Бровди: Новороссийскда "Адмирал Макаров" фрегатига зарба берилди
Украина ҳарбийлари Новороссийск портида турган "Адмирал Макаров" фрегатига зарба бергани ҳақида 6 апрелда Украина Қуролли кучларининг дрон тизимлари қўмондони Роберт Бровди маълум қилди. Айтишича, ушбу фрегат "Калибр" қанотли ракеталарини ташувчи кемалардан бири ҳисобланади. Бровдига кўра, зарба Қора денгиздаги "Сиваш" деб номланган сузувчи минорага ҳам берилган. Унинг зарар даражаси аниқланаётганини қўшимча қилган.
Бровдининг бу баёноти мустақил манбалар томонидан ҳозирча тасдиқланмаган.
Россиянинг Краснодар вилояти губернатори Вениамин Кондратьев Новороссийскка қилинган тунги ҳужум ҳақида маълумот берган, аммо порт ёки минорага зарба берилганини айтмаган. У фақат бир нечта корхона ҳудудида дрон парчалари топилганини билдирган.
Покистон АҚШ ва Эронга ўт очишни тўхтатиш режасини таклиф қилгани айтилмоқда
Reuters манбаларига кўра, Покистон АҚШ ва Эронга тинчлик режасини таклиф қилган. Келишувга эришилса, у 6 апрелдан амалга кириши мумкин. Режа дарҳол ўт очишни тўхтатиш ва Ҳурмуз бўғозида кема қатновини тиклашни назарда тутади. Шундан кейин томонларга 15–20 кун ичида кенгроқ битимни келишиш таклиф этилган. Якуний ҳужжат Исломободда имзоланиши эҳтимол. Аммо бу маълумотлар расман тасдиқланмаган.
Якуний келишув Эроннинг ядровий қурол ишлаб чиқармаслик мажбуриятини, эвазига санкцияларни бекор қилиш ва музлатилган активларни очишни ўз ичига олиши айтилмоқда. Музокараларни Покистон қўшинлари қўмондони Асим Мунир олиб борган.
Axios маълумотича, АҚШ ва Эрон 45 кунлик ўт очишни тўхтатишни ҳам муҳокама қилмоқда, аммо яқин 48 соатда келишув эҳтимоли паст. Бу эскалациянинг олдини олиш учун охирги уриниш сифатида баҳоланмоқда.
4 апрель куни АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон икки кун ичида келишувга рози бўлмаса, “қаттиқ зарбалар” берилишини айтган, аммо ҳужумларни 8 апрел соат 20:00гача кечиктирган.
Эронда душанба кунги зарбаларда камида 19 киши ўлгани айтилмоқда
Эрон давлат ахборот воситалари 6 апрел куни хабар қилишича, Теҳрон яқинида АҚШ ва Исроил томонидан амалга оширилган ҳаво ҳужумлари натижасида камида 19 киши ҳалок бўлган, 20 киши яраланган.
Расмий IRNA агентлигига кўра, Шаҳриёр ва Баҳористон туманларига кучли зарбалар берилган.
Тасним агентлиги ҳалок бўлганлар орасида олти нафар бола борлигини ёзди. Бу рақамларни мустақил манбалар орқали тасдиқлашнинг иложи йўқ.
Шунингдек, Исроил ахборот воситалари 6 апрелда Эрон Тел-Авив атрофига ракета ҳужумида кластер ўқ-дориларидан фойдаланганини маълум қилган. Ynet агентлигига кўра, тахминан 20та зарба нуқтаси аниқланган. Бир нечта одам яраланган, улардан бири оғир аҳволда. Бир мактабга ҳам зарба тегган.
Хайфа шаҳрида эса сал аввалроқ бўлган ҳужумларда икки киши ўлган ва бир нечта автомобиллар ёниб кетган.
Эронда жосуслик хизмати бошлиғи Ходамий ўлдирилди
Исроил армияси маълум қилишича, 6 апрел куни эрталаб амалга оширилган ҳужумда Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпуси (IRGC) Жосуслик хизмати бошлиғи Мажид Ходамий ҳалок бўлган. IRGC ҳам унинг ўлими ҳақидаги маълумотни тасдиқлаган, аммо қўшимча тафсилот бермаган, деб хабар қилди "Озодлик"нинг Эрон хизмати.
Исроил мудофаа вазири Исроил Кац Ходамийнинг ўлими ҳақида гапирар экан, ҳарбийлар “террорчи раҳбарларни йўқ қилишни давом эттираётганини” айтган. Унга кўра, “Эрон раҳбарлари ўзларини доим таъқиб остида ҳис қилмоқда ва Исроил уларни бирма‑бир топиб боради”.
Ходамий бу лавозимга 2025 йил июнида тайинланган. Ундан олдинги раҳбар Муҳаммад Козимий ҳам Исроил зарбаси натижасида ҳалок бўлган.
2026 йил январь ойида АҚШ Молия вазирлиги Ходамийга санкция жорий қилган. Баёнотда айтилишича, у разведка хизмати орқали “зўравонлик, асоссиз қамоққа олиш ва қўрқитиш йўли билан норозиликларни бостиришга қаратилган миллий кампанияни қўллаб‑қувватлаган”.