Татарстондаги портлаш қурбонлари етти кишига етди
Татаристондаги “Нижнекамскнефтехим” заводидаги портлашда ўлганлар сони жума кунги маълумотларга кўра, етти кишига етди. Яна беш киши бедарак йўқолган.
“Сибур Нижнекамск – Нижнекамскнефтехим” компанияси кимё заводи ҳудудида 31 мартда куни юз берган портлашдан кейин 24 киши касалхонага тушганини билдирди. Улар Нижнекамск, Қозон ва Москва шифохоналарига ётқизилган.
Аввалроқ 3 киши ҳалок бўлгани ва 70 дан ортиқ одам жароҳат олгани ҳақида хабар берилган эди. 1 апрель куни Нижнекамскда уч кунлик мотам эълон қилинган.
Расмий маълумотларга кўра, ҳодисага “жихозлардаги носозлик” сабаб бўлган.
“Нижнекамскнефтехим” ПАО СИБУР компаниясига тегишли. Ишхона сайтидаги маълумотга қараганда, у дунёдаги энг йирик синтетик каучук ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланади. Шунингдек, у Россия саноат вазирлиги ҳарбий-саноат корхоналари рўйхатига киритилган.
Херсонда дрон микроавтобусга портловчи модда ташлади
Дунёнинг кўплаб мамлакатларида, жумладан Украинада ҳам Пасха диний байрами нишонланаётган айни дамда рус армиясининг ҳужумлари тўхтамади.
3 апрел куни Херсон вилоятида микроавтобусга қилинган ҳужумда етти киши яраланган. Вилоят прокуратураси маълумотига кўра, дрон Днепровский туманидаги микроавтобусга портловчи модда ташлаган.
Шунингдек, Пасха арафасидаги Қутлуғ жума кечаси Россия қўшинлари Харков, Киев вилояти ва бошқа ҳудудларни ҳам ҳужумга тутди. Натижада уйларга, боғларга ва савдо марказларига зарар етгани хабар қилинмоқда. Суми вилоятидаги Шостка шаҳрига ташланган тўртта авиабомба оқибатида 59 ёшли аёл ҳалок бўлгани, унинг қариндошлари яралангани айтилмоқда.
Россия томони бу айбловларга ҳозирча муносабат билдирмади. Одатда Москва Украинада фуқаролик инфратузилмасига қасддан зарба берилаётганини инкор этиб, ҳарбий объектлар нишонга олинишини таъкидлаб келади.
Қувайтдаги йирик нефть заводига зарба берилди
3 апрель куни эрталаб Қувайтдаги йирик нефть қайта ишлаш заводига дрон ҳужуми амалга оширилди. Бу ҳақда давлатга қарашли Kuwait Petroleum Company (KPC) хабар берди.
Баёнотга кўра, Мина ал-Аҳмадий нефть заводи “қасддан қилинган дрон ҳужуми”га учраган ва натижада бир нечта ишлаб чиқариш бўлимларида ёнғин чиққан.
Компания маълумотича, фавқулодда хизматлар ёнғинларни назоратга олиш устида ишламоқда ва ҳозирча жабрланганлар ҳақида маълумот йўқ.
Мина ал-Аҳмадий Кувайт ва бутун Қўлтиқ минтақасидаги энг муҳим нефть заводларидан бири ҳисобланади.
АҚШ ва Исроилнинг 28 февралдан бери Эронга бериб келаётган зарбаларидан сўнг, бир ойдан ортиқ вақтдирки, Эрон қўшни Қўлтиқ давлатларига дрон ва ракета ҳужумлари уюштириб, уларнинг энергетика объектларини нишонга олмоқда.
Ҳурмуз бўғози бўйича резолюцияга овоз бериш кечиктирилди
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Хавфсизлик Кенгаши Ҳурмуз бўғозида Эрон ҳужумларидан кемаларни ҳимоя қилиш учун “мудофаа кучларидан фойдаланиш”га рухсат берадиган резолюция лойиҳаси бўйича овоз беришни кечиктирди. 3 апрель куни ўтказилиши керак бўлган йиғилиш Қутлуғ Жума байрами муносабати билан кейинга қолдирилди. Янгиланган сана ҳали белгиланмаган.
Якуний лойиҳага кўра, аъзо давлатлар ёки кўпмиллатли денгиз шерикликлари “зарур мудофаа чораларини” қўллаши мумкин бўлади. Чора камида олти ой амал қилади ва унинг фақат мудофаа характерига эга экани таъкидланади.
Резолюцияни Баҳрайн тақдим этган. Унинг БМТдаги элчиси Жамол Алроваиеи минтақадаги вазиятни “иқтисодий терроризм” деб атади. Қўлтиқ ҳамкорлик кенгаши (GCC) ҳам Эрон ҳужумларига қарши денгиз йўлларини ҳимоя қилиш ташаббусини қўллаган.
Резолюцияни АҚШ қўллаб-қувватламоқда, аммо Россия ва Хитой қарши чиқмоқда. Хитой куч ишлатиш вазиятни кескинлаштиришини айтган, Россия эса ҳужжатни “Эронга қарши бир томонлама чора” деб атаган. Бир кун аввал Франция президенти Ҳурмуз бўғозини куч билан очиш амалиёти реал эмаслигини билдириб, Эрон билан ҳамкорликка чақирган.
Айни дамда, Bloomberg нашри манбаларига таяниб хабар беришича, АҚШнинг иттифоқчилари Ҳурмуз бўғозида кема қатновини Вашингтон иштирокисиз тиклаш сценарийларини муҳокама қила бошлаган.