Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:12

“Amazon” асосчиси Жефф Безос ўзининг “Blue Origin” ширкати ишлаб чиққан капсулада фазога парвоз қилади


Жефф Безос
Жефф Безос

Душанба куни “Amazon” ширкати асосчиси Жефф Безос ўзи асос солган “Blue Origin” фазо ширкати амалга оширадиган илк парвозда ўзи учишини билдирди.

“Мен беш ёшимдан бери фазога саёҳат қилишни орзу қиламан. 20 июль куни укам билан бирга шундай саёҳатга отланаман”, деди Безос ўзининг “Instagram” саҳифасида.

“Blue Origin” ширкати Безос ва унинг укаси Марк компаниянинг “New Shepard” капсуласининг биринчи экипажли парвозида саёҳат қилишини билдирди.

Компания учинчи ўриндиқни ким ошди савдосида сотмоқда. 10 июнь куни таклиф қилинган нарх 4 миллион доллардан ўзиб кетди.

Саёҳат жами 10 дақиқа давом этади, унинг тўрт дақиқасини йўловчилар Ер атмосфераси ва фазо ўртасидаги чегара ҳисобланувчи Карман чизиғидан нарида ўтказади.

Капсула кўтарилганидан кейин, бустер ракетадан ажралиб чиқади, сўнг 100 километрдан юқори баландликда тўрт дақиқа давомида учади.

Бустер автоном равишда учириш майдонидан икки миль узоқликдаги майдончага қайтиб қўнади. Капсула эса учта катта парашют билан Ерга қўнади.

“New Shepard” кемаси билан бугунга қадар ўндан зиёд марта экипажсиз парвоз синовлари ўтказилди.

Қайта фойдаланиладиган суборбитал ракета тизимига 60 йил олдин фазога чиққан биринчи америкалик Алан Шепард номи берилган.

Ким ошди савдосидан тушган маблағ “Blue Origin” ширкатининг “Club of the Future” хайрия жамғармасига берилади. Жамғарма ёшлар орасида илм-фан ва технологияни тарғиб қилиб келади.

Биринчи парвоз учун аукцион ўтказилади, лекин кейинги парвозлар учун чипталар сотувга қўйилади.

Миллиардерлар рақобати

Учувчиси бўлмаган ва автоматлаштирилган капсулага ўрнатилган кўплаб камералар парвозни ёзиб олади.

“Blue Origin” фазога парвоз чиптаси нархини ҳали эълон қилмаган, аммо ширкат мижозлари асосан бадавлат одамлар бўлиши кутилмоқда.

Британиялик миллиардер Ричард Брансон томонидан асос солинган “Virgin Galactic” компанияси ҳам мижозларни суборбитал парвозларга олиб чиқишга қодир космик кемани ишлаб чиққан. Бугунга қадар қарийб 600 киши ширкатдан чипта харид қилган. Чипталар нархи 200–250 минг долларни ташкил қилади.

Тадбиркор Илон Маск асос солган “SpaceX” ширкати ҳам орбитал парвозларни режаламоқда. Миллионлаб долларга тушадиган парвозлар мижозларни янада олисга олиб бориши кутилмоқда.

Безос жорий йил бошида “Amazon” компаниясининг бош директори лавозимидан кетишини ва “Blue Origin” каби бошқа лойиҳаларга кўпроқ вақт сарфлашини эълон қилган эди.

XS
SM
MD
LG