Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:59

Отаси депорт қилинган, онаси Россияда бўлган 17 яшар бола ўзини осди


Самарқанд вилояти, Каттақўрғон туманидаги 9-мактабнинг 11-синфида ўқийдиган бола 7 февраль куни уйидаги молхонада осилган ҳолда топилди.

Марҳум маҳалладошларининг айтишларича, бола ўтган йилнинг ноябрь ойида ўртоғи билан қишлоқ дўконига ўғриликка тушгани учун 2 йил уй қамоғи жазосига ҳукм қилинган эди.

Каттақўрғон тумани прокуратураси мулозими мазкур ҳолат бўйича терговолди ҳаракати олиб бораётганини Озодликка айтди.

Чиғатой қишлоғидаги 9- мактабнинг 11-синфида ўқийдиган 17 яшар М.А. 7 февраль куни ўз жонига қасд қилгани ҳақида марҳумнинг маҳалладошларидан бири Озодликка хабар берди:

“Ўша куни мактабда олтинчи соат дарсдан чиқиб уйига келгану, молхонасига кириб ўзини осган. Уйида бир синглиси бўлган холос, чунки дадаси Россиядан депорт бўлиб келганидан сўнг, Тошкентда ишлар эди. Онаси эса Россиянинг Владивосток шаҳрида ишларди. Онасига телефон қилишган экан, 8 февраль куни ўғлини кўмишмасдан олдин етиб келди”.

Унинг айтишича, 8 февраль куни М.А. жанозасиз дафн қилинган:

“Туман имом-хатиби келиб айтдики, ўз жонига қасд қилганларга жаноза ўқилмайди. Шундай кўминглар, деди. Кейин қабристонга кўмиб келдик”.

Чиғатой маҳалласининг исми сир қолишини сўраган фаолларидан бирининг айтишича, М.А, ўтган йили ўғриликда айбланиб, уй қамоғига ҳукм қилинган эди:

“Отаси шу ерда, онаси Россияда. Оилада битта ўғил ва битта қиз эди. Ўтган йилнинг 15 ноябрь кечаси бу бола бир ўртоғи билан қишлоқдаги магазиннинг деворини тешиб, кассасини ўғирлаб, қўлган тушган эди. Тергов олиб борилиб, суд бўлди. Вояга етмагани учун суд уни икки йил “ҳаракатни чеклаш”, яъни уй қамоғига ҳукм қилган эди. Шундан кейин мактабга бориб-келиб юрарди. Ўзларига тўқ оила, камчилиги йўқ эди. Нега ўзини осгани сабаби номаълум”.

Каттақўрғон тумани прокуратурасининг ўзини таништирмаган мулозими, шундай воқеа бўлганини тасдиқлар экан, айни пайтда бу ҳолат юзасидан тергов олди ҳаракатлари олиб борилаётганини айтди.

Бу озодликка маълум сўнгги бир ой ичидаги еттинчи суициддир.

Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида коллеж ўқувчиси бўлган 17 ёшли қиз 22 январь куни ўз уйида осилган холда топилган эди.

Самарқанд вилояти Пахтачи туманида 28 январь куни 21 ёшли О.Н ўз уйи молхонасида ўз жонига қасд қилган.

Қашқадарёнинг Ғузор туманида эса 27-умумтаълим мактабининг 14 яшар ўқувчиси 17 январь куни уйининг молхонасида ўзини осгани ҳақида Озодлик хабар қилган.

Ундан олдин 9 январь куни Наманган вилоят, Косонсой туманидаги Қўқимбой қишлоғида яшаган 23 яшар йигит молхонасида ўзини осган эди.

Жиззах вилоят, Фориш туманидаги Маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг 3-босқич ўғил бола ўқувчиси эса 6 январь куни осилган ҳолда топилган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳам 2017 йилнинг 22 декабрида ўтган ҳукумат йиғилишида, мамлакатда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайганини таъкидлаб, мутасадди идораларни ушбу муаммога эътибор қаратмаётганликда айблаган эди.

Ўтган йилнинг 16 март куни президент ўз жонига қасд қилишнинг олдини олишга қаратилган махсус қарор ҳам қабул қилди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ҳар йили мамлакатда 100 минг кишидан 6 нафари ўзини ўлдиради.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботида дунё бўйича ҳар 40 секундда бир одамнинг ўзини ўлдириши¸ 20 одамнинг эса ўз жонига қасд қилишга уриниши айтилади.

XS
SM
MD
LG