Линклар

Шошилинч хабар
05 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:23

Ўзбек сўми: 30 йилда қарийб икки минг баробар қадрсизланган валюта


Сўм - энг қадрсизланган валюталардан бири.
Сўм - энг қадрсизланган валюталардан бири.

Шу йилнинг 1 июлида Ўзбекистон миллий валютаси - сўм муомалага киритилганига 30 йил тўлади.

Тарихан қисқа 30 йилда ўзбек сўми дунёнинг энг қадрсиз валюталаридан бирига айланиб улгурди.

Буни АҚШ долларида муомала қилишни афзал биладиган оддий ўзбек пистафурушидан тортиб, ўқитувчилар маошини долларда ҳисоблайдиган мамлакат раҳбаригача эътироф этади.

Ўтган 30 йилда ўзбек сўмини буткул қулашдан асраб қолаётган нарса - хорижда, асосан Россияда ишлаётган ўзбек мигрантлари уйларига юбораётган қаттиқ валютадир.

Мустақиллик ва миллий валюта

2023 йил декабрида Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг хотиралар китоби нашрдан чиқди. Унда Назарбоев Россиянинг тушунарсиз монетар сиёсатидан чарчаб, Қозоғистон ва Ўзбекистон 1993 йилда ўз миллий валютасини жорий қилишга биргаликда келишганини баён қилади.

Қўшни республика ҳам рубль зонасида худди бизники каби муаммоларга тўқнаш келаётган, боз устига у биз билан мустаҳкам иқтисодий алоқаларга эга муҳим ҳамкоримиз ҳам эди. Мен президент Ислом Каримов билан бир-биримизга зиён етказмаслик учун, миллий валюталаримизни бир кунда, бир вақтда муомалага киритиш ҳақида олдиндан келишиб олгандим. Шундай қилдик ҳам”, деб ёзади Нурсултон Назарбоев, “Менинг умрим. Қарамликдан эркинликка” мемуарлар китобида.

СССР давлатлари орасидаги иқтисодий алоқаларнинг узилиши ва миллий валюталарнинг киритилиши оқибатида собиқ Иттифоқда оммавий қашшоқлашув бошланди.

Ўзбекистонлик тарихчи ва сиёсатчи Нигора Ҳидоятова Ўзбекистонда аҳолининг оммавий қашшоқлашуви 1990-йиллар бошидаги Павлов пул ислоҳотларидан кейин бошланганини айтади.

- Ўшанда барча собиқ Иттифоқ давлатлари ойликларни оширди, фақат Ўзбекистонда индексация қилинмади. Масалан, Оренбургда ўқитувчи 200 рубл олса, унинг маоши нархлар ошиши жараёнида 600 рублга кўтарилди. Фақат Ўзбекистонда на ойликлар, на нархлар ошиши кузатилди. Ўшанда Оренбургдан келиб энг арзон нархларда буюмларни сотиб олиш мумкин эди. Уддабуронлар буни бизнесга айлантиришди. Шундай кейин Ўзбекистонда ҳам товарлар ғойиб бўла бошлади, одамлар қийин аҳволга туша бошлади.

Сўров: Нарх-наво сизга қандай таъсир қилмоқда?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:56 0:00

Ўзбекистон 1991 йил 31 августда мустақилликка эришгани эълон қилганидан кейин ҳам мамлакатда совет рубли пул бирлиги сифатида муомалада қолаверди.

1992 йилнинг январидан истеъмол бозорини ҳимоялаш ва маҳсулотларни фақат Ўзбекистон фуқароларига сотиш учун бир марталик купонлар чиқарилди. 1993 йилнинг 22 ноябрига қадар газета қоғозида чоп этилган ва ташкилотининг муҳри уриладиган бир марталик купонлар амал қилган.

- Совет Иттифоқи инқирозга юз тутганидан кейин миллий республикалар миллий валюталарни тезлик билан жорий эта бошлади. Бу пайтда ягона валюта ҳақида бирор гап-сўз бўлмаган, чунки ягона бозорнинг ўзи йўқ эди. СССР парчаланганидан кейин бу республикалар фақат марказ билан иқтисодий жиҳатдан боғлиқ эди, холос. Натижада, Москвадек ўртакаш тузилма йўқ бўлганидан кейин ўзаро савдо Совет давридагига нисбатан 7 фоизга қулади.

Ягона сўм-купон шаклидаги валютанинг жорий этилишига эса Россиянинг Ўзбекистонни рубл зонасидан сиқиб чиқаргани сабаб бўлди ва рубл Черномирдин буйруғи асосида МДҲ давлатлари орасидаги тўлов воситаси сифатида ўз ҳаётини тугатди. Киритилган сўм-купонлар 1962-1991 йилларда амал қилган совет рубли билан биргаликда бирмунча вақт амал қилди. Бу ҳолат ўзбек сўмининг киритилишигача давом этди, дейди тарихчи Нигора Ҳидоятова.

Cўм купонлар
Cўм купонлар

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида параллел тўлов воситаси сифатида «сўм-купонлар»ни муомалага киритиш тўғрисида»ги 1993 йил 12 ноябрдаги №550-сонли қарори жорий этилди. Сўм-купонлар 9 ойдан ортиқ вақт муомалада бўлди.

Сўм муомалага киритилган 1994 йил 1 июл кунида валюта биржасида 1 АҚШ долларининг қиймати роппа-роса 7 сўм бўлган.

Дастлабки муомалага чиқарилган банкнот ва тангалар хорижий давлатларда тайёрланган.

Ҳайкалтарош ва рассом Пётр Анненков Ўзбекистон герби, паспорти ва бошқа рамзлари графикаси устида ишлаган уста. У ўзбек миллий валютаси ва бошқа символикасини яратиш махсус тузилган давлат комиссияси зиммасига юклатилганини эслайди:

- 1991 йилда Мустақиллик эълон қилиниши ортидан мени президент аппарати бошқарувчиси Зелимхон Ҳайдаров бошқа мутахассислар қаторида бу ишга жалб қилди. Мен у пайтда ўзбек паспорти, ёрлиғи ва герби устида ҳам ишлаётгандим. Бунинг учун бизни Германиянинг Мюнхен шаҳрига пул зарб этиш технологиясини ўрганиш учун юборишди. Кейинчалик пул, паспорт ва бошқа муҳим давлат белгилари Ўзбекистоннинг ўзида чоп этила бошланди.

1995-1996 йилларда банкнот ва тангаларни тайёрлашнинг тўлиқ циклини жорий этиш мақсадида Марказий банк қошида “Давлат белгиси” корхонаси ва унинг таркибида Қоғоз фабрикаси, Босма фабрика ва Зарбхона ташкил этилди ва пул ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу корхона ҳозирда “Давлат белгиси” ДУК деб юритилади.

- Жавлон Умарбеков ва Боҳодир Жалоловлар (Ўзбекистон халқ рассомлари - таҳр.) бевосита ўзбек пул бирлигини яратиш устида ишлашган. Ҳар бир белги бевосита Ислом Каримов тасдиғидан ўтарди, ҳар бирига у ўзининг фикрини қора қалам билан ёзиб чиқарди. Бизнинг сўмлар энг чиройлилардан бири саналди, уларнинг ҳимоя сифати юқори эди. Хато қилмасам, 45 та ҳимоя даражаси мавжуд эди сўмда. Немислар гербимизни чоп этишда майда деталлари кўплиги боис жуда қийналишганди. Биринчи ўзбек миллий валютаси Англияда 24 миллион долларлик контракт асосида чоп этилиб, олиб келинганди. Ҳар ҳолда, мураккаб бўлса-да, пул зарб этиш технологияси кейинчалик Ўзбекистонда жорий этилди, дейди ҳозирда Москвада яшаётган рассом Пётр Анненков.

"Ўзбек модели" инқирози

1990-йиллар ўрталарида Ўзбекистон жиддий иқтисодий муаммоларга юз тута бошлади.

Халқаро валюта жамғармаси огоҳлантиришларига қарамасдан ечим сифатида Марказий банк энг осон йўлни танлади: Иқтисодчи Комилжон Акрамов бу ҳақда Беҳзод Ҳошимовнинг «Ҳошимов иқтисодиёти» YouTube каналида ҳукумат оммавий пул чоп этиш вариантини қўллаганини эслайди.

Бир томондан, жаҳон бозорида олтин ва пахта нархининг тушиб кетиши, иккинчи томондан эса валюта бозорига катта миқдорда сўм массасининг кириб келиши мамлакат ичкарисидаги вазиятни янада мураккаблаштирди.

Иқтисодиётда юзага келган шок ҳолатидан чиқиш учун Ўзбекистон ҳукумати яна бир “осон йўлни” қўллайди.

2003 йилнинг 27 июнида Ўзбекистон ҳукумати ва Марказий банки «Миллий валютани халқаро жорий операциялар бўйича конвертациясини таъминлаш иш режаси» ни қабул қилди. Бу билан Ўзбекистонда эркин конвертация буткул ёпилди.

Эркин бозор бошқаруви ўрнини яна советча маъмурий бошқарув тизими эгаллади. Монопол давлат идоралари ҳукмронлиги бошланди.

Бунинг ортидан ҳукумат валюта бозоридаги мувозанатни тўғрилаш учун нақд пул устидан қатъий назорат ўрнатди. Шунинг учун нақд ва нақдсиз пул ўртасида катта фарқ пайдо бўлди.

Босмахона эса ўзбек иқтисодчилари йўл қўйган хатоларни тўғрилаш мақсадида пулларни чоп этаверди.

Эркин валюта айирбошлаш ва эркин бозорнинг йўқлиги инфляция домига тортилган мамлакат инвестиция жозибадорлигини йўқотди, ички ишлаб чиқаришга тўсқинлик қила бошлади, бозордаги рақобатни сўндирди ва қашшоқлашган аҳолининг оммавий меҳнат миграциясини авж олдирди.

Шу тариқа ўз уйида иш тополмаган ўзбеклар қўшни давлатларга йўл олди ва Ўзбекистон дунё бўйлаб энг кўп арзон ишчи кучи етказиб берувчи давлатлардан бирига айланди.

«Ўзбекистон» канали эфирида фикр билдирган иқтисодчи Комилжон Шамсиддинов Ислом Каримов даврида кўз-кўз қилинган иқтисодиётнинг “ўзбекча модели” ўзини мутлақо оқламаганини айтганди:

Ўша вақтда машҳур макроиқтисодчилардан бири, Халқаро валюта жамғармасининг бош директори ўринбосари Стэнли Фишер Ўзбекистонга келиб, президент Каримов билан учрашган, лекин барибир хато қарорлар қабул қилинишининг олдини ололмаганди. Шундан сўнг Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистондаги барча дастурларини ёпган ва доимий вакилини олиб кетган.

Каримов жорий қилган “ўзбек модели” то унинг ўлимига қадар давом этди.

Шавкат Мирзиёев иқтидорга келганидан кейингина муаммолар қутисининг чорак аср беркитилган қопқоғи очилди: ҳукумат протекционизм сиёсатидан воз кеча бошлади. 2017 йилнинг 5 сентябрида узоқ кутилган конвертация очилди.

Ўзбек сўмининг бир АҚШ долларига нисбатан расмий курси дастлаб 4210 сўмдан 8100 сўмгача туширилди.

Сўм тарихидан

Замонавий Ўзбекистон ҳудудида мавжуд бўлган давлатлар ҳар бири ўзининг пул бирлигига эга бўлган.

Қадимги Сўғд, Бақтрия ва Хоразмдан тортиб араблар кириб келгунга қадар бу ҳудудда турли пул бирликлари - аҳмонийлар дариклари, сўғдларнинг драхмалари, бақтрияликларнинг оболлари, кушонлар тангалари муомалада бўлган.

Араблар босқини давридан муомалага олтин (динор), кумуш (дирҳам), мис (фулус) лар кириб келди. Пул алмашинуви, айниқса Чингизийлар даврида авж олади, савдо алоқалари яна тиклана бошлайди.

Сўм пул бирликларининг энг қадимгиларидан бири. Фирдавсийнинг «Шоҳнома» асарида сўм “пул солинган халта” маъносида қўлланилган. Ушбу пул бирлиги баъзи туркий ва эрон халқлари орасида, кейинги даврларда эса Олтин Ўрда ва ундан кейинги давлатларда муомалада бўлган. Унинг турли даврларда қиймати ҳам турлича бўлган.

Масалан, ХIV асрда Олтин Ўрда хонлигида сўм атамаси кумуш қуймаларга нисбатан ишлатилган. Улар чўзинчоқ бўлаклар шаклида бўлган.

Рус князликларида Ўрданинг бу сўмлари “татар гривна”си деб аталган. Тарихчиларга кўра, рус князларига сўмларнинг бу шаклида Ўрдага товон тўлаш осон бўлгани айтилади. Зеро, мўғуллар томонидан ишғол қилинган рус князликларида тақрибан 200 йил пул чоп этиш тақиқланган.

14 аср охирларида Москва князи Дмитрий Донской олд томонида шамшир ва болта ёки хўрозли одам тасвирланган, орқа томонида Олтин Ўрда хони Ўзбекхон номи ёзилган биринчи шахсий пулларини зарб қилишга рухсат олади. Мустақил тадқиқотчилар бу пулларни "Тўхтамишхон тангалари" деб атайдилар.

Умуман олганда, Россияда пул бирликларининг кенг муаомалага киритилиши ва марказлашуви айнан Олтин Ўрда ва турк давлатлари таъсири остида кучайган.

Масалан, русларнинг “деньги” (пул) сўзи ҳам туркча “танга” сўзидан олинган. Россия Банк музейида сақланаётган тангалар бунга далил. “Алтын” - 3 тийинни, “полтина” ёки “полтинник” - ярим тийинни, “полтенги” ёки “полушка” - танганинг ярмиси ёки 50 тийинни билдирган.

Қадимги турк тилида мўйнаси қиммат жонзод — олмахон — "тийин" деб аталган. Унинг териси "тийин" сўзи пул қиммат бирлигини кўрсатадиган атама бўлиб қолган.

Ҳозирги ўзбек тилидаги "танга" сўзи, мутахассисларга кўра, қадимги турк тилидаги "тамға" сўзидан келиб чиққан бўлиб, қадимда ҳар бир ҳукмрон ҳокимлар турли металл, олтин, кумуш, мисларга ўз тамгасини босиб муомалага чиқарганлар ва бу пуллар "тамга" пул деб юритилган, кейинроқ бориб бу "танга" сўзига айланиб қолган.

Сўм сўзининг келиб чиқиши масаласида ҳам турли талқинлар мавжуд. “Сўм” сўзи илк бор 11 асрда яшаган Маҳмуд Қошғарийнинг «Девону луғатит турк» асарида олтин тангаларга нисбатан ишлатилгани баён қилинади. Унга кўра, туркий тиллар гуруҳидаги “сум” (сўм) сўзи “тоза” маъносини билдиради. Татар, бошқирд, қорачой, болқор, қабардин, черкес, чечен, ингуш ва осетин тилларида ҳам пул бирлиги норасмий равишда сўм ёки сом деб аталади.

Россия империяси парчаланиб, большевиклар ҳокимияти ўрнатилгач, янги тузилган давлатларнинг ўз пул бирликлари вужудга келади.

Сўмнинг қадрсизланиши

2004 йилдан бошлаб ўзбек сўми конвертация қилинадиган валюта ҳисобланади.

2019 йил август ойидан бошлаб эса Ўзбекистон Марказий банки сўмнинг "сузувчи курс" режимини ўрнатди.

