Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:34

Блог: Кафкаворий маҳкама


Бобомурод Абдуллаев ва яна уч судланувчи устида 7 март кунги маҳкама жараëнига тўпланганлар.
Бобомурод Абдуллаев ва яна уч судланувчи устида 7 март кунги маҳкама жараëнига тўпланганлар.

Диктатура йилларида биз, мустақил Ўзбекистон ватандошлари, ҳуқуқ майдонидаги абсурдга шу қадар кўникиб кетдик-ки, вазиятнинг фожиавийлиги бизни қайғуга солмайдиган, кулгилилиги эса кулгимизни қистамайдиган бўлди.

Мана, ўзи ва оиласига алмисоқдан қолган эски машинада таксичилик қилиб нон топадиган бир ишсиз журналист қандай давлат тўнтаришининг бош ташкилотчиси бўлиб қолишини бир кўринг!

Мана, ўрта мактаб ўқитувчиси бўш вақтида блогерлик қилиб, янаям бўшроқ пайтида умрида бир марта кўрган ўша таксист билан давлат тўнтаришда шерик бўлиб қолишини томоша қилинг!

Мана, текстил сотадиган бир дўкончи ва ресторан менежери - яна ўша таксичи билан "тил бириктириб" - севимли ватанимизнинг конституциясига каттакон тажовуз қилишини кўрмайсизми!

Кеча видеода Тошкент шаҳар суди олдида маҳкама бошланишини кутиб турган одамларни кўрдим. Улар Бобомурод Абдуллаев ва унинг "шериклари"нинг маҳкамасини кутаётгандилар.

Мен бу инсонларнинг юзларига қарайман: сокин, серилтифот чеҳралар.Табассум ичидалар. Суҳбатлашмоқдалар, расм чекмоқдалар, "селфи" айламоқдалар.

Уларнинг бир маромдаги ҳатти-ҳаракатларида бу абсурд иқлимидан пайдо бўлган на бир тушкунлик, на бесаранжомлик бор. Улар абсурднинг шу қадар қалбидаларки, уни сезмайдилар ҳатто. Улардаги сокинлик худди Эдвард Мункнинг "Фарёд" картинасидаги кўприк устида ҳузур ичида кетаётган икки кишидаги сокинатни ёдга солади.

Ҳатто чет элликлар, хорижий элчиликлар миссиясининг ходимлари ҳам содир булаётган воқеаларни худди шундай бўлиши керакдай қаршилаётгани, ҳеч бир анормал (фавқулодда) ҳол йўқ каби қабул қилаётгани кўринади видеода. Абсурд шу қадар хонакилашган бу ерда.

Шу боис, суд ҳаками тутқун Абдуллаев адвокатининг ишни қийноқларни текширадиган экспертизага топшириб, жиноий ишни суддан чақириб олиш ва янгидан терговга бериш талабини қондирганда, маҳкама салонида ўтирган бу сокин инсонлар буюк бир таажжуб ичида қолдилар.

Бундай ҳол мустақил Ўзбекистон тарихида мисли кўрилмаганди чунки.

Маҳкама ҳакамининг бу кутилмаган қарори абсурднинг ҳарир ўртугини "тарр" этиб йиртди!

Гўё янги бир Вақт пайдо бўлди. Янги соатлар "чиқ"иллай бошлади. Ва инсонлар бир-бирларига худди илк дафа кўраётгандай ҳайрат ичида боқа бошладилар!

Бу метафора эмас, дўстлар.

Бу бизнинг посттоталитар давлатларнинг шафқатсиз воқелигидир.

Абсурд бир неча сония биздан чекинса айнан шу таърифлаганимиз ҳолат вужудга келади.

Ҳа, жараён айнан шундай бошланди ва дарров битди, де-факто битди.

Мен маҳкама жараёнини назарда тутаяпман.

2018 йил 7 март соат 14.00 да бошланиб, бир ярим соат ҳам ўтмай дарров тамом бўлган маҳкама жараёнини назарда тутдим. Ҳакам З.Нурматов тутқун Б.Абдуллаевнинг ишини экспертизга юборишга қарор бергани заҳот битди бу жараён.

Нега у бу қадар тез битди?

Чунки айбноманинг бош фигурантига қарши йўналтирилган айблов иддаолари ичида шубҳа остига тушмаган битта ҳам иддао қолмаганди.

"Бош фигурант" Б.Абдуллаев ўз шикоятида ўзига, учта "шериги"га, МХХ шефи И.Абдулаевга, ИИБ вазири Бобожоновга, М.Солиҳга қарши берган бутун кўрсатмаларининг қийноқ остида берилганини эътироф этганди.

Демак, агар экспертиза тутқунга қийноқ уйғуланганини тасбит ва тасдиқ этса (ки бунга шубҳа йўқ), агар Ўзбекистон Қонунчилигида қийноқ остида олинган кўрсатмаларнинг ҳисобга олинмаслиги собит бўлса, маҳкама учун икки йўл бор:

1.Бу тўртта тутқунни суд залиданоқ озод қилиб юбориш.

2.Ёки дарҳол янги жиноят ўйлаб топиб, уни Жиноят Кодексининг 159-моддасига уйдириш керак бўлади.

Аммо юзага келган бу вазиятда иккинчи ҳолатни ҳаётга тадбиқ этишнинг ҳеч иложи йўқ.

Чунки маҳкама айни онда ҳам маҳкама, ҳам тергов мақомида бўла олмайди.

Демак, маҳкама Бобомурод Абдуллаев ва унинг дўстларини оқлаш ҳақда ҳукм чиқариши керак. Бошқа чиқиш йўли йўқ. Бу билан маҳкама айни онда бу тўртта Ўзбекистон ватандошини қийнаган кимсаларни жиноий жавобгарликка тортиш ҳақда ҳам билвосита ҳукм чиқарган бўлади.

Яъни жараён битди. Аммо абсурд нима бўлди, у ҳам битдими?

Муҳаммад Солиҳ

8.03.2018

Озодлик чоп этадиган блоглар муаллифларнинг шахсий қарашлари ифодаси ва улар Озодлик таҳририяти позициясини акс эттирмайди.

XS
SM
MD
LG