Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:57

OzodDayjest: Ўзбекистонда “Лирика”нинг яширин савдосини тўхтатиб бўлмаяпти


Жиззахлик уруш ногирони қонунан сотиб олган уйини ололмаяпти. Ўзбекистонда “Лирика” ва “Трамадол”нинг ноқонуний савдоси учун жиноий жавобгарлик жорий қилиш таклиф этилмоқда. Намангандаги ёнғинда 12 кишининг ҳаёти сақлаб қолинди.

_____________________________________________________________

“Қишлоқ қурилиш инвест” ширкати афғон уруши қатнашчисини уй масаласида алдаб келмоқда

Жиззах шаҳрида яшовчи афғон уруши ногирони, захирадаги катта лейтенант Баҳодир Куйчиев бир йилдан буён қонунан сотиб олган уйини ололмаяпти (“Инсон ва қонун”, 25 сентябрь). Афғон уруши қатнашчиси Шароф Рашидов туманида намунавий лойиҳа асосида қурилган уй учун бошланғич бадал сифатида 60 миллион сўм тўлаган, бундан ташқари, ҳар ойда банкка кредит тўловини бермоқда. Аммо “Қишлоқ қурилиш инвест” ширкатининг Жиззах филиали мутасаддилари уйни топширмай, уруш қатнашчисини алдаб келмоқда. Пул тўлаб, уйни олишга келганда сарсон бўлаётган фақат Баҳодир Куйчиевнинг ўзи эмас. Намунавий уйларнинг “туя гўшти егани”га эса қурилишда пудратчи бўлган фирмаларнинг ишни сифатсиз бажаргани, қўшиб ёзиш, сохтагарчиликларга йўл қўйгани сабаб бўлган. Таъкидланишича, қонуний тартибда пул тўлаган талабгорларга уй-жой вақтида топширилиши лозим.

Жиноий жавобгарлик белгиланмагани боис “Лирика” савдоси авж олаяпти

Ўзбекистонда “Лирика” ва “Трамадол” каби психотроп дорилар кайфу сафо воситаси сифатида дорихоналарда яширин равишда сотилмоқда (“Оила даврасида”, 27 сентябрь). Бу ҳолатга қарши гоҳида рейдлар ўтказилмоқда, аммо яширин савдони тўхтатиб бўлмаётир. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш қўмитаси раиси Исматжон Азизовга кўра, Ўзбекистон қонунчилигида “Лирика” ва “Трамадол” каби дори воситаларининг ноқонуний савдоси учун жиноий жавобгарлик белгиланмаган. Яъни ноқонуний савдо қилган шахсларга нисбатан фақат маъмурий жазо – муайян миқдорда жарима қўлланади. Жиноий жазо йўқлиги оқибатда эса яширин савдо авж олмоқда. Вазирлик айни пайтда мазкур дориларни мамлакат ҳудудида муомаласи чекланган гиёҳвандлик воситалари рўйхатига киритиш ва ноқонуний савдо учун жиноий жавобгарлик белгилашни тавсия этмоқда.

Наманганда юз берган кучли ёнғин пайти 12 кишининг ҳаёти сақлаб қолинди

Наманган шаҳри “Янги тонг” маҳалласидаги кўп қаватли уйда кучли ёнғин рўй берди (“Постда”, 22 сентябрь). Уйнинг 3-қаватида чиққан ёнғин оқибатида бошқа қаватдаги хонадонлар катта зарар кўрди. Бироқ ёнғин хавфсизлиги ходимларининг тезкор ҳаракатлари боис ёнғин пайти уйда бўлган 12 кишининг ҳаёти сақлаб қолинди. Қайд этилишича, ёнғин лампочканинг нуқсонли ишлаши оқибатида келиб чиққан. Уй эгалари лампочка нуқсонли ишлашидан хабардор бўлган, аммо мутахассис чақириб, уни бартараф этишга ҳафсала қилмаган.

XS
SM
MD
LG