Линклар

Шошилинч хабар
16 Iyun 2026, Тошкент вақти: 22:31

Монополия чангалидаги аэропорт - Humo Air учоғи "таъмирда", сўхликлар яна ора йўлда

Cўх аэропорти 2021 йилда қуриб битказилган.
Cўх аэропорти 2021 йилда қуриб битказилган.

Ўзбекистоннинг тўлиғича Қирғизистон ичида жойлашган Сўх туманидан Фарғона марказига ҳаво қатнови май ойидан буён тамоман тўхтаб қолди.

Аслида, 2021 йилда фойдаланишга топширилган Сўх аэропорти тўлиқ қувват билан ишламаётган ва парвозлар тез-тез кечиктирилаётган эди. Сўхликларга кўра, бу ҳақдаги шикоятлари эътиборсиз қолаётганди.

Бунинг устига, Сўх туманидан Фарғонага ҳаво қатнови фақат Humo Air компаниясига берилгани ва бу фаолият учун давлат ғазнасидан катта миқдорда субсидия ажратилгани - экспертлар орасида бу йўналиш монополия қилинганига оид эътирозларни кучайтирган.

Ҳаво қатнови тамоман тўхтаб қолди

Фарғона вилояти Сўх тумани аҳолиси Humo Air компаниясининг, узилишлар билан бўлса-да, қатнаб турган учоғи май ойидан бери умуман қатнамаётганидан шикоят қилмоқда.

Узоқ йиллар автомобил йўлидаги чегара текширувлари ва чегарачилар зўравонлигидан йиллардан буён арз қилаётган сўхликлар авиарейслар сонини кўпайтиришни сўраб келаётган эди.

Сўхлик Фарходжон Қурбоновга кўра, амалда бунинг акси бўлмоқда - авиачипта нархи кескин оширилган, рейслар сони эса камайтирилган, май ойидан эса тамоман тўхтаб қолган:

- Олдинлари ҳафтасига 3 марта учарди. Кейинчалик фақат душанба куни учадиган бўлди. Ҳозир анча бўлди - учмаяпти самолёт. Сўхда 100 мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Яна бир муаммо - олдинлари чипта нархи 150 минг эди, ҳозир 280-300 минггача боряпти! Халқ бу нархни кўтара олмайди. Масалан, Фарғонадан Тошкентга учсангиз 195-200 минг сўм. Ваҳоланки Сўх билан Фарғона ўртасида 70-80 км чиқади. Халқ манфаатини ўйлаб, ҳаво қатновини тиклаб беришингизни сўраймиз, - дейди Қурбонов Озодлик билан суҳбатда.

Бундан ташқари, маҳаллий тадбиркорлар ҳам қийин аҳволда қолган.

Улардан бири - сўхлик Валихон Қозиев, одатан туманга бир бора келган сайёҳлар яна келиш истагини билдириши, аммо ҳозир кела олмаётганини айтади:

- Бир ҳафта олдин жойларимизни кўрган бир гуруҳ москвалик врач мен билан алоқага чиқиб, "Яна борамиз! Боришимизни ташкиллаштиргин", деб мурожаат қилишди. Мен уларга: "Тўхтаб туринглар. Сизлар Фарғонагача кела оласизлар, лекин Сўхгача самолёт учмаяпти", деб тўхтатдим. Уларни олиб келишга имконимиз йўқ. Самолёт бўлганида ҳафтасига 10-15 сайёҳ келарди. Лекин самолёт йўқ, мен тирикчиликдан қоляпман. Сайёҳларни Сўхга олиб келсам-у, чиқариб юборолмасам - балога қолиб кетаман.

Депутат сўровига жавоб

Сўхликлар мурожаатидан сўнг маҳаллий депутат Субҳонали Нишонов ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ҳукуматга мурожаат эълон қилди.

Депутат мурожаатига жавобан Humo Air авиакомпанияси директори вазифасини вақтинча бажарувчи Бакберган Рўзметов 10 июн куни имзолаган расмий мактуб тақдим қилинган.

Мактубда компания раҳбари парвозлардаги узилишлар учун йўловчилардан узр сўраган.

"Маълум қиламизки, ҳозирги вайтда компаниянинг ҳаво кемаси зарур таъмирлаш, техник хизмат кўрсатиш ҳамда айрим бутловчи қисмларни алмаштириш ишларини амалга ошириш учун вақтинча техник базада турибди. Мазкур чора фақат парвозлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинган", дейилади расмий жавобда.

Жамоат фаолининг айтишича, у шахсан аэропорт ходимлари билан ҳам суҳбатлашиб, Сўх аэропортида парвозлар камайгани сабабини сўраган.

"Менга берилган маълумотларга кўра, парвозлар билан боғлиқ жиддий муаммолар мавжуд бўлиб, учувчи билан мулоқотдан самолётнинг техник ҳолати, ёқилғи таъминоти ва молиявий масалалар юзасидан ташвишли фикрлар билдирилди", деб ёзди депутат.

Humo Air авиакомпанияси директорига кўра, зарур бутловчи қисмлар вақтида етказиб берилган тақдирда, ҳаво қатнови бир неча ҳафта ичида тикланиши мумкин.

Мирзиёев қурдирган аэропорт

Ўзбекистондан тамоман узилган Сўх туманидан Фарғона вилоятига авиақатнов, 2020 йилнинг майида Сўхда юз берган чегара можароларидан сўнг, президент Мирзиёев топшириғи билан йўлга қўйилган эди.

