Линклар

Шошилинч хабар
19 Oktabr 2026, Toshkent vaqti: 02:50

Нега Ўзбекистон ва нега айнан ҳозир? - Рубио Марказий Осиё АҚШ учун муҳимлигини таъкилади

АҚШ давлат котиби Марко Рубио
АҚШ давлат котиби Марко Рубио

АҚШ давлат котиби Марко Рубио 19 октябрь куни Самарқандда бўлиб, Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари билан учрашувлар ўтказади.

«Бу муҳим муносабатлар», деди Рубио Вашингтондан учиш арафасида журналистлар саволига жавоб берар экан. Давлат котибига кўра, АҚШ ҳозир Россия ва Хитой ўртасида жойлашган Марказий Осиё минтақаси билан ҳамкорликни кенгайтиришга катта эътибор қаратмоқда.

Бу сафар арафасида Ўзбекистон президенти билан учрашган АҚШ Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор минтақа билан кўпроқ ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорликни кўзлаши, минтақага бораётган ширкатлар сони эса 250дан ортиқ эканини маълум қилди.

Рубио: навбат Марказий Осиёга келди

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио 17 октябр куни Вашингтондан Самарқандга сафар олдидан журналистларнинг саволларига жавоб беракан, Марказий Осиё айни пайтда Трамп маъмурияти учун муҳим минтақалардан бири бўлиб қолаётганини яна бир карра таъкидлади.

Журналистларнинг халқаро инқирозлар кучайиб турган бир пайтда нега Ўзбекистонга йўл олаётгани ҳақидаги саволига жавобан, Рубио сафар муайян бир фавқулодда вазиятга эмас, балки муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилганини айтди.

«Стратегик ҳамкорлик масалалари кўпинча эътибордан четда қолади. Одатда сафарлар инқироз бор жойларга, муаммоларни ҳал қилиш ёки анжуманларда иштирок этиш учун уюштирилади. Аммо айрим давлатларга муносабатларни мустаҳкамлаш мақсадида ҳам ташриф буюрилади. Шу боис бир неча ҳафта олдин Грецияга ва бошқа айрим мамлакатларга бордик. Ундан олдин эса Лотин Америкасига ташриф буюрдик. Энди навбат Марказий Осиёга келди. Энг муҳими, сафар санаси беш давлат раҳбари ва беш мамлакат ташқи ишлар вазирларининг барчасини бир жойга жамлаш имконини берди», деди Рубио.

Рубио сафари арафасида АҚШ Давлат департаменти Вашингтон дипломатик мулоқотни юқори даражадаги учрашувлар доирасидан чиқариб, иқтисодиёт ва хавфсизлик соҳаларида амалий ҳамкорликка айлантиришни мақсад қилаётганини билдирди.

19 октябрь куни Самарқандда Рубионинг Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлари билан C5+1 форматида музокаралари режаланган.

16 октябрь куни журналистлар билан телефонда ўтган брифингида исми ошкор этилмаган юқори лавозимли америкалик амалдор шу пайтгача АҚШнинг Марказий Осиёга етарлича эътибор қаратмаганини таъкидлади.

«АҚШ узоқ вақт давомида Яқин Шарқ ва Шарқий Осиёга диққатини қаратиб келди. Улар ўртасида жойлашган Марказий Осиё эса муносиб даражадаги эътибордан четда қолди», деди у.

Гор: минтақага 250 дан ортиқ бизнес вакили боради

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 16 октябрь куни Тошкентда АҚШнинг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор билан учрашиб, давлат котиби Рубио ташрифига тайёргарликни муҳокама қилди.

Учрашувдан сўнг Гор Х ижтимоий тармоғида 17 октябрдан бошлаб Ўзбекистонга 250 дан ортиқ америкалик бизнес раҳбарлари келишини маълум қилди. Бу АҚШ компанияларининг Ўзбекистон бозорига қизиқиши ортиб бораётганини кўрсатади.

«Давлат котиби Рубио ташрифи олдидан бугун кечқурун Тошкентда президент Мирзиёев билан учрашиш мен учун катта шараф бўлди. Мамлакатларимиз олдида улкан имкониятлар турибди», деб ёзди Гор.

Мирзиёев ва Гор бўлажак учрашувлар арафасида аниқ таклифларни ишлаб чиқиш ҳамда қўшма ташаббусларни амалга оширишни жадаллаштириш муҳимлигини таъкидладилар.

Президент матбуот хизматига кўра, мазкур кенгаш савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва Америка сармояларини жалб қилиш учун тобора муҳим майдонга айланиб бормоқда.

Рубионинг ташрифи АҚШнинг кенгроқ дипломатик сафарининг бир қисми бўлиб, дастурдан Ҳиндистон ҳам ўрин олган. Унга ҳамроҳлик қилаётган бизнес делегацияси аввал режалаштирилганидан анча катта.

