Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:30

Собиқ "ишончсиз ҳамкор". Россия бошлаган газ ўйинлари Туркманистонга керакми?


Президент Гурбангули Бердимуҳамедов Шарқ-Ғарб магистралининг очилиши маросимида. Туркманистон, 31 май, 2010
Президент Гурбангули Бердимуҳамедов Шарқ-Ғарб магистралининг очилиши маросимида. Туркманистон, 31 май, 2010

10 йилдан ошдики, Хитой туркман газининг асосий харидори саналади. Бироқ, экспертларга кўра, ҳозирда Россия яна Ашхободга таъсир ўтказиш учун айрим ричагларни қўлга киритган ва энди улардан фойдаланмоқчи.

Экспертларга кўра, газга бой Туркманистон экспорт маршрутларини осонгина диверсификация қилиб олиши мумкин эди. Бироқ мамлакат бунинг ўрнига ўзининг Москва энергетика орбитасига қайтишига йўл қўйиб бермоқда.

Россия – даромадларининг тўртдан уч қисми ёқилғи савдосига қараб қолган Туркманистон газининг асосий харидори эмас.

Асосий харидор – Хитой: у Россияни сиқиб чиқарганига 10 йилдан ошди ва айни пайтда Туркманистондан Россияга нисбатан тахминан тўрт баравар кўп табиий газ импорт қилади.

Бироқ, Пекин Ашхобод билан энергетика алоқаларида ҳамиша фақат бизнес мақсадларини кўзласа, Москва билан муносабатлар катта эҳтимол-ла сиёсий ҳисоб-китобларни ҳам ўз ичига олади.

Украинага босқин ортидан Европа Россия газини сотиб олишни кескин камайтирганидан сўнг Кремль янги газ иттифоқларини тузишга интилаётган айни шароитда бу айниқса долзарбдир.

“Вазиятга кенгроқ қарайдиган бўлсак, Туркманистон Европа Иттифоқида энергетик эврилишнинг самаралироқ ва камчиқимроқ бўлишини таъминлай оладиган ягона ғайрироссия табиий газ манбаси саналади. Бироқ Ашхобод очиқчасига Россия томонга оғиб, ўз газини Ғарбга йўналтириш имкониятларини рад этаётир. У авторитар қуролдош оғалари – Россия ва Эрон тарафга юришни танлади, чунки мазкур сиёсат изоляцияга эҳтиёжини ҳимоялашга хизмат қилади”, дейди Чатем-Ҳус Қироллик Халқаро муносабатлар институтининг халқаро масалалар бўйича эксперти Аннет Бор.

Миллернинг даври келди

“Газпром” раҳбари Алексей Миллер сўнгги олти ойда Ашхободга икки марта борди. Иккинчи боришида (15 февраль) у президент Сардор Бердимуҳамедов ҳамда яқинда тож кийган “арқадағ” Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашди.

Россия 2016-2021 йилларда Туркманистон газини импорт қилишни нолдан йилига 10 миллиард кубометрга оширди, аммо бу рақам 2000-йиллар ўрталаридаги энг юқори кўрсаткич (йилига 40 млрд кубометр) олдида ҳеч нарса эмас. Ўша йилларда Москва Европага ўз газини кўпроқ экспорт қилиш мақсадида туркман газидан фойдаланарди.

Бироқ Миллернинг Ашхободдаги учрашувларига доир расмий хабарларда газ импорти ҳажмини ошириш масаласи кун тартибида тургани ҳақида ҳеч бир ишора йўқ эди – Россия энергетика гиганти “газ соҳасида ҳамкорлик истиқболлари бўйича музокаралар бўлмоқда” деган мазмунда мавҳум маълумот бериш билан чекланди.

Бироқ Миллернинг қадам ранжидаси “Россия Туркманистонни ғовга эмас, балки ўз активига айлантирмоқчи, “оғир кечган” 2022 йилда сўнг “Газпром” халқаро газ бозоридаги мавқеини тиклашга уринмоқда”, деган гап-сўзларни авж олдирди.

Кремлга яқин “Взгляд на Восток” телеграм-канали хабар қилишича, Миллер Туркманистонга етказган энг муҳим мужда шуки, Россия Туркманистон билан Озарбайжонни боғловчи Транскаспий газ қувури (ТКГҚ) қурилишига тўғаноқ бўлишдан қайтмайди. Мазкур лойиҳа Озарбайжон газини Европага экспорт қилиш имконини берган бўлур эди.

“Бунинг ўрнига Туркманистонга Эрон орқали тўғридан-тўғри Туркияга газ етказиб беришда иштирок этиш таклиф қилинган”, дейилади хабарда. Айтилишича, бу схемага рози бўлган тақдирда “Туркманистон Россия ва Эрон тузаётган ва Қатар ҳам қўшилиши кутилаётган газ иттифоқининг тўла ҳуқуқли аъзоси бўлади”.

Озодлик “Газпром”дан ушбу хабар юзасидан изоҳ сўраган, лекин ҳозирча жавоб олгани йўқ.

Катта ҳажмда газ ўтказиш учун Каспий денгизи орқали қувур тортиш 25 йилдирки, Туркманистоннинг очиқ айтилаётган мақсадларидан бири саналади. Бироқ мазкур лойиҳа ҳар доим муаммо бўлган, ҳатто сармоя тикишга тайёр инвесторлар етарли бўлган пайтларда ҳам.

Беш соҳилбўйи давлати ўртасидаги Каспий денгизи мақомига доир сиёсий битим ҳамда Каспий денгизига доир зиддиятларни бартараф этиш бўйича Озарбайжон-Туркманистон икки томонлама келишувига эришилганига бир неча йил бўлди холос.

Ўшанда ҳам Россия билан Эрон бу ғоядан хурсанд бўлмаган ва гўёки экология қайғусида лойиҳани ўтказишмаганди.

“Ишлаб турган ТКГҚ Европа учун шу қишда фойдали бўлиши мумкин эдию аммо Европа энергетика бозоридаги тенденциялар халал бермоқда. Гап шундаки, ЕИ Россия газидан воз кечган бўлса-да, узоқ муддатли истиқболда янгиланадиган энергия манбаларига ўтиш қароридан қайтгани йўқ. Шу боис у вақтинча суюлтирилган табиий газга мўлжалланган инфратузилмасини кенгайтирмоқчи”, дейди Finance & Capital Markets ижрочи директори Лоран Русецкас.

OzodNazar: Ўзбекистон газ бўйича Россия билан “йўл харитаси”ни имзолади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:49:29 0:00

Экспертга кўра, Европа йирик газ қувури лойиҳаларига маблағ тикишни истамаяпти. Чунки ўрта муддатли истиқболда Европа газга муҳтож бўлмайди, 2050 йилга бориб ЕИ асосан яшил энергиядан фойдаланишга ўтади.

Россия билан жануб томонга интилиб

Декабрда Сардор Бердимуҳамедов Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ҳамда Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон билан учрашган, ўшанда Эрдўғон расмий Анқара бу икки мамлакатни боғловчи газ қувури қурилишини сиёсий ва молиявий дастаклашга тайёрлигини билдирган эди.

Бироқ, Аннет Борга кўра, Туркманистон Ғарб дипломатларига кичик ўлчамли муқобил қувурларни қуришдан манфаатдор эмаслигини айтган. Бунақа қувурларни қуриш осон, лекин улар орқали кўп газ етказиб бўлмайди.

“Туркманистон Европанинг йилига 30 млрд кубометр газ сотиб олиш бўйича узоқ йиллик шартнома таклиф қилишини хоҳлаяпти. Лекин бу хомхаёл”, дейди Бор ва “Ашхобод ушбу масаладаги позицияси билан Анқарани бездира бошлади”, дея қўшимча қилади.

Натижада, Ғарбга экспортни кўпайтириш имкониятидан маҳрум ва шимолдаги Россия ва шарқдаги Хитой билан савдосини мувозанатда ушлашга тиришаётган Туркманистон – Покистон ва Афғонистон орқали Ҳиндистонга газ етказиб берувчи ТАПҲ (мамлакатлар бош ҳарфларидан олинган) қувури бўйича консорциумга бош бўлди. Ушбу лойиҳа миллиардлаб доллар туради, лекин унинг бирон таниқли инвестори йўқ.

Россия ҳам лойиҳага қизиқиш билдирган, аммо бирон қатъий мажбуриятни зиммасига олган эмас.

Январда Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов мазкур лойиҳа хавфсизлигига оид хавотирлар “долзарблигини йўқотган”ини айтди – афтидан, бу Толибоннинг “биз Афғонистон ҳудудида тўлиқ назорат ўрнатдик”, дея баёнот берганига ишора бўлса керак.

Москванинг лойиҳадаги ҳар қандай шаклдаги иштироки “тижорий ёндашувлар”дан келиб чиқади, деди Кабулов.

Русецкас эса унинг баҳосига кўра, лойиҳанинг рўёбга чиқиш эҳтимоли “нолдан бир-икки поғона кўтарилган”ини, бироқ бунинг Кабулов тилга олган сабабларга дахли йўқлигини таъкидлайди.

“Ўтган йили суюлтирилган табиий газ нархлари кескин кўтарилиши Ҳиндистон билан Покистон учун шок бўлди. ТАПҲ ишга тушишидан улар жуда хурсанд бўлур эди”, дейди эксперт.

Бироқ лойиҳанинг Афғонистон орқали транзит ва “Туркмангаз”нинг чекланган техник салоҳияти каби фундаментал муаммолари ҳануз долзарб, қўшимча қилади Русецкас.

Москва инвестицияларига келсак, “Россия қувур учун ҳозирнинг ўзида миллиардлаб доллар пул сарфлай оладиган мамлакат эмас”, урғулайди у.

Айни чоғда Россия Туркманистонга таклиф қилгани айтилаётган ягона “хўрак”, яъни Эрон ва мавжуд инфратузилма орқали учинчи мамлакатларга газ экспорт қилиш Ашхободнинг минтақавий энергетик мақомини айтарли ўзгартирмайди.

Британиядаги Methinks тадқиқот ташкилотининг энергетика хавфсизлиги бўйича эксперти Жон Робертс Озодлик билан суҳбатда Туркманистон шу йўл билан Туркияга энг кўпи билан йилига 5 млрд кубометр газ етказа олишини маълум қилди.

Ҳатто шунда ҳам Туркия бу ғояни қўллайдими, йўқми – аниқ эмас, чунки Анқара лойиҳага Европа Иттифоқи томонидан бўлаётган қаршилик билан ҳисоблашишга мажбур, дейди Робертс Эрон мулозимлари очиқча маъқуллаётган транзит таклифи хусусида фикр билдираркан.

Россия ихтиёрида Ашхободга таъсир ўтказиш ричаглари мавжуд, чунки у сўнгги бор Туркманистондан газ импортини қисқартирганида (гарчи бу жаҳон бозорида энергия ташувчилар нархи тушиб кетган пайтларда бўлган эса-да), Туркманистон бундан жиддий иқтисодий талафот кўрган эди.

Дарвоқе, 2015 йили – газ сотувидан фойда камайиб кетиши туфайли миллий валюта кескин девальвацияга учрагани кезларда “Туркмангаз” бир баёнотида Россияни “ишончсиз ҳамкор” деб атаган эди.

Ушбу ғаройиб баёнот матни интернетдан аллақачон олиб ташланган.

Аннет Борга кўра, Туркманистон Россияга қаттиқ ишониб қўймаганида ақлли иш қилган бўлур эди.

“Россия газ бозори конфигурациясини тубдан ўзгартирмоқчи, Ғарбдан узилиб қолиш эса уни Эронга тобе қилиб қўйди, бу эса Туркманистон учун беоқибат эмас”, дейди у.

“Москва келгусида Қозоғистон билан Туркманистон орқали Эронга, у ердан эса Покистон ва Ҳиндистонга йўл очмоқчи. Аммо Покистонга элтувчи мавжуд йўналишлардан камроқ газ ташиш мумкин холос, ортиғига инфратузилма ва логистика дош бермайди”, хулоса қилади эксперт.

Форум

XS
SM
MD
LG