Линклар

Шошилинч хабар
22 май 2019, Тошкент вақти: 09:35

Ажрашган икки хотинидан бўлган болаларига алимент тўлолмаган наманганлик йигит ўзини осди


Иллюстратив сурат

Наманган вилоят, Уйчи туманида яшаган 38 яшар йигит 17 апрель куни уйининг ошхонасида осилган ҳолда топилди.

Шаръий никоҳдаги учинчи хотини билан яшаган йигитнинг, аввалги икки хотинидан бўлган 3 нафар фарзандига алимент тўлолмагани, туман прокуратурасига кўра, ўз жонига суиқасд қилишнинг бир версияси сифатида кўрилмоқда.

Туман прокуратураси мулозими мазкур воқеа юзасидан тергов олди ҳаракатлари олиб борилаётганини айтди.

Ажрашган икки хотинидан бўлган болаларига алимент тўлолмаган наманганлик йигит ўзини осди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:59 0:00
Бевосита линк

Уйчи туманининг Ўнҳаёт маҳалласида шаръий никоҳдаги учинчи хотини билан яшаётган 38 яшар О.Д. 17 апрель, кундуз куни уйининг ошхонасида осилган ҳолда топилган.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган ўнҳаётликлардан бирининг иддао қилишича, унинг ўз жонига қасд қилишига аввалги хотинларидан бўлган болаларига алимент тўлолмагани сабаб бўлган:

“Куппа-кундузи ошхонасига кириб ўзини осибди. Йигитнинг яқинларининг айтишича, унинг биринчи хотинидан битта, иккинчи хотинидан иккита фарзанди бўлган экан. Ҳозир учинчи хотини билан яшаяпти экан. Бундан ҳам бир яшар бир ўғли бор. Бу йигит ҳеч қаерда ишламас эди, мардикорлик қилиб кун кечирарди. Болаларига тўламаган алименти жуда кўпайиб кетган экан. Ижрочилар тўлайсан, деб ҳол-жонига қўймас экан, шунга ўзини осибди”.

Ўнҳаёт маҳалла фуқаролар йиғини раиси Даминжон Ражаббоевнинг айтишича, марҳум йигит бу маҳаллада шаръий никоҳдаги аёли билан яшаган:

“Бу йигит Наманган шаҳрининг Охунбобоев маҳалласида пропискада туради. Бизнинг маҳаллада онасидан мерос қолган уйда оиласи билан яшаб келарди. 17 апрель куни хотини ва боласини дўхтирга бор деб, чиқариб юборган. Хотини қайтиб келиб қараса, уйининг ошхонасида осилиб ётган экан. Нима иш қилишини аниқ билмайман, лекин шаҳарда савдо-сотиқ билан шуғулланарди, деб эшитганман. Ҳақиқатан ҳам, аввалги хотини нега алимент тўламаяпсан деб, жанжал қилиб келган эди. Лекин, бу йигит алимент тўлолмагани учун ўзини осганми ёки касалликми, буни аниқ билмайман. Онасининг айтишича, бир синглиси ҳам аввал ўзини осган экан”.

Уйчи туман прокуратурасининг ўзини таништирмаган мулозими бу ҳолат юзасидан тергов олди ҳаракатлари олиб борилаётганини айтди:

“Ҳозир текшириш олиб бориляпти. Ўн кундан сўнг қонуний қарор қабул қилинади ва биз бу қарорни уйдагиларига юборамиз. Ҳозирча, унинг ўз жонига қасд қилишига нима сабаб бўлгани ҳақида аниқ бир нарса деёлмаймиз. Алимент тўлолмагани ҳам бир версия сифатида кўрилмоқда”.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил ноябрдаги ҳукумат мажлисида мамлакатда суиқасд ҳолатлари "соат сайин" ортаётганини айтганди.

Жорий йилдан президент фармони билан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги лавозимлари рўйхатига “Ўзбекистон Республикаси Бош психиатри” ва “Ўзбекистон Республикаси Бош суицидологи” лавозимлари киритилди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG