Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:28

Ўзбекистон-Қирғизистон: Чегарани демаркациялаш жараёни бошланди


Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси.
Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси.

Бишкекда 5-7 май кунлари қирғиз-ўзбек чегарасини демаркациялаш бўйича икки давлат ҳукуматлари ишчи гуруҳларининг илк учрашуви бўлиб ўтди.

Ўтган йилнинг март ойида Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ўзбекистонга ташрифидан сўнг қўшни давлат билан чегараларни аниқлаш масаласини уч ой ичида ҳал қилишга келишиб олинганини билдирган эди.

Аммо бугунги кунда чегара масаласи яна бир неча йилларга чўзилиб кетиши мумкинлиги аён бўлмоқда. Чунки икки давлат ўртасида ҳали ҳам аниқланмаган баҳсли ҳудудлар мавжуд.

Қирғизистон ҳукуматининг чегара масалалари бўйича махсус вакили Назирбек Бўрубаев 5-7-май кунлари ўтказилган музокараларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида аниқлаб бўлинган чегара ҳудудларини демаркация қилишни бошлашга келишиб олинганини айтди:

“Делимитация бўлган чегараларни демаркациялаш бўйича илк учрашув бўлди. Ўзбекистон томони билан келишиб олдик. Ёзда чегара чизиқларига қозиқ қоқиб, белгилаш бошланади. Аниқланган ҳудудларни белгилаш бошланади. Қолган, аниқланмаган ҳудудлар бўйича, музокаралар давом эттирилади”.

Унга кўра, навбатдаги учрашув Ўзбекистонда ўтади. Қирғизистон Ўзбекистон билан Ўш, Жалолобод, Боткен вилоятлари орқали чегарадош. Икки давлат ўртасидаги чегара узунлиги 1378 километрни тузиб, 2017 йилги келишув асосида унинг 1170 километри ёки 85% фоизи аниқланганди. Ўшандан бери чегаранинг яна 13% аниқланган.

Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудлардан бири бўлган Олабуқа тумани яшовчиси, маҳаллий фаол Шайирбек Стамкулов чегараларнинг аниқланиши билан маҳаллий аҳоли хавотирлари ҳам босилади, деган фикрда. Сўнгги йилларда чегарада келишмовчиликлар деярли кузатилмаган бўлса-да, хавотирлар сақланиб қолмоқда.

"Аҳоли учун чегаранинг аниқлангани яхши. Ҳамма жой сим билан тўсилса контрабанда озаяди. 5-6 йил аввал ўзбекистонликлар бу ерларга келиб, молларимизни ҳайдаб кетган воқеалар ҳам бўлган. Ҳозир бундай воқеалар озайди. Шундай бўлса ҳам чегарани ҳал қилиш пайти келди”,-деди фаол.

2021 йили Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ўзбекистонга сафари чоғида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан чегарадаги асосий масалаларни уч ой ичида ҳал қилишга келишган.

Қирғизистон миллий Хавфсизлик Давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев ушбу сафар натижасида қирғиз-ўзбек чегара масаласи юз фоиз ҳал бўлганини, фақат расман тасдиқланиши кераклигини айтган эди.

Бироқ қирғиз ҳукуматининг Кампиробод сув омбори бўйча позицияси ижтимоий тармоқларда танқид қилиниб, Ўшнинг Қорасув ва Ўзган туманида маҳаллий аҳоли норозилигига сабаб бўлган. Шундан сўнг расмий Бишкек Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга бериш бўйича келишимдан бош тортишини эълон қилган.

Чегара масалалари бўйича мутахасис Жумали Адилбаев қирғиз-ўзбек чегарасидаги қийин вазиятларга тўхталди.

“Чегара масаласини дарров ҳал қилиш қийин. Кампиробод бўйича бир қанча муаммо бор. Сув остидаги ер Ўзган туманига қарашли. У Ўзбекистонга ўтмаган. Ўзбекистон унинг ўрнига Наманган, Фарғона вилоятларидан ер участкалари беришини айтган. Ундан кейин сув омборидан Қирғизистонга икки канал қурилиши керак эди. Унинг биттасигина эплаб қурилган. Сув омборига сувни тўлдиришда ҳам масала бор. Қисқаси шу каби масалалар кўп. Кампирободдан ташқари Ўзбекистоннинг Қирғизистонда тўрт, Қирғизистоннинг Ўзбекистонда бир анклави бор. Уларни қандай хал қилиниши ҳам номаълум. Бу ҳам бош оғриғи. Чегарани хал қилиш бир томонгагина боғлиқ эмас. Асрлар давомида қўшни бўлган икки давлат муросага келиши керак. Бироқ бунинг аниқ қачон амалга ошишини аниқ айтиб бўлмайди",-деди Адилбаев.

Қирғизистонлик таҳлилчилар Ўзбекистон билан чегаранинг аниқланмаган участкалари контрабанда учун ўнғай йўлак бўлиб қолаётганини айтиб келадилар. Сўнгги бир ой ичида мана шундай участкаларда Ўзбекистон чегарачилари отган ўқдан 5 киши ҳалок бўлди.

5 май куни Жалолобод вилояти Олабуқа туманининг 48 ёшли яшовчиси, унинг 24 ва 22 ёшли ўғиллари, 5 апрелда эса ака-ука ўзбек чегарачилари ўқидан ҳалок бўлган. Ўзбекистон томони уларни ноқонуний равишда чегарадан юк олиб ўтишга уринишда айблаган.

XS
SM
MD
LG