Ўша йили 31 майда Сўх туманидаги “Чашма” булоғи суви устида ўзбекистонлик ҳамда қирғизистонлик маҳаллий аҳоли ўртасида можаро чиққан, тўқнашувларда камида 187 ўзбекистонлик ва 25 қирғизистонлик жароҳатланган эди.

Можаро ортидан - 1 июн куни Бош вазир Абдулла Арипов туман марказига йиғилган юзлаб сўхлик билан шахсан учрашган, президент Мирзиёев номидан чегара, сув ва яйлов муаммосини ҳал қилиб беришни ваъда қилганди.

Можародан сўнг Ўзбекистон ҳукумати анклав аҳолисини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш ва уларни "катта ер" - Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти билан боғлашни кўзловчи махсус дастур қабул қилди.

Сўхда 2021 йил баҳорида қурилиши бошланган аэропорт рекорд даражадаги қисқа муддатда тугади — ўша йили 1 ноябр куни аэропорт расман очилди.

Ҳукуматнинг очиқланган режасига кўра, 6,8 млрд. сўм сарфланиб қайта қурилган Сўх аэропортига Фарғона вилоятидан кунлик рейслар йўлга қўйилиши керак эди.

Аммо, сўхликлар вазият ҳукумат режасидан тамомила фарқ қилишини айтмоқда. Озодликка айтилган шикоятларга кўра, Сўх аэропортида парвозлар мунтазам эмас, балки узоққа чўзилган кечикишлар ва аксар ҳолларда ҳафталик узилишлар билан амалга оширилаётганди.

Техник ва сиёсий сабаблар

Авиация экспертлари, Сўхга парвозларнинг озлиги техник жиҳатдан қатор мураккаб факторларга боғлигини қайд этади.

Асосий сабаб, Сўх аэропорти учиш йўлагининг калта - 700 метр эканидир.

Шу боис, бу ерга фақат кичик ҳажмли йўловчи учоқ, масалан Ан-2 ("Кукурузник") ёки Ўзбекистон сотиб олган Чехиянинг Let L-410 Turbolet енгил учоқларигина қўна олади.

Бундан ташқари, Сўх тоғли ҳудудда жойлашгани учун шамол йўналиши тез ўзгариши мумкин ва кичик учоқлар об-ҳаво ноқулайликларига жуда таъсирчан ҳисобланади.

Шунингдек, Сўхга қатнов - Қирғизистон ҳаво ҳудудидан ўтади ёки чегарага жуда яқин масофада ҳаракатланиш керак бўлади. Бунинг учун икки давлат ўртасида барқарор авиация ва сиёсий келишувлар амалда бўлиши лозим.

Гарчи кейинги йилларда икки давлат ўртасида йирик чегаравий муаммолар ҳал бўлган, делимитация ишлари якунланган, демаркация ишлари қарийб тугаган бўлсада, айнан Сўх эксклавидан қатновлар ҳануз муаммо бўлиб қолмоқда.

Монополия қўлига тушган ҳаво қатнови

Бундан ташқари, Сўх туманига парвозлар фақат Humo Air авиакомпанияси томонидан амалга оширилаётгани ҳамда бу фаолият учун давлат режаси асосида субсидия ҳам ажратилгани монополия билан боғлиқ тахминларни ўртага чиқармоқда.

Аксар экспертлар, жумладан иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, субсидия миқдори катта - 5,7 млрд. сўмни ташкил қилади:

“2024 йилда Сўхга парвоз қилувчилар учун 5,7 млрд. сўмлик субсидия ўзлаштирилиши кутилмоқда экан. Тармоқда ёзишлари бўйича, киши бошига 50 минг сўмдан субсидия берилган бўлсаям, 114 минг йўловчи Сўхга ёки Сўхдан учган бўлиши керак”.

Сўх аэропорти

Сўх аэропорти - "Uzbekistan Airports" АЖ бошқарувида, парвозлар хавфсизлиги ва ҳаво ҳаракатини бошқариш эса "Ўзаэронавигация" маркази томонидан амалга оширилади.

Техник кўрсаткичларига кўра, аэродромнинг учиш-қўниш йўлаги узунлиги 700 метр, эни эса 100 метрни ташкил этади.

Ўзбекистонликлар учун эксклав ҳудудида аэропорт қурилиши шунчаки иқтисодий лойиҳа эмас, балки стратегик ва гуманитар зарурат экани, муҳими сўхликлар учун бу - транспорт мустақиллигини бериши қайд этилади.

Бундан ташқари, аксар ҳолларда аҳволи оғир беморларни Фарғонага тезроқ олиб бориш ёки фавқулодда ҳолатларда жабрланганларни тезкорлик билан вилоят марказий шифохоналарга етказиш учун ҳам айнан ҳаво қатнови зарур эди.

Шу йилнинг апрел ойида президент туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан яна бир йиғилиш ўтказиб, Сўхда туризм ҳамда хизматлар соҳасини ривожлантириш учун яна 60 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб этилишини ваъда қилди.

Бош вазир Абдулла Арипов эса Сўх тумани аҳолисининг чегарадан ўтиб-қайтишини янада осонлаштириш учун икки давлат ҳукуматлари ўзаро келишувга эришганини ҳам маълум қилди.

Лекин ҳукумат раҳбарларининг ваъдаларига қарамай, Озодликка сўхликлардан келаётган шикоятларга кўра, йўл азоби камаймаган, чегарачиларнинг ноқонуний муносабатлари давом этмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG