Линклар

Шошилинч хабар
23 март 2019, Тошкент вақти: 15:19

2000 тонна балиғи бор "Балиқчи" чет элликка "0" қийматда берилди. Акциядорлар хафа (ВИДЕО)


Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманидаги Балиқчи хўжалиги

Тошкент вилоят, Қуйичирчиқ туманидаги “Baliqchi” акциядорлик жамиятининг ўнлаб ишчилари 13 декабрь куни “TCT Fish cluster” МЧЖ вакилини жамият идорасидан қувиб юборгани акс этган видео Озодликка 9 январь куни келиб тушди.

Жамият ишчилари шу тариқа балиқчилик хўжалигининг янги эгаси “TCT fish cluster” МЧЖ томонидан қоровуллар бошлиғи қўйилганига норозилик билдирган.

Озодлик бу воқеани ўрганиш жараёнида “Baliqchi” ҳиссадорлари билан унинг ўрнига келган “TCT fish cluster” ўртасида келишмовчилик борлигини аниқлади.

Ҳиссадорларнинг айтишича, “Baliqchi”​ жамияти Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида, Британияда рўйхатдан ўтган "Иронтекс" ва "Гратум" компаниялари таъсис қилган “TCT cluster”га ўтган йилнинг 1 декабрида ноль қийматда берилган.

Ҳиссадорлар ташкилот собиқ “Baliqchi” билан ҳисоб-китоб қилмасдан, ишни хўжаликда етиштирилган балиқни сотишдан бошлаётганидан шикоят қилмоқда.

Озодликка юборилган видеода “Baliqchi” ҳиссадорлик жамиятининг идорасида 13 декабрь куни бўлиб ўтган воқеа тасвирланган.

Унда юздан ортиқ ишчилар идорадаги хоналардан бирига яшириниб олган янги қоровулбошини тутиб олишга қилган ҳаракати кўринади.

Балиқчилар кластер қўйган қоровулбошини қувиб солди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:08 0:00

Видеони шарҳлаган ишчилардан бирининг айтишича, декабрь ойида “TCT Fish cluster” вакиллари келиб, ҳамманинг ишдан бўшаганини, жамият тўлалигича кластерга ўтганини эълон қилганидан сўнг норозилик бошланган:

“Идорага келиб ҳаммани ишдан бўшаганини айтган одамнинг исми Ағзам Маҳмудов. У аввал мелиса бўлиб ишлаган, 2009-2012 йиллар давомида “Baliqchi” да қўриқлаш хизмати бошлиғи бўлган. Кластер буни қаердандир топиб яна олиб келиб охрана бошлиғи қилиб қўйган экан. “Baliqchi”​ ҳиссадорлик жамияти бошлиғи Абдураҳим ака таътилга чиққан пайтда булар келиб идорага ўтириб олган, мана бизнинг қўлимизда қарор, сизлар энди бу ерни бўшатиб қўйинглар, янги эгаси бизмиз, деган. Улар ҳокимият қўйган қоровулларни ҳайдаб чиқарган. Шундан одамлар дарғазаб бўлиб, исён кўтариб юборишган. Чунки, Ағзам аввал ишлаган пайтда, уч-тўртта ишчиларни подстава қилиб қаматиб юборган, ҳамманинг жонига теккан экан”, деди ишчилардан бири.

Ишчиларнинг айтишича, видеода кластер ташкилотнинг ҳарбий дала формасида бўлган Ағзам Маҳмудов исмли вакилини милиция ходимлари зўрға ишчилардан қутқариб Дамас автомобилида олиб чиқиб кетгани акс этган.

Озодлик бу воқеани ўрганиш жараёнида жамият ҳиссадорлари билан кластер ташкилот ўртасида келишмовчилик бор эканлигини аниқлади.

“Baliqchi”​ АК қандай қилиб “TCT Fish cluster”​ МЧЖга ўтиб қолди?

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги қарорида ёзилишича “Baliqchi” акциядорлик жамияти “TCT Fish cluster” МЧЖга “ноль” қийматда бериб юборилган:

“Кенг турдаги балиқ маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва сотиш, шу жумладан, экспорт қилиш бўйича замонавий комплекс ташкил килиш учун собиқ "Балиқчи" АЖ мулкий комплексини, янги иш ўринлари ташкил этиш ва 8,2 млн АҚШ доллари миқдорида инвестициялар киритиш шарти билан, "ТСТ cluster" МЧЖга "ноль" кийматида сотиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин”.

“TCT Fish cluster” МЧЖ, “Baliqchi” раҳбариятининг айтишича, "ТСТ cluster" МЧЖнинг таркибий бўлимидир.

Бироқ, “Baliqchi” раҳбариятининг айтишича, уларнинг корхонаси тугатилгани ҳақида маҳаллий нашрларда эълон берилмаган, кластер ташкилот билан қабул қилиб олиш масаласи ҳал бўлмаган.

