Линклар

Шошилинч хабар
13 июл 2025, Тошкент вақти: 12:40

Пентагон: Туркия Россиядан мудофаа тизимларини сотиб олса, оғир оқибатларга дучор бўлади


Россиядан С-400 мудофаа қурилмалари.
Россиядан С-400 мудофаа қурилмалари.

Юқори лавозимли Пентагон расмийси Туркияни Россиядан мудофаа тизимлари сотиб олиш оқибатлари ҳақида яна бир бор огоҳлантирди.

АҚШ Туркияни Россиядан С-400 мудофаа тизимларини сотиб олишдан воз кечишга чақириб келади. Аммо Анқара Вашингтоннинг огоҳлантиришларига қарамай, ўз ниятидан қайтмаслигини айтиб келади.

30 май куни Мудофаа вазирлигининг Халқаро хавфсизлик масалалари бўйича расмийси Кэтрин Уилбергер Туркия С-400 мудофаа тизимларини сотиб олса, мамлакатнинг F-35 қирувчи учоқ дастуридаги иштироки ҳамда Анқаранинг НАТО давлатлари билан муносабатларига катта зарба бўлишини таъкидлади:

- Ушбу шартомани амалга ошириш ҳалокатли бўлади. Бу нафақат Ғарбнинг замонавий ва яхлит ҳаво мудофааси учун муҳим бўлган F-35 дастурини, балки Туркиянинг НАТО билан ўзаро ҳамкорлигини ҳам издан чиқариши мумкин.

Фикрини давом эттирар экан, Кэтрин Уилбергер​ яна бундай деди:

- С-400 тизими F-35 каби учоқларни уриб тушириш учун Россия ишлаб чиққан тизимдир. Россия бу имкониятдан фойдаланмаслигига ақл бовар қилмайди. Россия тизимларини қабул қилиш Туркиянинг ўзини ҳимоя қилишига ёрдам бериш қобилиятимизга путур етказади.

Туркия НАТО аъзоси бўлиб, F-35 учоғини ишлаб чиқариш дастурида қатнашиб келади. Мамлакат ҳатто 100 та F-35 учоғини сотиб олишни режалаштирмоқда.

Аммо АҚШ Туркияни рус тизимларини харид қилиш режасидан воз кечишга чорлаб келади. НАТОга аъзо бошқа давлатлар ҳам Туркиянинг С-300 тизимларини харид қилиш режаси F-35 учоқларига соладиган таҳдид юзасидан хавотир билдириб келади.

Вашингтон Туркия Россиядан ушбу тизимларни сотиб олиш режасидан воз кечмаса, мамлакатга қарши молиявий санкция жорий қилишини маълум қилган.

Шунингдек, АҚШ расмийлари турк ширкатлари F-35 дастурига алоқадор ишлаб чиқариш жараёнларидан четлатилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириб келади.

Аммо Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдуғон Анқара ўз режасидан қайтмаслигини айтмоқда.

Яқинда Туркия мудофаа вазири Ҳулуси Акар мудофаа тизимини ўрганиш учун Россияга Туркия ҳарбийлари юборилганини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG