Линклар

Шошилинч хабар
02 Iyul 2026, Тошкент вақти: 22:51

Ислоҳот навбати минимал иш ҳақига келди - Нима ўзгаради?

Аксар иқтисодчи ва фаолларга кўра, ҳозирги Ўзбекистондаги реал нархлардан келиб чиқилса бир киши учун минимал истеъмол харажатлари расман белгиланган  715 минг сўм анча юқори. (Тошкентдаги бозорлардан бири)
Аксар иқтисодчи ва фаолларга кўра, ҳозирги Ўзбекистондаги реал нархлардан келиб чиқилса бир киши учун минимал истеъмол харажатлари расман белгиланган 715 минг сўм анча юқори. (Тошкентдаги бозорлардан бири)

Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини белгилаш тизимини ўзгартиришни таклиф этмоқда.

Агар вазирлик таклифи қабул қилинса, унда нафақат минимал иш ҳақи яна бир карра оширилади, балки уни белгилаш тартиби ҳам ўзгаради.

Бу ўзгаришлар ходимлар, иш берувчилар ва давлат бюджетига қандай таъсир қилиши мумкин?

Таклиф этилаётган ўзгаришлар

1 миллион 271 минг сўм - бу Ўзбекистондаги минимал ойлик маош. Тахминан 104 АҚШ долларига тенг. Бу - мамлакатда ўртача иш ҳақининг тахминан 24 фоизини ташкил қилади.

Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Фискал таҳлиллар институти меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини белгилаш тизимини ўзгартириш ва 2030 йилгача минимал ҳақни ўртача иш ҳақининг 40 фоизига етказишни таклиф қилмоқда.

Расмий ҳисоб-китоблардан келиб чиқилса, у ҳолда минимал иш ҳақи тахминан 2 ярим миллион сўм атрофида бўлиши керак.

Вазирликка кўра, бундан мақсад минимал иш ҳақини халқаро стандартларга яқинлаштириш, уни белгилаш механизмларини такомиллаштириш ҳамда меҳнат бозоридаги мавжуд муаммоларни бартараф этишдир.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига асосан, 2026 йил биринчи чораги якунига кўра, Ўзбекистонда ўртача ойлик 6 825 900 сўмни ташкил этган. Бу эса тақрибан 540 АҚШ долларига тенг.

Мутахассислар бу рақам пойтахт Тошкент ва саноат ҳудудларида тўланаётган ойлик маошларга мос келиши, қишлоқ ҳудудларида эса ўртача ойлик бундан анча паст эканини айтишади.

Яна бир катта ўзгариш сифатида минимал иш ҳақини бюджет соҳасидаги маошларни ҳисоблаш базасидан ажратиш экани айтилмоқда.

Ҳозирги тизимда минимал иш ҳақи оширилса, давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган соҳаларда ҳам иш ҳақлари автоматик равишда кўтарилиши керак бўлади.

Бу эса давлат бюджетига қўшимча юк бўлиши мумкин. Шу боис, давлат хизматчилари учун алоҳида тариф базасини жорий этиш таклиф этилмоқда.

“Бу минимал иш ҳақини иқтисодий шароит ва аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда эркинроқ ошириш имконини беради. Аҳолининг даромадларини ошириш, меҳнат бозорида ижтимоий ҳимояни кучайтириш ва иш ҳақи тизимини янада адолатли шакллантиришга хизмат қилади”, дейилади Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги таклифида.

Ислоҳотлар доирасида минимал иш ҳақини барча учун бир хил эмас, балки ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқлари бўйича ҳам фарқлаш таклиф қилинмоқда.

Масалан, яшаш харажатлари юқори бўлган Тошкент шаҳрида минимал иш ҳақини бошқа ҳудудларга нисбатан юқорироқ белгилаш, шунингдек қурилиш, савдо ва умумий овқатланиш каби соҳалар учун алоҳида минимал ставкалар жорий этиш таклиф қилинган.

Бундан ташқари, соатбай ва кунбай ишларга тўланадиган минимал ҳақни белгилаш ҳам режалаштирилмоқда. Бу вақтинчалик ёки қисқа муддатли меҳнат муносабатларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга хизмат қилиши мумкин.

Ижтимоий таъсир ва хавотирлар

Ўзбекистонлик жамоат фаоллари ва иқтисодчилар бу ҳаракатни умумиятла ижобий баҳоламоқда.

Аммо, бу таклиф, Ўзбекистонда меҳнат шароити ва бозорини яхшилашга қаратилган комплекс зарурий чораларсиз, кутилган натжани бермаслигидан хавотирлар бор.

“Ислоҳотнинг муваффақияти фақат минимал иш ҳақини ошириш билан эмас, балки меҳнат унумдорлигини ошириш, инфляцияни назорат қилиш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ва бюджет соҳаси ходимларининг даромадларини ҳам муносиб даражада таъминлашга боғлиқ. Энг муҳими, минимал иш ҳақи ҳар бир инсоннинг муносиб турмуш кечириши учун етарли даражада белгиланиши, уни ҳисоблашда эса аҳолининг ҳақиқий яшаш харажатлари, инфляция ва ҳудудий хусусиятлар тўлиқ инобатга олиниши лозим. Ана шунда мазкур ислоҳот нафақат иқтисодий, балки кучли ижтимоий самара ҳам беради”, дейди ўзбекистонлик блогер Олимжон Тўхтаназаров.

Унинг айтишича, аслида ҳозирги минимал иш ҳақи Ўзбекистонда бир оддий ишчининг барча зарур харажати, яъни минимал ижтимоий саватини тўлиқ қопламайди.

Истеъмол савати — бу ҳар бир инсоннинг бир ой давомида яшаши учун зарур бўлган энг зарур харажатлар мажмуасидир. Унга одатда:

  • озиқ-овқат маҳсулотлари
  • коммунал хизматлар
  • транспорт харажатлари
  • алоқа ва интернет
  • кийим-кечак ва энг зарур маиший эҳтиёжлар киради.

Асл минимал харажат ҳажми

Ўзбекистонда истеъмол савати расман юритилмайди, бунинг ўрнига “минимал истеъмол харажатлари”, деган индикатор қўлланилади. Бу кўрсаткич 2026 йил бошида тахминан 715 минг сўм деб баҳоланган. Бу кўрсаткич амалда камбағаллик чегарасини баҳолаш учун қўлланилади.

Аммо бу минимал истеъмол харажати ҳам, аксар иқтисодчилар ҳисобича, реал вазиятни акс эттирмайди.

Айрим иқтисодчилар ва мустақил таҳлилчилар ҳисоб-китобларига кўра, ҳозир Ўзбекистондаги реал нархлардан келиб чиқилса, бир киши учун минимал ҳаёт харажатлари аслида анча юқори:

  • Овқат: 800 000 – 1 200 000 сўм
  • Коммунал хизматлар: 150 000 – 400 000 сўм
  • Транспорт: 150 000 – 300 000 сўм
  • Алоқа ва интернет: 80 000 – 200 000 сўм
  • Маиший харажатлар: 200 000 – 400 000 сўм

Шу ҳисоб-китобни минимал иш ҳақи билан таққосланса:

  • Минимал иш ҳақи: 1 271 000 сўм
  • Реал истеъмол савати эса киши бошига: 1,38 – 2,5 млн сўмгача

“Ҳозирги минимал иш ҳақи 1 млн 271 минг сўмни ташкил этади. Лекин, бир кишининг энг зарур озиқ-овқат, коммунал хизматлар, транспорт, кийим-кечак ва бошқа асосий эҳтиёжларини қоплаш учун бундан анча юқори маблағ талаб этилади. Ҳозирги минимал иш ҳақи ижтимоий яъни, бир киши учун минимал истеъмол саватининг тахминан 50–70 фоизинигина қоплайди, холос”, дейди Олимжон Тўхтаназаров.

Мутахассислар фикрича, минимал иш ҳақининг оширилиши иш ҳақларини расмийлаштиришга рағбатни кучайтириши ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга хизмат қилиши мумкин. Бироқ бунда назорат механизмлари ва меҳнат қонунчилиги талабларига қатъий риоя этилиши ҳам муҳим аҳамият касб этади.

"Охирги йилларда Ўзбекистонда энг кам иш ҳақининг ўсиши Марказий Осиёдаги қўшнилардан ҳам ортда қолмоқда. Шунинг учун энг кам иш ҳақини белгилашда меҳнаткашларнинг овози ва манфаатлари акс этиши керак. Шунда адолат бўлади”, деб фикр билдиради, жумладан иқтисодчи Отабек Бакиров.

Ҳозирги кунда Ўзбекистондаги минимал иш ҳақи МДҲнинг қатор давлатларига нисбатан паст.

Минмимал ойлик

  • Россияда — 295 доллар;
  • Беларусда — 265 доллар;
  • Қозоғистонда — 180 доллар;
  • Ўзбекистонда — 104 доллар.

Марказий Осиёдаги кўрсаткичлар

Марказий Осиё мамлакатлари ичида Ўзбекистон Қозоғистон ва Туркманистондан орқада, аммо Тожикистон ва Қирғизистондан юқорироқ ўринда турибди.

Минимал ойлик:

Туркманистонда 330 АҚШ доллари

Тожикистонда 95-100 АҚШ доллари атрофида

Қирғизистонда 38-40 АҚШ доллари

Кўплаб давлатлар минимал ойликни белгилашда Халқаро меҳнат ташкилоти (МОТ) тавсияларига таянади. Яъни, ҳозир Ўзбекистон ҳукумати ҳам минимал иш ҳақини белгилаш тизимини, гарчи кечикиб бўлсада, айнан халқаро ташкилот таклифига биноан кўриб чиқишга мажбур бўлмоқда.

Бироқ мутахассислар таъкидлашича, Ўзбекистон меҳнат бозорида ҳали тўлиқ шаклланмаган институтлар мавжуд. Айнан шу сабабдан минимал иш ҳақи тизими бўйича ислоҳотлар фақат рақамларни ўзгартириш эмас, балки бутун меҳнат муносабатлари тизимини қамраб олиши ва муҳими, мамлакатда эркин бозор механизмини тўлиқ таъминловчи комплекс чоралардан иборат бўлиши керак.

Форум

XS
SM
MD
LG