Айни пайтда хўжалик ҳовузларида 2000 тоннадан кўпроқ балиқ боқилмоқда.

“Baliqchi” раҳбарияти фикрича, “TCT Fish cluster” кириб келиши билан 640 нафар акциядорнинг тақдири номаълум бўлиб қолмоқда.

"Биз билан ҳисоб-китоб қилмади"

Жамият акциядорларидан бири, “Абдухалил ота” МЧЖ раҳбари Абдукамол Абдухалиловнинг Озодликка айтишича, кластер “ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонга ҳозир” сифатида кириб келган:

- Ҳали булар “приём-передача” қилмай туриб, худди рейдер каби босиб олишди. Буни қаранг, 6 ноябрда президентнинг балиқчилик дирекцияси ташкил қилинсин деган қарори чиқяптида, ундан кейин Бош вазирнинг кластер қилинсин деган қарори чиқяпти. Буни кимдир тепасида туриб, ўзи учун қилаётганга ўхшайди. Бўлмаса, нега “ноль” қийматда берилсин, деяпти. Бунда 450 одам муваффақиятли ишлаяпти, корхонанинг 40 миллиард сўм пули бор, ишчилар ойликдан ташқари мукофот олади, биринчи ярим йилда корхона 11 ярим миллиард сўмлик балиқ сотган бўлса, юзлаб техникалари, музхоналари, лабораториялари, ҳамма нарса ойдек бўлса, 3,5 минг гектар ер унумли ишлатилиб турган бўлса, қандай қилиб “ноль”га бериб юборади. Ахир ишлатилмай ётган объектлар “ноль” қийматга берилсин деганку?

Қуйичирчиқ туман ҳокимининг 10 декабрдаги қарорига мувофиқ кластерга ер участкалари бириктирилган, “TCT Fish cluster” МЧЖга инвестиция мажбуриятлари билан “ноль” харид қийматда сотиш учун бўш турган давлат мулки рўйхати 10 январгача вилоят хокимлигига киритилиши керак. Вилоят ҳокимлиги мулклар рўйхатини тасдиқлагандан сўнг кластер эгалигига ўтади.

Бироқ, жамият раҳбарларига кўра, кластер бир ойлик муддат ўтмасдан, топшириладиган мулклар рўйхати тузилмасдан, топшириш-қабул қилиш далолатномаси расмийлаштирилмасдан, мол-мулклар “бир четда” қолиб кетиб, балиқларни ўзлаштириш ва сотиш ҳуқуқини талаб қилмоқда.

"Биз балиқчиликни ҳақиқий даромад берадиган соҳага айлантирамиз"

“TCT Fish cluster” МЧЖ раҳбари Толиб Қудратов Озодлик билан суҳбатда “Baliqchi” ишчиларининг улар қўйган номзодга қарши норозилик билдирганини тасдиқлар экан, бу муаммо ҳал этилганини айтди:

“Бизнинг бу ишлардан хабаримиз бор. Биз ишчилар ҳақ-ҳуқуқларини биринчи ўринда ҳимоя қиламиз. Ўша биз тайинлаган номзод аввал ўша ерда ишлаб уларга маъқул келмаган эканми, демак улар ҳақ. Шунинг учун биз уни ўша куни ишдан бўшатиб юбордик ва ишчилар билан гаплашиб ҳамма ўз ишида қолишини ва ойликлари аввалгидан ҳам кўпроқ бўлишини айтдик. Аллақачон уларнинг ойлик иш ҳақлари кўтарилди”.

Толиб Қудратов кластер ташкилотининг кириб келишига изоҳ берар экан, ҳамма нарса қонуний бўлаётганини айтди:

“Baliqchi”​ АЖ жуда катта камчиликлари учун Иқтисодий суднинг қарори билан 2017 йилда ҳақиқий эмас, деб топилган. Унинг барча мулки, 85 фоиз акцияси давлатга қайтарилган. Шундан сўнг Вазирлар Маҳкамаси қарори билан чет эллик инвесторга 8,2 миллион АҚШ доллари сармоя киритиш шарти билан берилган. Бу ниҳоятда прогрессив қарор. Чунки, энди бу хўжалик тўла модернизация қилинади ва балиқни нафақат сотиш, балки консерва ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бунинг учун дастурлар яратилган. Бизнинг қароримизни ишчилар қарсак билан кутиб олди”.

Толиб Қудратовнинг айтишича, 15 фоиз акциядорларнинг акцияси тақдири қандай бўлишини ҳуқуқшунослар қонун йўли билан ҳал қилади.

Озодлик икки кун давомида “Baliqchi” АЖ собиқ раҳбари Абдураҳим Пирвалиев билан боғланишга ҳаракат қилди. 9 январь куни суҳбатлашишга имкони йўқлигини айтган Пирвалиев, 10 январь куни қўнғироқларга жавоб бермади.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG