Линклар

Шошилинч хабар
24 феврал 2019, Тошкент вақти: 09:48

Кластердан норози бўлган "Балиқчи" ҳиссадорлик жамияти раиси ҳибсга олинди(ВИДЕО)


Абдураҳим Пирвалиев

Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туманидаги собиқ “Балиқчи” АЖ раиси Абдурахим Пирвалиев 1 февраль куни вилоят прокуратурасининг уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бўлими ходимлари томонидан ҳибсга олинди. Бу ҳақда Озодликка тадбиркорнинг яқинлари хабар қилди.

Пирвалиев адвокатига кўра, тадбиркор Абдураҳим Пирвалиев Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167-моддаси 3-қисми (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш) ҳамда 232-моддаси (Суд ҳужжатини ижро этмаслик) билан айблов эълон қилинган.

Озодлик “Балиқчи” АЖ билан унинг ўрнига келган “TCT fish cluster” ўртасида келишмовчилик борлиги ҳақида илгари хабар берган эди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрда “Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ туманида замонавий агросаноат кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 974-сонли қарори чиққандан сўнг “Балиқчи” АЖ ҳиссадорлари ва унинг янги эгаси «ТСТ Fish cluster» МЧЖ ўртасида низо юзага келган эди.

Озодлик суҳбатлашган “Балиқчи” ҳиссадорларининг айтишларича, кластер ташкилот ўзининг бирламчи ишлари билан шуғулланмай энг аввало жамият ҳовузларида боқилаётган балиқни сотиш ҳуқуқини талаб қилган.

"Балиқчи" АЖ ҳовузлари
"Балиқчи" АЖ ҳовузлари

“Балиқчи” АЖ акциядорларининг Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов номига ёзган шикоят мактубида бу ҳақда бундай дейилади:

“Бугунги кунда ҳудудда қонун устуворлиги йўқолиб қонунсизлик, зўравонлик ҳолати юзага келди. Бир томонда суд қарорларини нотўғри талқин қилиниши ҳисобига барча мулкларидан, етиштирган балиқдан ҳам ажралиб қолган “Балиқчи” АЖ, иккинчи томонидан мақоми номаълум бўлиб турган “Балиқ ишлаб чиқарувчи” ЭИЗ, учинчи томонида «ТСТ Fish cluster» МЧЖ барча қонунларни инкор этиб зўравонлик билан мол-мулкларга эга бўлиб олмоқда”.

"Балиқчи" АЖ хўжалиги
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:19 0:00

​("Балиқчи" АЖ ҳиссадорлари хўжаликнинг имкони ва келажаги ҳақида ўзлари тайёрлаган видеони Озодликка тақдим этди)

Абдураҳим Пирвалиевнинг опаси Адиба Алижонованинг иддао қилишича, унинг укаси давлатдан бир сўм кредит олмай жамият ҳиссадорлари ҳамда ишчилари билан етиштирган балиқни сотиш ҳуқуқидан маҳрум қилинганига, жамият мол-мулкига тайёр эга чиққанига норозилик билдиргани учун ҳибсга олинган:

- Акциядорларга ва ишчиларга акциядорлик жамияти кенгаши қарори асосида дивидент бергани учун, ўзлари етиштирган балиқни босқинчиларга қўшқўллаб топширмагани учун ҳибсга олишди. Кластер босқинчилик билан келиб ҳамма нарсани эгаллаб олди. Ваҳоланки, улар бир дона балиқ етиштирмаган, уларга бу хўжалик ноль қийматда берилган. Акциядорлар ҳовузлардаги балиқларини сотиб, бўшатиб беришмоқчи эди, қўйишмади. Укам норозилик билдириб, ҳамма жойга шикоят қилаверганидан кейин қамоққа олишди. Ўзбекистон Бош вазири собиқ ўринбосари Зойир Мирзаевнинг хати бор. Олти ой ичида ҳовузларни бўшатиб берсин, деган. Лекин бунга амал қилинмади, дейди Адиба Алижонова.

“Балиқчи” АЖ раиси Абдураҳим Пирвалиевнинг Ўзбекистон Бош прокурорига қилган шикоятида:

“Балиқчи” АЖ жамоаси томонидан етиштирилган балиқларни сотиш ҳуқуқининг “TCT Fish cluster” МЧЖга берилиши на Вазирлар Маҳкамасининг на суднинг на ҳокимликнинг қарорларида белгиланган”, деб ёзган.

Пирвалиевнинг ёзишича, уларнинг норозилигини бостириш учун Тошкент вилояти прокуратураси Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими бошлиғи Султонов Иқбол раҳбарлигида вилоятнинг турли идораларидан иборат ишчи гуруҳ юборилган:

“Султонов Иқбол раҳбарлигида вилоятнинг турли идораларидан иборат ишчи гуруҳ 2019 йил 9-11 январь кунлари “Балиқчи” АЖда текшириш ўтказишди. Мазкур текшириш ишчи гуруҳнинг тили билан айтганда “ўрганиш шаклида ўтказилди”. Бироқ, текширишми ёки “ўрганиш”ни ўтказиш учун асос бўлувчи ҳеч қандай ҳужжат тақдим қилинмади ва ёпиқ тарзда ўтказилди. Ҳатто, текшириш далолатномаси билан ҳам таништирилмади. Текшириш жараёнида ишчи гуруҳ раҳбари Султонов Иқбол “Балиқчи” АЖ раҳбариятини 2019 йил 11 январь кунидан ишга чиқмасликни, унинг айтганини “яхшиликча” қилиш кераклигини, акс ҳолда ёмон оқибатларга олиб келишини маълум қилди”.

Тошкент вилояти прокуратурасининг навбатчиси Иқбол Султонов билан тўғридан-тўғри боғланиш мумкин эмаслигини айтиб, Озодлик телефон рақамларини ёзиб олди ва ўзлари боғланишини айтди.

Аммо, вилоят прокуратурасидан Озодликка қўнғироқ бўлмади.

Абдураҳим Пирвалиевнинг адвокатларидан бири, ҳимоясидаги шахсни қамоққа олиш ҳақида суд чиқарган қарор ҳам зиддиятли эканлигини айтди:

“Суднинг қамоққа олиш ҳақидаги қарори ҳам шунчалик зиддиятлики, биз адвокатлар ҳам уни конкрет нимада айблашаётганини ҳам тушуна олмаяпмиз. Жиноят кодексининг 167 моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш) бўйича унга айб қўйишяпти, гўёки у акциядорларга дивидент тўлаган экан. Лекин у бу қарорни бир ўзи қабул қилмаган, бу умумий йиғилишнинг қарори. Биз бу ишга энди киришдик, бу жуда ҳам чигал иш”, деди адвокатлардан бири.

“Балиқчи АЖ” йилига 30-40 миллиард сўм маблағ айланмасига эга бўлган, 452 киши ишлайдиган, бюджетга 5 млрд.сўмдан ортиқ турли солиқ, фойдаланилиб турилган объектлар учун ойига давлат ижара марказига 500 миллион сўм пул тўлаб келган корхона бўлган.

“Балиқчи”​ АЖ Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида, Британияда рўйхатдан ўтган "Иронтекс" ва "Гратум" компаниялари таъсис қилган “TCT cluster”га ўтган йилнинг 1 декабрида ноль қийматда берилган.

Ҳиссадорлар кластер ташкилот собиқ “Балиқчи” билан ҳисоб-китоб қилмасдан, ишни хўжаликда етиштирилган балиқни сотишдан бошлаётганидан шикоят қиладилар.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG