Линклар

Шошилинч хабар
11 май 2025, Тошкент вақти: 18:47

Араб дунёси билан алоқалар Марказий Осиёни бирлаштирадими? Меҳнат мигрантлари нега Буюк Британияга оқиб келмоқда?


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Ўтган ҳафта Ғарб ОАВлари марказий осиёлик меҳнат мигрантлари нега Буюк Британияга тобора интилаётгани ҳақида ёзди. Қолаверса, хабарларга кўра, Лондонда Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев асос солган фонд билан алоқадор Jusan Technologies ширкатининг Британия ОАВларига нисбатан даъвоси бўйича дастлабки суд тинглови бўлиб ўтган. Ғарб матбуоти, шунингдек, араб мамлакатлари билан алоқалар мустаҳкамланиши Марказий Осиёдаги беш давлатни бирлаштира оладими, йўқми, деган саволга ҳам жавоб изламоқда.

Буюк Британиядаги марказий осиёлик меҳнат мигрантлари

The Economist нашри марказий осиёлик меҳнат мигрантлари Буюк Британияга тобора кўпроқ интилаётгани сабабларини ўрганди.

Буюк Британия аҳолиси баҳордан кузгача тановул қиладиган аксар резаворлар мамлакатнинг ўзида етиштирилади, лекин уларни чет эллик ишчилар териб-йиғиб беради. 2021 йилда Буюк Британия мева-сабзавот ва резавор теримчиларга 30 мингта виза берган, шундан қарийб 20 мингини украиналиклар олган. Буюк Британия мигрантларга мавсумий визалар беради, бунақа виза билан олти ой ишлаш мумкин.

Бироқ 2022 йил февралда уруш бошланганидан сўнг аксар украиналиклар Буюк Британияга ишга бора олишмади. Натижада рекрутчилар уларнинг ўрнига Марказий Осиёдан ишчи ёллашга мажбур бўлишди. 2021 йилда мавсумий ишлаш учун Буюк Британияга Қирғизистондан атиги 304 киши келган бўлса, ўтган йили бу рақам 4341 кишига етди. Шунингдек, Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан ҳам минглаб ишчилар келди. 2022 йилда Британия жами 34 500 та мавсумий ишчи визалари берган бўлса, шундан 44 фоизи Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари ҳиссасига тўғри келади.

Буюк Британия 2020 йил февралда Евроиттифоқдан расман чиқиши ортидан ЕИ ва Буюк Британия ўртасида ишчи кучи эркин ҳаракатланиши барҳам топди. Шундан сўнг Британия бандлик агентликлари Марказий Осиёда офислар очиб, алоқаларни йўлга қўйишди. Марказий Осиёдан ишлагани келувчилар сони йил сайин ортиши башорат қилинмоқда ва, The Economist ёзишича, Британия ҳукумати бундан манфаатдор. Жорий йил мартида ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверли Остонада Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан учрашди. Июнда эса Буюк Британиянинг Европага оид ишлар бўйича вазири Лео Доэрти Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонда бўлди. Аввалроқ инглиз парламентининг ташқи ишлар қўмитаси делегацияси минтақа сиёсатини ўрганиш мақсадида Марказий Осиё мамлакатларига ташриф буюрган эди.

The Economist урғулашича, Буюк Британиянинг минтақага қизиқиши ортиши уруш билан боғлиқ. Лондон ва унинг Европадаги иттифоқчилари Марказий Осиёнинг Россияга қарамлигини камайтиришни истайди. Остонадаги учрашувда Клеверли қозоқ нефтини Жанубий Кавказ ва Туркияга экспорт қилишда қўлланаётган Ўрта йўлакни тилга олган, шунингдек, ўлканинг кобалт, графит, ванадий каби фойдали қазилмалари, пўлат сифатини оширувчи металлари Буюк Британияни қизиқтиришини айтган эди.

Лондондаги Chatham House тадқиқот институти эксперти Аннет Бор Буюк Британия ўзини дўстона, ҳамкорликка ҳамиша тайёр мамлакат ўлароқ кўрсатиши лозим, деб ҳисоблайди. Буюк Британия таълим соҳасида алоқаларни мустаҳкамлаш каби “юмшоқ куч” воситаларидан кенг фойдаланади. Мазкур соҳадаги инвестиция ва ташаббуслар узоқ истиқболда ўзини оқлаши мумкин.

Араб дунёси билан яқинлашув Марказий Осиёни бирлаштира оладими?

Жеймстаун фонди эксперти Пол Гобл араб мамлакатлари билан алоқаларни мустаҳкамлашга уринаётган Марказий Осиёнинг беш давлати блокка бирлаша оладими, йўқми, деган саволга жавоб излайди.

Ўтган ҳафта Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон президентлари Ар-Риёдда бўлиб, Марказий Осиё мамлакатлари ва Форс кўрфазидаги араб давлатлари кенгаши аъзолари саммитида иштирок этишди. Беш мамлакат раҳбарлари Саудия Арабистони, Қувайт, Қатар, Уммон, Баҳрайн ва БАА лидерлари билан учрашди. Бу мазкур икки минтақа лидерларининг тарихдаги илк учрашувидир.

Марказий Осиё мамлакатлари мустақилликка эришганидан бери араб давлатлари билан ўзаро савдо ва инвестициялар ҳажми жуда кичик бўлиб, араб дунёси ташқи иқтисодий фаоллигининг бир фоизидан ошмасди.

Гоблга кўра, араб давлатлари озроқ миқдорда инвестиция киритган тақдирда ҳам бу Туркия, Россия, Хитой ва Ғарб мамлакатлари таъсирини мувозанатда тутишга ёрдам берган бўлур эди.

Марказий Осиё мамлакатлари президентлари бир-биридан айри ҳолда араб мамлакатлари билан савдо ва инвестицияларни ривожлантириш режаларини ишлаб чиқиб, саммитда тақдимот қилишди.

Араб дунёси раҳбарлари уларни диққат билан тинглаб, минтақа билан ҳамкорлик масаласини ўйлаб кўришни таклиф қилишди. Бироқ учрашув якунида яқин келажакда араб давлатларининг Марказий Осиёдаги иқтисодий фаоллигини ошириши мумкин бўлган биронта ҳам битим имзоланмади. Гобл ёзишича, саммитда араб мамлакатлари лидерлари ислом оламини кучайтириш ва хорижий мамлакатларга геосиёсий ва геоиқтисодий томонлама қаршилик кўрсатиш ҳақида сўз юритганлар ва Марказий Осиё президентлари бунга жиддий қизиқиш билдиришган.

Россиялик экспертлари Ар-Риёддаги учрашув Россия ва Хитойнинг минтақадаги манфаатларига салбий таъсир этишига шубҳа қилишмоқда. Россия ТИВ қошидаги Москва давлат халқаро муносабатлар институтининг Халқаро тадқиқотлар институти илмий ходими Александр Князевга кўра, араб давлатлари ташаббуси Москва ҳамда Пекиннинг Марказий Осиёдаги мавқеига жиддий хавф солмайди. Аксинча, Марказий Осиё ва Кўрфаз мамлакатлари ҳамкорлиги Москва устуворлик бераётган “Шимол – Жануб” йўлагини ривожлантиришга замин яратиши мумкин.

Нима бўлса ҳам, Ар-Риёд ушбу саммитдан ютди, чунки мазкур формат ва учрашув унинг минтақадаги нуфузини оширди, деб ҳисоблайди Князев. Натижада Ар-Риёд, катта эҳтимол билан, минтақада ўз таъсирини кучайтириб, Марказий Осиё геосиёсатини ўзгартиради ва Ғарбнинг ҳам, Шарқнинг ҳам позицияларига путур етказади.

Пол Гобл эса бунақа формат минтақа мамлакатларининг араб дунёси билан алоқалари мустаҳкамланишига эмас, балки Марказий Осиёнинг беш давлати ягона блокка бирлашишига олиб келади, деб ёзди. Минтақа мамлакатлари блок қура олса, бу минтақада ўз мақсадларига эришиш учун бир давлатни бошқасига қарши қайрашга ўрганган ташқи кучларни қийин аҳволга солган бўлур эди. Қолаверса, бу минтақа давлатлари ўртасидаги ихтилофларни бартараф этишга ва сув ресурслари тақчиллиги каби умумий муаммоларга ечим топишга ёрдам беради.

