Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:05

Психотроп моддалар савдоси устидан назорат кучайиши ортидан тутқаноққа қарши дори қаҳатлашди


Бензонал психотроп дорисини олиш учун¸ 1 декабрдан бошлаб¸ бир неча босқичда тасдиқдан ўтган махсус рецепт талаб қилинмоқда.
Бензонал психотроп дорисини олиш учун¸ 1 декабрдан бошлаб¸ бир неча босқичда тасдиқдан ўтган махсус рецепт талаб қилинмоқда.

Ўзбекистон аптекаларида тутқаноққа чалинганлар учун ҳаëт-мамот воситаси ҳисобланган Бензонал психотроп дорисини топиш ўта қийинлашди.

Бу ҳақда Озодликка хабар юборган ўзбекистонликларга кўра¸ вилоят аптекаларидан йўқолган бу дорини махсус рецепт орқали асосан Тошкентдаги саноқли аптекалардан топиш мумкин.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддиси бу вазиятни президент Мирзиëевнинг 4438-сонли қарори ижроси билан изоҳлади.

Психтроп дориларнинг ноқонуний савдосини тўхтатишга қаратилгани иддао қилинган бу қарорга мувофиқ¸ 1 декабрдан бошлаб бундай дориларни ҳукуматнинг махсус лицензиясига эга дорихоналаргина сотиши мумкин.

Бундай лиценцияли аптекалар сонининг кескин қисқариши оқибатида¸ тутқаноғи бор беморлар яқинлари айни кунларда Бензанол излаб узоқ вилоятлардан Тошкентга келишга мажбурлигини айтмоқда.

“Ўғлимнинг ҳаëти хавф остида қолди”

Андижонлик олти яшар Азизбек чақалоқлигидан тутқаноқ касалига чалинган. Отасининг айтишича¸ у кунига тўрт дона Бензонал таблеткаси ичиши керак:

Пачкасида 48 дона бўлади¸ октябрь ойида 16 минг сўмдан рецептсиз бир неча ойга етадиганини олгандим. Ҳозир тугаяпти. Атрофда нечта аптека бўлса¸ ҳаммасига кириб чиқдим¸ Бензонал йўқ¸ бизга сотиш тақиқланди¸ деяпти. Тошкентдаги аптекаларга телефон қилсам¸ улар ҳам йўқ деди. Қаердан топаман¸ деб ваҳимадаман ҳозир. Боламнинг ҳаëт-мамоти шу дорига боғлиқ”.

Азизбекнинг отаси яқинлари тутқаноқ касалига учраб¸ Бензонал дорисига қарам бўлиб қолган ўзбекистонликларнинг ижтимоий тармоқлардаги каналларида ҳам шу кунларда айни хавотирлар муҳокама қилинаëтганини қўшимча қилди.

Бу хабар ортидан Озодлик қатор вилоятлар¸ қолаверса¸ Тошкентдаги аптекаларга қўнғироқ қилиб¸ Бензонал дорисининг сотувда бор-йўқлигини суриштирди.

Вилоятлардаги аптекаларнинг ҳаммаси “бизда йўқ¸ бўлмайди ҳам”¸ деган мазмунда жавоб қилди.

“Дори-дармон” акциядорлик компаниясига қарашли Тошкентдаги марказий аптека оператори¸ шаҳар бўйича битта жойда Бензонал борлиги¸ фақат уни сотиб олиш учун бир неча босқичли бюрократик текширувдан ўтган рецепт кераклигини айтди.

Бизда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилгани бор. Лекин даволовчи врач¸ поликлинка бош врачи қўл қўйган ва бешта печать қўйилган рецепт опкеласиз¸ бўлмаса сотмаймиз”¸ деди “Дори-дармон” аптекаси телефонига жавоб берган оператор.

Бензонал нега қаҳатлашди?

Озодлик бу саволга жавоб топиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг дори сиëсатига масъул мутасаддиларидан бири билан боғланди.

Шахси очиқланмаслигини сўраган бу мулозим¸ жорий вазиятни президент Шавкат Мирзиëев қарорининг ижроси билан изоҳлади.