Ўзбек миллий валютасининг ўта қадрсизланиб бориши аҳолининг истеъмол савати ҳажмининг ҳисобга олинмай келинаётгани манзарасида содир бўлди. Умуман олганда, “истеъмол савати”ни ҳисоблаш Ўзбекистонда атиги 4 йил олдин - 2020 йилда жорий этилган. Ислом Каримов даврида бу ҳақда ҳатто гапирилмаган ҳам.

Лекин “минимал истеъмол ҳаражатлар” тушунчасининг жорий этилиши мамлакатда маошлар миқдорининг ошишига жиддий таъсир ўтказмади: Ўзбекистон кўпдан бери дунёдаги аҳолисига энг кам иш ҳақи бераётган давлатлар йигирматалигига кириб келади.

Шу кунларда Президент ҳузуридаги Статистика агентлиги мамлакатда камбағаллик чегарасини аниқлаш учун фойдаланиладиган минимал истеъмол ҳаражатлари (МИҲ) миқдори аввалги 621 минг сўмдан 648 минг сўмгача оширилганини маълум қилди. Бу тақрибан 51 доллар деганидир. Мазкур сумма 1 майдан газ ва электр энергияси тарифлари ошиши билан боғлиқлиги айтилмоқда.

Агентлик маълумотларига кўра, 2023 йилда Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажми жорий нархларда 1 066,6 трлн сўмни ташкил этган. Бу ўртача алмашув курси бўйича 90,9 млрд АҚШ долларига тенг. Жон бошига ЯИМ миқдори қарийб 2 600 доллардан тўғри келмоқда.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимовнинг бундан бир неча йил олдин Ўзбекистонда “кунига 5,600 сўм, яъни 3,2 AҚШ доллари миқдорида маблағ ишлаб топган одам камбағал эмас” деган сўзлари тармоқларда кулги қилинганди.

Ўзбек сўми салкам 30 йил ичида АҚШ долларига нисбатан 1657 баробар қадрсизланган миллий валютадир.

Охирги йилларда Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари ҳисобланган Россия ва Туркия миллий валюталари қадрсизланиши фонида сўмнинг ҳам қадри пасайиши кузатилмоқда.

Мутахассислар собиқ Иттифоқ ҳудудида ўзбек сўмидан ҳам қадри пастроқ миллий валюталар борлигини гапиришади.

Аммо айни пайтда, экспертларга кўра, пул қадрсизланиб бориши иқтисодий ёки молиявий инқироз кўрсаткичи эмас.

Ўзбекистон учун яна бир йирик муаммо - яширин иқтисодиёт бўлиб қолмоқда. Расмий ҳисоб-китобларга кўра, 2005-2022 йилларда яширин иқтисодиёт ҳажми 31 фоиздан 53 фоизгача етган.

Расмий рақамларга кўра, ҳозирги кунда ҳам хизматларда 140 триллион сўм, қурилишда 50 трлн сўм, саноатда 40 трлн сўм маҳсулот «сояда» қолмоқда. 2019 йил ёзида Ўзбекистонда «Коррупциясиз соҳа» лойиҳаси ишга туширилганди. Бироқ, давлатда даромадлар устидан назорат тизими шаклланмагани туфайли ҳанузгача бирорта ўзбек олигархининг "Форбс" журнали рўйхатига тушмагани эътиборга молик.

Молиявий таҳлилчилар ўзбек сўми Марказий Осиёнинг бошқа давлатларидан ҳам юқори инфляцияга учрашига Ислом Каримов даврида жорий этилган молиявий механизмларни сабаб қилиб кўрсатди.

Экспертлар ўзбек сўмининг охирги пайтларда қадрсизланишига Россиянинг Украинага тажовузи, халқаро таъминот занжирларининг узилиши, логистик муаммолар, молиявий чекловлар ва санкциялар сабаб бўлаётганини айтишади

Улар бундай вазиятда Ўзбекистон янги савдо йўлларини топиши ва жаҳон молия бозорига кўпроқ интеграциялашиши керак, деган фикрда.

Форум

XS
SM
MD
LG