Сатторий туҳмат ва товламачиликда айбланиши ортидан 2021 йил 10 майида 6,5 йилга озодликдан маҳрум қилган эди.

Ҳисоботда ўтган йил июлида Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеаларни ёритган журналистларга қарши қатағон ҳам “ҳукумат ҳар қандай ўзгача фикрлиликнинг жим бўлишга мажбур қилиш қарорида қатъий” эканини кўрсатгани эслатилган.

XS
SM
MD
LG