Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:30

Арқадағ йўқолиб қолди. Унинг қаердалиги ҳақида миш-мишлар урчимоқда


Туркманистоннинг собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ўғли Сердар.
Туркманистоннинг собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ўғли Сердар.

Туркманистоннинг собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ажабтовур жаҳон рекордлари ўрнатишга ишқибоз. Ҳозир у неча кунлардан бери изсиз ғойиб бўлиб, ўз рекордини янгилаш арафасида турибди. Бу эса унинг соғлиғи билан боғлиқ турли миш‑мишларни урчитмоқда.

65 ёшли Бердимуҳамедов ўтган йили давлат раҳбарлигини ўғли Сердарга топширган эди.

Аммо бу йил бошидан у афтидан, янада кучлироқ лавозимни эгаллади: у бутун ҳукуматнинг, шу жумладан, ўғлининг ишини назорат қилувчи Халқ кенгашини бошқаради, камига, янги "миллий раҳнамо" унвонини ҳам олди.

У гўё "ёш етакчилар"га йўл очиш учун президентликдан кетганидан бир йил ўтмай телеканаллардан тушмай қолди, баъзида у 41 ёшли ўғли Сердарни ортда қолдиради.

Аммо Гурбангули Бердимуҳамедов Германияга сафарда эканлигини кўрсатишганидан бери у кўринмай қолди.

Бердимуҳамедовнинг 2006 йилдан 2022 йилгача давом этган президентлиги даври шунга ўхшаш ғойиб бўлишлар аввал ҳам кузатилган.

2019 йил июли биринчи ҳафтасидан ўша йилнинг август ойи биринчи ҳафтасигача бир ой давомида йўқолиб қолган.

Отасидан Туркманистон президенти лавозимини олаётган Сардор Бердимуҳамедов ҳақида 5 факт
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:42 0:00

Ўша вақт оралиғида давлат матбуоти унинг ҳукумат амалдорига пойтахт Ашхободдаги автобус бекатлари ҳақида топшириқ бераётганини кўрсатган эди, аммо бу кадрларнинг ҳеч бўлмаганда бир қисми эскига ўхшарди.

Бердимуҳамедовнинг бу сафарги тасвири Германияда номаълум санада суратга олинган ва “Ватан хабарлари” ахборот дастурида 29 апрель куни эфирга узатилган. Шундан бури Арқадағ кўринмай қолди.

Ундан бир ҳафтадан кўпроқ вақт олдин 20 апрель куни унинг Халқ кенгаши йиғилишига раислик қилаётгани кўрсатилган эди.

Франкфуртга сафар

29 апрель куни ўша ахборот дастурида Гурбангули Бердимуҳамедов ўз ўғлининг “топшириғи билан” сафарга чиққани, бу сафари давомида у Германиянинг наслчилик фермасига боргани ва “от боқишнинг ўзига хос хусусиятлари билан танишгани” ҳақида хабар берди.

Албатта, бу соҳада катта Бердимуҳамедов кўрсатмаларга муҳтож эмас.

У 2015 йилда “Халқ чавандози” унвони билан тақдирланган бўлиб, телеканалларда унинг туркман отларини миниши, парваришлаши ва машҳур туркман отлари ҳақида китоблар ёзиши мунтазам намойиш этилади.

Германияга ташрифнинг яна бир жумбоқли жиҳати собиқ президентнинг ёнида ташқи ишлар вазири Рашид Мередовнинг отхонада юрганидир.

Туркманистон давлат телевидениесининг 1 май куни хабар беришича, Мередов бош вазир ўринбосари ҳам бўлиб, йиллик таътилга чиққан ва ўз вазифасини вақтинча бош вазир ўринбосари Вепа Хаджиевга топширган.

Бу Туркманистон расмийларининг кўпчилиги анъанавий тарзда оладиган ёзги таътилдан бироз эртароқдир.

Европада жойлашган «Chronicles of Turkmenistan» нашри келтирган Flightradar24 веб-сайтидаги парвоз маълумотлари Бердимуҳамедов Германияга сафар қилгани ҳақидаги версияни тасдиқлайди.

Бердимуҳамедов учган Boeing 777-200 (LR) самолёти 22 апрель куни Франкфурт аэропортига қўнган ва унинг сафари ҳақидаги хабардан бир кун олдин – 28 апрель куни Ашхободга қайтган, дейилади нашрда.

Гурбангули Бердимуҳамедов Германиядан қайтаётган самолётда бўлганми? Агар шундай бўлса, нега у шу пайтгача, жумладан, 30 апрель, Миллий отлар кунида кўринмади? У бунақа тадбирлардан қолмасди.

Озодлик радиоси туркман хизматига исмини ошкор қилмаслик шарти билан ҳукуматдаги манбанинг айтишича, Гурбангули Бердимуҳамедов ва Мередов ҳамон Германияда бўлиб, у ерда учрашувлар ўтказмоқда. «Озодлик» радиоси бу маълумотни бошқа манбалар орқали тасдиқлай олмади.

Қизиғи шундаки, Туркманистон давлат матбуоти 2 май куни Туркманистон ҳукумати делегацияси икки давлат ўртасидаги кенгроқ иқтисодий ҳамкорлик доирасида Deutsche Bank ва Commerzbank билан музокаралар ўтказгани ҳақида хабар берди.

