Линклар

Шошилинч хабар
19 Oktabr 2026, Toshkent vaqti: 03:26
Марко Рубио C5+1 форматдаги ҳамкасблари билан учрашувлар ўтказиш учун Самарқандга етиб борди, 2026 йил 18 октябрь
Марко Рубио C5+1 форматдаги ҳамкасблари билан учрашувлар ўтказиш учун Самарқандга етиб борди, 2026 йил 18 октябрь

Жонли С5+1 - АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Самарқандга борди

АҚШ давлат котиби Марко Рубио 19 октябрь куни Самарқандда Марказий Осиё ташқи ишлар вазирлари билан C5+1 форматида учрашади. Давлат котибига кўра, АҚШ ҳозир Россия ва Хитой ўртасида жойлашган минтақага катта эътибор қаратмоқда.

АҚШ Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор 16 октябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиев билан учрашди. Горга кўра, Самарқанд учрашувларида АҚШнинг 250дан ортиқ бизнес вакили бўлади.

Ўзбекистон президенти ташқи сиёсат бўйича махсус вакили А. Камилов бироз муқаддам берган баёнотида, “Марказий Осиё+” форматидаги ҳамкорлик минтақага ташқи сиёсатда “ягона субъект бўлиб” ҳаракатланиш имконини беришини таъкидлаган.

Республикачи сенатор Ж. Кёртисга кўра, ҳозир танлов минтақа давлатларида, агар улар истаса, АҚШ ташқи муносабатларида муҳим таркибий қисмга айланиши мумкин. Сенатор муносабатлар, жумладан муҳим минералларга оид ҳамкорликка таянишини билдирди.

“C5+1” форматидаги ҳамкорлик - АҚШ ва Марказий Осиё 5 давлатини бирлаштирган мулоқот сифатида 2015 йилда йўлга қўйилган. Илк учрашув ўша пайтдаги АҚШ давлат котиби Жон Керри иштирокида ўтган.


16:10

А. Комилов: Минтақа ягона субъект сифатида янги мавқеини намойиш қиляпти

Президент ҳузуридаги хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари, давлат раҳбарининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов яқинда қилган чиқишида Марказий Осиё ташқи сиёсатда ўзаро бирдам позицияни намойиш қилаётганини таъкидлаганди.

“Тарихда биринчи марта Марказий Осиё давлатлари ягона субъект бўлиб, ўзларининг янги мавқеини намойиш қиляпти, бу мавқени халқаро ҳамжамият тан оляпти ва мана шу асосда янги форматлар пайдо бўляпти. Бугунги кунда «Марказий Осиё+» форматларининг сони ўндан ошди. Йирик давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан мана шу формат бор. Яқинда Самарқандда «Европа Иттифоқи + Марказий Осиё» саммити жуда самарали ўтди. Натижада стратегик ҳамкорлик декларацияси қабул қилинди. Марказий Осиё давлатларининг сиёсати – жуда прагматик сиёсат”, деди Комилов.

Ўзбекистон Ташқи сиёсатига кўп йиллардан бери раҳбарлик қилаётган Абдулазиз Комиловга кўра, ҳозир Ўзбекистон “Марказий Осиё+” форматидаги 10дан ортиқ ҳамкорлик келишувларига кирган.



16:04

Сенатор Ж. Кёртис: «МО барқарорлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга»

АҚШнинг Марказий Осиё билан ҳамкорлигини кенгайтириш тарафдори бўлган Юта штатидан республикачи сенатор Жон Кёртиснинг фикрича, дунёнинг бошқа қисмларида ноаниқлик кучайиб бораётган шароитда минтақа барқарорлиги Америка манфаатлари учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

"Нега барқарорлик Қўшма Штатлар учун муҳим? Менимча, шунда жавоб ўз-ўзидан аён бўлади. Дунёнинг бошқа қисмларида шунчалик ноаниқлик ҳукм сураётган шароитда бу минтақанинг барқарорлиги биз учун ҳаётий заруратдир", деди сенатор Озод Европа/Озодлик радиосига берган интервьюсида.

Июль ойида Кёртис Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган Сенатнинг 816-сонли резолюцияси ҳаммуаллифларидан бири бўлди. Ҳужжатда АҚШнинг беш давлат билан муносабатларини кенгайтириш ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги, шунингдек, Марказий Осиёнинг Вашингтон учун стратегик аҳамияти ортиб бораётгани таъкидланган.

16:00

Boeing, Citibank ва Franklin Templeton вакиллари Самарқандда

Самарқандда бўладиган музокараларда иқтисодий ҳамкорлик, минтақавий хавфсизлик ва Марказий Осиёга АҚШ сармояларини кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилиниши режалаштирилган.

Президент матбуот хизматига кўра, мазкур кенгаш савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва Америка сармояларини жалб қилиш учун тобора муҳим майдонга айланиб бормоқда.

Муқаддам АҚШ Давлат департаменти расмийсида Самарқандда кутилаётган АҚШ компаниялари орасида Boeing, Citibank ва Franklin Templeton каби йирик компаниялар вакиллари бўлишини билдирган.

Ташриф доирасида Ўзбекистон-АҚШ Бизнес ва инвестициялар кенгашининг иккинчи йиғилиши ҳам ўтказилади. Бу тузилма икки давлат ўртасидаги тижорий ва инвестициявий лойиҳаларни рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган.


15:58

Гор: минтақага 250 дан ортиқ бизнес вакили боради

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 16 октябрь куни Тошкентда АҚШнинг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор билан учрашиб, давлат котиби Рубио ташрифига тайёргарликни муҳокама қилди.

Учрашувдан сўнг Гор Х ижтимоий тармоғида 17 октябрдан бошлаб Ўзбекистонга 250 дан ортиқ америкалик бизнес раҳбарлари келишини маълум қилди. Бу АҚШ компанияларининг Ўзбекистон бозорига қизиқиши ортиб бораётганини кўрсатади.

«Давлат котиби Рубио ташрифи олдидан бугун кечқурун Тошкентда президент Мирзиёев билан учрашиш мен учун катта шараф бўлди. Мамлакатларимиз олдида улкан имкониятлар турибди», деб ёзди Гор.



Давомини ўқинг

​
XS
SM
MD
LG