Сержио Гор сентябрь ойида Ўзбекистонга 100 дан ортиқ АҚШ компанияси вакиллари келиши мумкинлигини айтган бўлса, ҳозир бу рақам 250 нафардан ошган.

Муқаддам АҚШ Давлат департаменти расмийсида Самарқандда кутилаётган АҚШ компаниялари орасида Boeing, Citibank ва Franklin Templeton каби йирик компаниялар вакиллари бўлишини билдирган.

C5+1 музокараларида асосан инвестиция

Самарқандда бўладиган музокараларда иқтисодий ҳамкорлик, минтақавий хавфсизлик ва Марказий Осиёга АҚШ сармояларини кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилиниши режалаштирилган.

Ташриф доирасида Ўзбекистон-АҚШ Бизнес ва инвестициялар кенгашининг иккинчи йиғилиши ҳам ўтказилади. Бу тузилма икки давлат ўртасидаги тижорий ва инвестициявий лойиҳаларни рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган.

Ташриф доирасида Ўзбекистон-АҚШ Бизнес ва инвестициялар кенгашининг иккинчи йиғилиши ҳам ўтказилади. Бу тузилма икки давлат ўртасидаги тижорий ва инвестициявий лойиҳаларни рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган.

Давлат котибининг бу сфари Дональд Трамп маъмуриятининг Россия ва Хитой ўртасида жойлашган минтақа билан ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон билан шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган сиёсати фонида ўтмоқда.

Президент Дональд Трамп 16 октябрь куни «Линдси Грэмнинг Россия ва Эронга қарши санкциялар тўғрисидаги қонуни» доирасида жорий этилиши мумкин бўлган кўплаб санкциялар ва тарифларни вақтинча тўхтатиб туриш ҳақидаги фармонни имзолади.

Икки партия вакиллари кенг қўллаб-қувватлаган мазкур қонун Россия ҳамда унинг энергия ресурсларини харид қилаётган давлатларга иқтисодий босимни кучайтиришни кўзлаган эди.

Бу қарор Трампнинг 9 октябрь куни Россия билан дизель ёқилғиси бўйича келишув эълон қилганидан кейин қабул қилинди. Танқидчилар Вашингтон Кремлнинг Украинадаги урушига тўсқинлик қилишдан кўра ички бозорда ёқилғи нархларини устувор қўяётганини айтмоқда.

Энергия бозори Россияга қарши санкцияларни мураккаблаштирмоқда.
Рубиога кўра, маъмурият санкциялар ва тарифларнинг оқибатларини баҳолаш учун 60 кун вақт олмоқчи. Бу, жумладан, энергия таъминотини диверсификация қилишга ҳаракат қилаётганига қарамай, Россия энергиясига ҳануз катта даражада таянаётган Ҳиндистон каби давлатларга таъсирини ҳам ўз ичига олади.

У Эрон атрофидаги кескинлик, Ҳурмуз бўғози билан боғлиқ хавфлар, Ямандаги ҳусийлар ҳужумлари ҳамда Россия-Украина уруши жаҳон энергетика бозорига босимни кучайтириб бораётганини таъкидлади.

«Дунёнинг турли нуқталаридаги бу можаролар тобора бир-бири билан тўқнашмоқда», деди Рубио Самарқанд сафари арафасида.

Унинг айтишича, АҚШ истаганидан юқорироқ энергия нархларини тўламоқда, айрим давлатлар эса энергия таъминоти ва нархлари бўйича инқироз ёқасига келиб қолган.

Рубио Россия билан дизель келишуви ҳақида

Унинг таъкидлашича, АҚШ сотиб олмасада, бу ёқилғи барибир халқаро бозорга чиқариларди.

«Фарқ фақат АҚШ қанча ҳажмда дизель олишида эди», деди у.

Энергетика бўйича айрим таҳлилчилар мазкур келишув америкалик истеъмолчилар учун нархларни сезиларли даражада туширишига шубҳа билдирмоқда. Улар чекловларни юмшатиш Москвага катта иқтисодий фойда келтириши мумкинлигидан ҳам огоҳлантирмоқда.

Вақтинчалик имтиёз Конгресс томонидан Россия нефти ва газининг йирик харидорларини жазолаш мақсадида маъқулланган қўшимча санкциялар ва тарифларнинг кучга киришини тўхтатиб қўяди. Аввалдан амал қилаётган санкциялар эса сақланиб қолади.

Рубионинг айтишича, Украина уруши, энергетика бозорларидаги босим ва Эрон билан боғлиқ таранглик халқаро кун тартибини белгилаб турган бўлса-да, ушбу сафар ана шундай шериклик муносабатларига сармоя киритиш зарурлигини намоён этади.

Форум

​
XS
SM
MD
LG