Ан‑26 самолёти ҳалокатида рус генералининг ўлгани тасдиқланди
Аннексия қилинган Қримдаги авиаҳалокатда ҳалок бўлганлар орасида Россиянинг Шимолий флот Ҳаво кучлари ва ҳаво мудофааси бўйича 45‑армия қўмондони Александр Отрощенко ҳам борлиги тасдиқланди. Бу ҳақда Мурманск вилояти губернатори Андрей Чибисга таяниб, “Интерфакс” хабар берди.
Аввалроқ BBC рус хизмати манбалари ҳам генералнинг ҳалок бўлгани ҳақида ёзган эди.
31 март куни Ан‑26 ҳарбий‑транспорт самолёти Куйбишево қишлоғи яқинида қулаган. Мудофаа вазирлигига кўра, ҳалокатда 29 киши — олти экипаж аъзоси ва 23 йўловчи — ўлган.
Вазирлик самолётга ташқи зарба бўлмаганини билдирган ва дастлабки сабаб сифатида техник носозлик кўрсатилган.
Телеграмдаги “Досье шпиона” канали ёзишича, Отрощенко билан бирга Шимолий флот штабида хизмат қилган олти офицер ҳам ҳалок бўлган.
Отрощенко 2024 йилдан Шимолий флотнинг қўшма авиация корпусига раҳбарлик қилган. Ундан олдин Қора денгиз ва Шимолий флот морской авиациясига, шунингдек, Шимолий флотнинг 45‑армиясига қўмондонлик қилган. 2019 йилда у генерал‑лейтенант унвонини олган.
“Медиазона” ва BBC ҳисобларига кўра, Отрощенко - Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан бери ўлган 14‑генерал ва 5‑генерал‑лейтенант.
CNN: АҚШ Эрондаги урушда камида еттита самолётини йўқотди
CNN телеканали ҳисоб-китобига кўра, АҚШ Эрондаги уруш давомида камида еттита самолётини йўқотган.
Улар орасида 3 апрел куни Эрон ҳаво мудофааси томонидан уриб туширилган F‑15E Strike Eagle ҳам бор. Бу учоқдаги иккита учувчини АҚШ томони қутариб олган.
Шунингдек, A‑10 Thunderbolt II самолёти F‑15 учувчисини қутқариш операцияси пайтида ёниб кетган.
CNN ёзишича, 2 март куни учта F‑15 учоғи Кувайт ҳаво мудофааси томонидан уриб туширилган. 12 мартда Ироқда KC‑135 самолёти қулаган ва ундаги олти нафар экипаж ҳалок бўлган. 27 мартда эса E‑3 Sentry самолёти Эрон АҚШнинг Саудия Арабистонидаги ҳаво базасига зарба берганида йўқ қилинган.
Бундан ташқари, март ойида F‑35 самолёти Эрон кучлари томонидан ўққа тутилгандан кейин Яқин Шарқдаги бир ҳаво базасига мажбурий қўнишга мажбур бўлган.
CBS News ёзишича, қутқарув операцияси пайтида АҚШ томони Эрон эгаллаб олмасин деган мақсадда иккита учоғини йўқ қилган.
Новороссийск: дронлар ҳужумида нефть терминалига шикаст етди
Россия Новороссийскда дронлар ҳужуми натижасида саккиз киши яраланганини билдирди. Краснодар губернатори Вениамин Кондратьевга кўра, олтита кўп қаватли ва иккита хусусий уй зарарланган, дрон парчалари бир нечта корхона ҳудудида топилган.
ASTRA ва бошқа манбалар “Шесхарис” нефть терминали ҳам зарар кўрганини ёзди. Бу терминал Россия жанубида нефть ва нефт маҳсулотларини сақлаш ва танкерларга юклаш бўйича асосий объект ҳисобланади. У “Транснефть” таркибидаги “Черномортранснефть”га тегишли. Терминал 500 минг тоннагача хомашё қабул қила олади.
Бу терминалга аввал ҳам ҳужум қилинган — 2 мартдаги зарбадан кейин у бир ҳафта ишламаган. Bloomberg манбасига кўра, ўша пайтда дронлар саккизта юклаш майдончасидан олтитасига зарар етказган.
Россия Мудофаа вазирлиги 198 та украин дрони уриб туширилганини маълум қилди. Украина бу ҳақда ҳозирча изоҳ бермаган.
Уруш шароитида маълумотларни мустақил текшириш имкони йўқ.
Одессага кучли зарба берилди, ҳалок бўлганлар бор
Рус армиясининг оммавий ҳужуми оқибатида Украининг Одесса шаҳрида яна уч киши ҳалок бўлди. Қурбонлар орасида бир нафар бола ҳам борлигини шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Лисак маълум қилди. Яна 15 киши жароҳат олган.
Украина томони Россия 6 апрелга ўтар кечаси мамлакат ҳудудига 141 дрон билан ҳужум қилганини, уларнинг 114 таси уриб туширилганини айтмоқда.
Приморск туманида кўп қаватли битта турар-жой мажмуаси ва еттита хусусий уйга зарар етган. Киев туманида эса бир кўп қаватли бино, бешта хусусий уй, хусусий мактабгача таълим муассасаси, бир дўкон ва 27 та автомобил шикастланган.
Россия бунга ҳозирча муносабат билдирмади. Одатда Москва Украинада фуқаролик инфратузилмасига қасддан зарба берилаётганини инкор этиб, ҳарбий объектлар нишонга олинишини таъкидлаб келади.
Уруш шароитида хабарларни мустақил текшириш имконияти мавжуд эмас.