Эронда Ҳоманаий ўлимининг 40 куни муносабати билан умуммиллий мотам
Эронда пайшанба куни (9 апрель) марҳум Али Ҳоманаий вафотининг 40 куни муносабати билан оммавий мотам тадбирлари ўтказилди.
Пойтахт Теҳрон кўчаларида тўпланган одамлар Эрон байроқлари ҳамда Ҳоманаий ва унинг ўғли — янги олий раҳбар Можтаба Ҳоманаий суратларини кўтариб чиқди.
Шаҳарда йирик хотира баннерлари ўрнатилди, айрим биноларда эса Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати байроқлари ҳам кўринди. Одамлар АҚШ–Исроил уруши бошланган 28 февраль куни Ҳоманаий ҳалок бўлган жой томон йўл олди.
АҚШ ва Эрон 8 апрель куни урушни тўхтатиш бўйича музокаралар олиб бориш учун вақтинча танаффусга келишган. Исроил Эронга ҳужумларни тўхтатишга рози бўлган бўлса-да, Ливандаги Эрон қўллаб-қувватлайдиган кучларга қарши амалиётларни давом эттиришини билдирган.
Ҳормуз бўғози хавфи сабаб нефть нархи қарийб 4 фоизга ошди
Пайшанба куни (9 апрель) нефть нархлари ошди. Бунга Яқин Шарқдаги икки ҳафталик, аммо мустаҳкам эмас ўт очишни тўхтатиш келишуви бўйича шубҳалар сабаб бўлди. Бозорларда Ҳормуз бўғози орқали энергия таъминоти чекланган ҳолда қолиши мумкинлиги ҳақида хавотирлар кучайди.
Brent нефти нархи 3,9 фоизга кўтарилиб, баррели 98,44 долларга етди. АҚШнинг WTI нефти эса 3,7 фоизга ошиб, 97,88 доллардан сотилди.
Бундан олдинги савдо сессиясида ҳар икки эталон нефть тури 100 доллардан пастга тушган эди. Бу ўт очишни тўхтатиш келишуви Ҳормуз бўғозининг қайта очилишига олиб келиши мумкин деган умидлар билан боғлиқ бўлган. WTI эса 2020 йил апрелидан бери энг катта пасайишни қайд этган эди.
ЕИ АҚШ ва Эрон ўртасидаги икки ҳафталик оташкесимни олқишлади
Европа Иттифоқи етакчилари АҚШ ва Эрон ўртасидаги икки ҳафталик оташкесимни олқишлади.
"Мен АҚШ ва Эрон кеча кечқурун эришган икки ҳафталик оташкесимни олқишлайман. Бу жуда зарур бўлган кескинликни пасайтиради", деди Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Лейен.
Европа Кенгаши президенти Антонио Коста Хда "минтақада барқарор тинчликка эришиш учун барча томонларни унинг шартларини бажаришга" чақирди.
"Қўшма Штатлар ва Эроннинг икки ҳафталик ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги эълонини олқишлайман. Мен барча томонларни минтақада барқарор тинчликка эришиш учун унинг шартларини бажаришга чақираман. Европа Иттифоқи давом этаётган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга тайёр ва минтақадаги ҳамкорлари билан яқин алоқада бўлиб қолади. Мен Покистон ва ушбу келишувга кўмаклашишда иштирок этган барча бошқа томонларга миннатдорчилик билдираман ", деди Коста.
Европа Иттифоқининг бош дипломати Кая Каллас сулҳ битими таҳдидларни юмшатиш, ракета ҳужумларини тўхтатиш, юк ташишни қайта бошлаш ва узоқ муддатли келишувга эришиш йўлида дипломатия учун жуда зарур имконият яратади", деди.
Ўзбекистон АҚШ ва Эрон ўртасидаги оташкесимни олқишлади
Ўзбекистон Покистон раҳбарияти воситачилигида Яқин Шарқда ўт очишни тўлиқ тўхтатиш ва сулҳ ўрнатилиши эълон қилинганини олқишлади.
“Мазкур саъй-ҳаракатларни кескинликни юмшатиш, сиёсий-дипломатик мулоқот ва ўзаро мақбул ечимларни топиш учун шароит яратиш йўлидаги муҳим қадам, деб ҳисоблаймиз.
Барча томонларни вазмин бўлишга, вазиятни яна кескинлашувига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга, шунингдек тинчлик ва барқарорликка эришиш мақсадида конструктив ҳамкорликни давом эттиришга чақирамиз.
Ўзбекистон можароларни фақат тинч йўл билан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми тамойилларига мувофиқ қатъий равишда ҳал этиш зарурлиги тўғрисидаги ўзгармас позициясини тасдиқлайди”.