Jusan Technologies даъвоси бўйича илк суд мажлиси

Jusan Technologies томонидан Журналистик суриштирувлар шуъбаси (Bureau of Investigative Journalism) ҳамда The Telegraph нашрига қарши қўзғатилган туҳматга доир даъвоси бўйича биринчи тинглов Лондондаги Қироллик судида бўлиб ўтди. Бу ҳақда маҳкамада жавобгар ўлароқ иштирок этаётган Журналистик суриштирувлар шуъбасининг ўзи сайтида маълум қилди.

Буюк Британияда рўйхатдан ўтган Jusan Technologies ширкати илгари Jusan Bank’нинг асосий пайчиси бўлмиш First Heartland Securities мулкдори, деб кўрсатиларди. Июль ойи бошларида Bloomberg агентлиги ўз манбаларига таяниб, Jusan Group билан имзоланган битимга мувофиқ банк устидан тўлиқ назорат Jusan Bank’нинг миноритар акциядори Галимжан Есенов қўлига ўтгани ҳақида хабар қилди.

Жорий йил март ойида Jusan Technologies Лондон Олий судига даъво киритиб, унда Журналистик суриштирувлар шуъбаси, Telegraph мулкдори – Telegraph Media Group ҳамда OpenDemocracy ташкилотини жавобгарлар сифатида кўрсатган эди.

Даъво қўзғатилишига ўтган йилнинг январь-февралида юқоридаги ОАВлар сайтларида эълон қилинган материаллар сабаб бўлди. Уларда Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев ўз ватанидаги ва бошқа мамлакатлардаги умумий қиймати 7,8 млрд долларлик активларини бошқариш учун Буюк Британияда рўйхатдан ўтган Jusan Technologies ширкатидан фойдаланаётгани хусусида сўз боради.

Jusan Technologies эса Назарбоевга алоқаси йўқлигини, мақоладаги “ширкат Назарбоевга тегишли ёки Назарбоев томонидан бошқарилади”, деган маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслигини даъво қилмоқда.

Даъво бўйича биринчи суд мажлиси 27 июл куни бўлиб ўтди. Асосий муҳокамалар келаси йилга қолиши мумкин.

Журналистик суриштирувлар шуъбасига кўра, Лондондаги Олий суд судьяси Мэтью Никлин ташкилотга ва The Telegraph нашрига “туҳмат”га оид даъво иши бўйича ҳимояга ҳозирлик кўриш мажбуриятини юклаган.

OpenDemocracy ташкилотига қарши даъвога келсак, суд аввало туҳмат ҳақидаги қонун моддаларидан бирининг маъносини аниқлаштириши керак бўлади.

“Судья Никлин шунингдек Jusan Technologies’га ширкат ушбу мақолалар эълон қилинишидан қанчалик зарар кўргани ҳақида батафсил маълумот бериш мажбуриятини юклади”, дея хабар қилмоқда Журналистик суриштирувлар шуъбаси.

Жорий йил февралида Jusan Technologies ltd ва унинг АҚШ Невада штатида рўйхатдан ўтган муассиси Jysan Holding Қозоғистон ҳукуматига қарши Федерал округ судида даъво очган эди. Jysan Holding Қозоғистон ҳукуматини “ширкатнинг Қозоғистондаги бир ярим миллиард доллардан ортиқ қийматли активларини эгаллаб олиш мақсадида қўрқитиш кампаниясини олиб бориш”да айблаган.

Февралда Қозоғистон Бош прокуратураси Pioneer Capital Invest ҳамда Назарбоев фондига қарашли Jusan Technologies Ltd. ўртасида тузилган First Heartland Jusan Bank ва у билан боғлиқ ташкилотлар активларини ажнабий давлатлар юрисдикциясига ўтказиш тўғрисидаги битимни бекор қилишга доир даъво Олмаотада кўрилаётганини маълум қилган.

13 июнда Қозоғистон Адлия вазирлиги “Jusan Қозоғистон юрисдикциясига қайтарилди, зарур ҳужжатлар имзоланди”, мазмунида хабарнома чиқарди. Бироқ вазирлик битим махфийлигини рўкач қилиб, активлар қай тариқа қайтарилганини очиқламади.

Форум

XS
SM
MD
LG