Марко Рубио: Энди навбат Марказий Осиёга келди
АҚШ давлат котиби Марко Рубио 19 октябрь куни Самарқандда бўлиб, Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари билан учрашувлар ўтказади.
«Бу муҳим муносабатлар», деди Рубио Вашингтондан учиш арафасида журналистлар саволига жавоб берар экан.
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио 17 октябр куни Вашингтондан Самарқандга сафар олдидан журналистларнинг саволларига жавоб беракан, Марказий Осиё айни пайтда Трамп маъмурияти учун муҳим минтақалардан бири бўлиб қолаётганини яна бир карра таъкидлади.
Журналистларнинг халқаро инқирозлар кучайиб турган бир пайтда нега Ўзбекистонга йўл олаётгани ҳақидаги саволига жавобан, Рубио сафар муайян бир фавқулодда вазиятга эмас, балки муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилганини айтди.
«Стратегик ҳамкорлик масалалари кўпинча эътибордан четда қолади. Одатда сафарлар инқироз бор жойларга, муаммоларни ҳал қилиш ёки анжуманларда иштирок этиш учун уюштирилади. Аммо айрим давлатларга муносабатларни мустаҳкамлаш мақсадида ҳам ташриф буюрилади. Шу боис бир неча ҳафта олдин Грецияга ва бошқа айрим мамлакатларга бордик. Ундан олдин эса Лотин Америкасига ташриф буюрдик. Энди навбат Марказий Осиёга келди. Энг муҳими, сафар санаси беш давлат раҳбари ва беш мамлакат ташқи ишлар вазирларининг барчасини бир жойга жамлаш имконини берди», деди Рубио.
Давлат котибига кўра, АҚШ ҳозир Россия ва Хитой ўртасида жойлашган Марказий Осиё минтақаси билан ҳамкорликни кенгайтиришга катта эътибор қаратмоқда.