Хабарингиз бор¸ таркибида наркотик моддалар бор дориларни ëш болаларимизга сотиб¸ уларнинг соғлиғини хавф остига қўйиш кучайиб кетди. Шунга президентимиз 4438-сонли қарор чиқарди. Унга кўра¸ психотроп дориларни сотиш устидан назорат кескин кучайди. Айниқса¸ тўртта дори воситаси махсус рўйхатга олинди. Адашмасам¸ Бензонал ана шу тўрттадан бири. Бундай дорилар 1 декабрдан фақат ижтимоий аптекалар ëки шунақа воситаларни сотишга махсус лицензияси бор аптекаларда сотиладиган бўлди. Ҳозир бунақа лизенцияни кимга бериш-бермаслик ўрганилаяпти. Шунинг учун аксар хусусий аптекалар¸ Бензонал бўлсаям¸ уни сотолмайди¸ чунки бунга махсус рухсати йўқ”¸ деди вазирлик расмийси.

Айни пайтда бу мулозим¸ махсус рецепти бор беморлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган Бензонални “Дори-дармон” АК аптекаларида сотиб олиши мумкинлигини қўшимча қилди:

Бензонал таркиби бензобарбитал деган моддадан иборат. Ўзбекистонда ҳам ишлаб чиқарилади¸ таркиби ҳамма ерда бир хил. Лекин кўп врачлар беморларни Россияда ишлангани¸ четдан келганини олинг¸ деб чалғитади. Импорт Бензонал бироз тийилди ҳозир. Лекин ўзимизники бор”.

Тутқаноққа чалинган беморлар тушиб қолган оғир вазиятга ҳукумат эътиборини қаратиш учун Озодликка мурожаат қилган Азизбекнинг отаси ва унинг Telegramдаги гуруҳдошлари¸ маҳаллий Бензонал сифатининг пастлигидан қимматга бўлса ҳам¸ Россия ëки Арманистондан олиб келинганини ишлатиб келганини айтади.

"Бизга врачлар Россияда чиққанини бериб келаëтган бўлсангиз¸ фақат шуни беринг¸ деяпти. Бутун бошли вилоятдан тополмай¸ энди Тошкентга борамиз¸ деб турибмиз"¸ дейди Озодлик гаплашган андижонлик ота.

Президент қарорида нима дейилган?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийси тилга олган 4438-сонли қарор 2019 йил 6 сентябрда имзоланган.

Қарор “Дори воситалари ноқонуний айланишининг олдини олиш чораларини кучайтириш тўғрисида” деб номланган.

Ҳужжатдан мақсад¸ унда ëзилишича¸ “дори воситаларининг ноқонуний айланиши ва уларнинг суиистеъмол қилинишига йўл қўймаслик, кучли таъсир қилувчи моддалар айланишини тартибга солишни такомиллаштириш, шунингдек, аҳолининг соғлиғини сақлашни таъминлаш, ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялаш учун қўшимча имкониятлар ва шарт-шароитлар яратиш”дир.

Бу ҳужжат¸ Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийсининг айтишича¸ нафақат тиббиëт тизими¸ балки ИИВ¸ ДХХ каби идоралар берган тавсия ва хулосалар асосида қабул қилинган.

Бу қарорга кўра:

2019 йил 1 декабридан кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган алоҳида дори воситалари буюм-миқдор жиҳатдан ҳисобга олинади ва уларнинг чакана реализацияси (берилиши) фақат ижтимоий дорихоналар, шунингдек, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни сақлаш ва реализация қилиш (бериш) фаолиятига лицензияси мавжуд бўлган дорихоналар томонидан амалга оширилади;

кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган дори воситаларини бериш учун ёзилган рецептлар дорихоналарда бир йил давомида сақланади;

2020 йил 1 январдан бошлаб дори воситалари ва тиббий буюмларнинг реализация (бериш) жараёнини узлуксиз равишда видеога ёзиб олиш ва бир ой давомида видео-ёзувларни сақлаш тартиби жорий қилинади.

XS
SM
MD
LG