Туркманистон делегациясининг немис ишбилармонлари билан музокаралари ҳақида гапирилган ўша хабарда Гурбангули Бердимуҳамедовнинг бу мамлакатга «яқинда» қилган сафари алоҳида воқеа сифатида тилга олинган.

Хабарда айтилишича, собиқ президент Туркманистоннинг “немис ҳамкорлари”ни Аркадағ шаҳри очилишига бағишланган тантаналарда иштирок этишга таклиф қилган.

Deutsche Bank’ка Туркманистоннинг биринчи раҳбари Сапармурод Ниёзов ҳам хайрихоҳлик қилган.

Шаффофлик масалаларини кузатувчи Global Witness ташкилоти бундан ўн йилдан кўпроқ вақт олдин ёзганидек, Туркманистон марказий банки “Deutsche Bank’да 949924500 ҳисоб рақамига эга бўлган” ва табиий газ сотишдан тушган катта маблағларни шу ҳисобга ўтказган.

Бироқ, “халқаро молия институтларининг турли ҳисоботларида айтилишича, ушбу ҳисобварақдаги пуллар Туркманистон президенти Сапармурод Ниёзов томонидан тўлиқ назорат қилинади”, дея қўшимча қилди Global Witness. Ниёзов 2006 йилда тўсатдан вафот этди, бу эса ўша пайтдаги Соғлиқни сақлаш вазири Гурбангули Бердимуҳамедовга юқори лавозимни эгаллашга имкон берди.

Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги Мередов ва Бердимуҳамедовнинг сафари ҳақидаги сўровларга жавоб бермади.

Катта Бердимуҳамедовнинг Германияда узоқ қолиши унинг соғлиғи ҳақидаги миш-мишларни зўрайтириши муқаррар.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари стандартларини назарда тутсак, Бердимуҳамедов 15 йиллик ҳокимиятдан кейин ўтган йилнинг февралида президентликдан кетишга қарор қилганида ҳали ёш эди.

2019 йил ёзида унинг узоқ вақт ғойиб бўлгани Арқадағнинг ўлгани ҳақидаги ёлғон хабарларни урчитди. У бу миш‑мишларни Қорақум чўлидаги “Дўзах дарвозалари” деб номланган ёнаётган газ кратери атрофида автомашина бошқариб кетаётгани тасвирланган видео орқали рад қилган эди.

"Президент имиджини бузаётган" туркманларга навбатда туриш тақиқланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:46 0:00

Аммо иш шу билан тугамади, кейинги йилларда Сердар Бердимуҳамедов ҳокимият пиллапояларидан шитоб кўтарила бошлади.

Назарий жиҳатдан, мамлакат бошқарувийнинг наслий ўтиши катта Бердимуҳамедовга кўпроқ эркинлик бериши керак эди, шунда у бир муддат жамоатчилик назаридан ғойиб бўлиши, шунингдек, вафот этган тақдирда раҳбарият билан боғлиқ ноаниқликлар бўлмаслиги керак эди.

Сердар Бердимуҳаммедов мухолифларсиз сайланганидан бир ҳафта ўтиб, унинг отаси ундан ўз севимли машғулоти билан шуғулланишга изн сўради.

"Мен 40 йилдан бери раҳбарлик лавозимларида ишлаб, 25 йилдан бери сиёсат билан шуғулланаман. Бу вақтда иш катта бўлгани учун тўлиқ дам олмадим. Шунинг учун 1 апрелдан бошлаб таътил сўрайман.” “Нейтрал Туркменистан” давлат газетаси ўша пайтдаги катта Бердимуҳамедовдан иқтибос келтирган ҳолда кичик Бердимуҳамедов каттасининг сўровини қондиргани ҳақида хабар беради.

Аммо собиқ президент миш-миш тарқатувчилар тегирмонига сув қуя бошлади, ўша йил охирида жамоат ҳаётига яна қайтди, хорижий давлат раҳбарлари, жумладан, Россия Президенти Владимир Путин билан учрашди ва мамлакат вилоятларига мунтазам сафар қиладиган бўлди.

Унинг ижтимоий таъсири шунчалик кучли эдики, ўтган йил охирида Озод Европа/Озодлик радиосига аноним интервью берган тажрибали туркман журналисти шундай ҳазиллашади: “Одамлар мамлакатни қайси Бердимуҳаммедов бошқараётганини билишмайди, лекин ким бўлса ҳам яхши ишлай олмаяпти".

Озодлик радиосининг Туркманистондаги мухбирлари Бердимуҳамедовлар даврида мамлакатда яшаш яна қимматлашгани ва бу бошқарувдаги уқувсизликдан экани ҳақида хабарлар беришади.

“Одамлар энди кундалик муаммолари билан банд. Гурбангули борми, йўқми, ҳеч кимни қизиқтирмайди. Ҳеч ким уни тилга олмайди ҳам”, дейди улардан бири.

Президент Сердар Бердимуҳамедов 9 май куни Москвадаги қаттиқ назорат остида ўтган Ғалаба парадига сўнгги дақиқада ташриф буюрди, 10 май куни эса Тожикистон пойтахти Душанбеда Тожикистон раҳбарияти билан музокаралар ўтказди.

Форум

XS
SM
MD
LG